Оёқ томирлари кўкарса…

Қон-томир муаммолари бутун дунёда кенг тарқалган касалликлар сирасига киради. Айниқса, кейинги пайтларда кўпчилик инсонларда варикоз хасталиги тез-тез учрамоқда. Хўш, бунинг асосий сабаби нима? Хасталикнинг келиб чиқишига қандай омиллар сабаб бўлади?

Айтиш лозимки, айрим кишилар варикозни фақат эстетик муаммо, деб ўйлайди. Бироқ касалликка ўз вақтида эътибор берилмаса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин!
Мазкур хасталикка кўпроқ аёллар мойил бўлади. Бунинг асосий сабаби эса ҳомиладорликдир. Яъни уларда 25-45 ёшлар оралиғида варикоз кўп кузатилади. Қолаверса, эркаклар ҳам 45-50 ёшларда ушбу касалликка чалинишга мойил бўлади.
Маълумки, вена қон томирлари организмда қон айланишини таъминлайди. Бироқ юза веналарининг кенгайиши, клапанлар яроқсизлиги ва веноз қон оқишининг бузилиши сабабли веналарнинг варикоз кенгайиши кузатилади.
Хасталикнинг келиб чиқишига ирсият, узоқ муддат тик оёқда туриш, ҳомиладорлик (бачадоннинг бошқа органларга кучли босими, қон томирларини сиқиши), семириш, бириктирувчи тўқиманинг туғма заифлиги, кам ҳаракатлик, гормонал дориларни қабул қилиш, гормонал ўзгаришлар, эндокрин касаллик­лар, юқори веноз босим, сурункали касалликларнинг ривожланиши каби бир қанча омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Веналарнинг варикоз кенгайишида бир неча босқич фарқланади.

Илк босқичда иш кунидан сўнг оёқларда оғирлик ва чарчоқ, кеч тушгандан кейин тўпиқ, оёқ ва пастки оёқнинг шиши кузатилади. Бундай ҳолда барча аломатлар тунги дам олишдан сўнг ёки фаол юришдан кейин йўқолади.
Шунингдек, оёқларнинг тез толиқиши, болдир соҳасида веноз тугунчалар пайдо бўлиши, тик турганда веналарнинг бўртиб чиқиши, тери қичишиши ва экземасимон дерматит ҳамда бошқа қатор белгилар ривожланади. Агар уларга ўз вақтида эътибор берилмаса, болдир соҳасида трофик яралар пайдо бўлиши, ўткир тромбофлебит, варикоз тугунининг ёрилиб қон кетиши, ҳатто, ўлим ҳолати кузатилиши мумкин.


Шу боис касалликнинг дастлабки аломатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокор (қон томир жарроҳи)га мурожаат қилиш керак.


Хасталикка чалинмаслик учун вазнни меъёрда сақлаш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, сурункали равишда жисмоний зўриқишдан ва узоқ вақт тик оёқда туришдан ҳимояланиш, тор кийим ва баланд пошнали пойабзал киймаслик тавсия этилади.

Ёдда тутинг – ҳар қандай хасталикни уй шароитида мустақил даволагандан кўра мутахассис тавсияси билан даволаш мақсадга мувофиқдир.

Алишер ДАВРОНОВ,
РШТЁИМ Навоий филиали
даволаш ишлари бўйича
директор ўринбосари

Яна ўқинг:  Пародонтоз насл сурадими?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: