Кулгу – шифо
Икки руҳий хаста бемор фильм томоша қилиб ўтиришарди. Бири иккинчисига деди:
– Минг сўмдан гаров ўйнаймизми? Йигит, албатта, кўприкдан ўзини сувга ташлайди !
– Ташламайди.
Гаров ўйнашди. Йигит ҳақиқатан ҳам кўприкдан ўзини сувга ташлади. Ютқазган жинни аста чўнтагидан минг сўм чиқариб шеригига узатди.
– Керакмас, – деди шериги. Бу фильмни илгари кўрганман.
– Мен ҳам кўрганман, аммо иккинчи марта ҳам ўзини сувга ташлашига ишонмаган эдим.
***
Профессор талабаларни беморлар ётган хоналар бўйлаб олиб юрибди.
– Тажрибали шифокор беморнинг кўринишига, кўзларига, рангига қараб, касалликни аниқлай олади. Масалан, мана бу беморнинг ташқи кўринишига аҳамият беринглар. Унинг кўкрак қафаси кенгайган. Одатда бу хасталик мусиқа асбобларини пуфлаб чаладиганларда учрайди. . .
У шундай дея, беморга юзланди:
– Хўш, айтинг-чи, сиз чиндан ҳам бирон мусиқа асбобини чаласизми?
– Ҳа, албатта, тўғри топдингиз, профессор.
– Ана, кўрдингларми? – хурсанд қараб қўйди профессор талабаларга, кейин яна беморга қаради. – Қани, айтинг-чи, қандай мусиқа асбобини чаласиз ?
– Ноғора чаламан…