ЁШ ДЗЮДОЧИЛАРИМИЗ – ИККИНЧИ ЎРИНДА
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида дзюдо бўйича эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги жаҳон кубоги якунланди.
Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) шафелигида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Дзюдо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур мусобақада мамлакатимиз спортчиларидан ташқари, Япония, АҚШ, Канада, Беларусь, Арманистон, Исроил, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия ва Афғонистон каби давлатлардан 100 нафардан зиёд дзюдо устаси ғолиблик учун куч синашди.
Президент Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш, замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш ва зарур шароитни яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида мамлакатимизда халқаро миқёсдаги мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари юқори савияда ўтказиб келинмоқда. Халқаро дзюдо федерацияси томонидан жорий йилги жаҳон кубоги ҳамда 2013 йили ўтадиган “гран-при” туркумидаги халқаро турнирга мезбонлик қилиш ҳуқуқининг Ўзбекистонга берилгани ҳам юртимиз спорт салоҳиятининг яна бир жаҳоний эътирофи бўлди.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркиби шу йилнинг октябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган “гран-при” туркумига кирувчи турнирга тайёргарлик кўраётгани боис пойтахтимиз мезбонлик қилган жаҳон кубогида юртимиз шарафини асосан ёш спортчилар ҳимоя қилди.
Эркаклар ўртасидаги беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бир олтин, 4 кумуш ва 8 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
Мусобақанинг вазни 73 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида ўзбекистонлик Мирали Шарипов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Ўткир Қурбонов, Диёрбек Ўрозбоев, Ҳамиджон Мўминов ва Арсен Бабаян кумуш медални қўлга киритган бўлса, Авазбек Қўрғонов, Улуғбек Норқобилов, Шуҳрат Арслонов, Эркин Дониёров, Сойиб Қурбонов, Фахриддин Шарипов, Болтабой Болтаев ва Одилжон Тулендибоев бронза медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, япониялик Наохиса Такато, Кейта Нагашима, Юя Йошида, Дайсуке Кобаяши, Такеши Ожитани, россиялик Абдулла Абдулжалилов жаҳон кубоги мусобақасининг олтин медалини қўлга киритди.
Хотин-қизлар ўртасида ҳамюртларимиздан Виктория Оздаева кумуш медални қўлга киритган бўлса, Нодира Гулова, Дилдора Убайдуллаева ва Шоҳиста Сафарова кучли учликдан жой олди.
Исроиллик Шира Ришони, Ярден Герби, Лиор Уилдикан, беларуслик Марина Слутская, арманистонлик Жанна Станкевич, қозоғистонлик Александра Подрядова ва Анар Сейтимова олтин медаль билан тақдирланди.
Байрам АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири