Кесарча кесиш амалиёти илк бор қачон ва қаерда ўтказилган?

Шифокорлар она ва бола ҳаётига хавф солувчи омилларни тарозига солиб,чуқур таҳлил ва мушоҳададан сўнг кесарча кесиш амалиётини таклиф қилишади. Ушбу амалиёт аниқ кўрсатмалар бўлгандагина бажарилади. Операция режали ёки шошилинч ўтказилиши мумкин. Хўш, туғуруқнинг бу усули қачон пайдо бўлган? У илк маротаба қаерда ва ким томонидан амалга оширилган?

Ғайриоддий болалар …


Кесарча кесиш амалиёти қайси даврда юзага келгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Айрим манбаларда ёзилишича, ҳомиладор аёл кўзи ёримай вафот этса, болани сақлаб қолиш мақсадида қорин териси кесилган ва гўдак қутқариб олинган. Аммо бу кесарча кесиш дейилмаган. 1500 йилга қадар бўлган тарихий манбаларда кесарча кесиш амалиёти туғуруқнинг ноодатий усули, деб ҳисобланган. Мазкур йўл билан дунёга келган болаларни ғайриоддий тилсимга эга, деб ўйлашган.

Цезарнинг нима алоқаси бор?


Кўп йиллар давомида кесарча кесиш атамаси Юлий Цезарь номи билан боғланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Рим императорининг рафиқаси туғуруқ пайтида вафот этади. Шошиб қолган доя ҳомила тириклигини билиб, уни қутқариб қолишга ошиқади ва аёл қорнини ёриб, болани олади. Бу чақалоқ – Юлий Цезарь бўлган. Шу воқеадан сўнг ушбу жарроҳлик амалиёти императорнинг грекча номи «Кесар» деб атала бошланган.
Бошқа тарихий манбаларда ёзилишича, кесарча кесиш атамаси Юлий Цезарь туғилгунига қадар қўлланилган. Хусусан, эрамиздан аввалги VII асрда яшаган қадимги рим подшоҳи Нум Помпилий шундай қарор чиқарган: ҳомиладор аёл вафот этса, ҳомила она қорнидан олинмагунича жасадни дафн этишга рухсат берилмайди. Қадимги Римда «кесар» император унвонларидан бири бўлган.

Катта шов-шувга сабаб бўлган


«Mlada Fronta Dnes» (Чехия) нашрида чоп этилган мақолада энг биринчи кесарча кесиш амалиёти (ҳозирги тиббиёт меъзонларига мос келувчи) 1337 йил Прагада ўтказилгани ҳақида ёзилади. Операция муваффақиятли якун топиб, она-бола ҳаёти сақлаб қолинган.
Бунга қадар тирик аёлда болани сақлаб қолиш мақсадида ўтказилган жарроҳлик амалиёти 1500 йил швейцариялик шифокор Якоб Нюфер томонидан амалга оширилган, дейиларди. Айтилишича, Нюфер кесарча кесиш ёрдамида рафиқаси ва фарзандининг ҳаётини сақлаб қолган. Воқеа аслида бундай бўлган: Нюфернинг рафиқаси биринчи фарзандига ҳомиладор эди. Ой куни етганида аёлнинг туғуруқ дарди бир неча кунга чўзилади. Унга ёрдам бериш учун тўпланган 13 та доя ҳеч нима қила олмайди. Шунда жарроҳликдан хабари бўлган Нюфер тегишли ташкилотлардан рухсат олиб, қорин бўшлиғини кесиш амалиётини ўтказади. Операция омадли ўтади. Шундан кейин Нюфернинг рафиқаси яна еттита фарзандни дунёга келтиради. Шулардан иккитаси эгизак бўлган.
«Mlada Fronta Dnes»да ёзилишича, чехия­лик тарихчи, олим ва тиббиёт фани мутахассислари қироллик оиласига оид тарихий ҳужжатларни ўрганиш давомида жарроҳлик амалиёти тўғрисидаги маълумотларга дуч келишган. Ҳужжатда, Чехия қироли Иоган Люксембургснинг рафиқаси Беатрис де Бурбон хонимнинг кўзи ёриши қийин кечгани ҳамда шифокорлар қоринни ёриш орқали болани қутқариб қолиш операциясини муваффақиятли ўтказишгани қайд этилади. Жарроҳлик амалиётидан сўнг она ва бола ўзларини яхши ҳис қилишган.
1870 йилга қадар шифокорлар қорин бўшлиғида жарроҳлик амалиётини ўтказишга хавфсирашган. Чунки у пайтлари анастезия воситалари бўлмаган. Камдан-кам ҳолларда кесарча кесиш асоратларсиз ўтган.
1876 йили итальян шифокори Эдуард Перро амалиёт вақтида бачадонни олиб ташлаш усулини таклиф қилади. Бу кесарча кесишдан кейин кузатиладиган қон кетиши ва яллиғланиш жараёнлари туфайли келиб чиқадиган аёллар ўлимини 25 фоизга қисқартирди.
1882 йили тиббиёт тарихида янги усул қўлланилди: бачадонга чок туширилди. Бу аёллар ўлими сонини икки баравар қисқартирилишига хизмат қилди.
XX асрда антибиотиклар даври бошланди. Шифокорлар ҳар бир операциядан сўнг антибиотик препаратларини қўллай бошлашди ва бу амалиётдан кейин кузатиладиган асоратларни сезиларли камайтирди.

Яна ўқинг:  ЗАРАРЛИ ИЛЛАТ

Дилдора НАЗАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: