Бир нафар ўқувчи учун ўқув қуроллари 200 минг сўмдан ошади. Бу арзонми ёки қиммат?

ЎзА мухбирлари бу саволга жавоб топиш учун пойтахтимизда ташкил этилган мактаб ярмаркаларида бўлди.

«Чорсу» бозорида ташкил этилган мактаб ярмаркаси харидорлар билан гавжум. Тадбиркорлар томонидан тавсия қилинаётган ўқув қуроллари, мактаб учун зарур бошқа анжомлар, кийим-кечаклар нархи билан қизиқдик.

Ўзимизни таништирдик-да, маҳсулотлар нархини сўрадик. 12 варақли дафтар 400 сўм, 48 варақли дафтар 1500 сўм, расм дафтарлари 2000 сўм экан. Сотувчининг гапларига ишонган эдик ҳамки, шу пайтда бизни ҳам харидор, деб ўйлади шекилли, навбат рангли қаламларга келганида унинг шериги “беш минг сўмдан бошланади”, деди. Шунда биз суҳбатлашаётган сотувчи унга таҳдидли оҳангда гапга аралашмаслигини таъкидлади.

Англадикки, сотувчиларимиз ҳам ўз ишига виждонан ёндашаётгани йўқ. Ким эканимизни билгач, ҳатто алдашга ҳам уринишмоқда.

Шундан сўнг бошқа сотувчилар билан харидор каби муомалага киришдик.

Мактаб сумкаларининг нархини билишга қизиқдик.

– 65 минг сўмдан бошланиб, 165 минг сўмгача боради, хоҳласангиз, бундан ҳам қимматроғларини кўрсатаман, Хитойники, – деди бир сотувчи.

Расм дафтарларининг энг кичиги 4,5, 36 варақли дафтар 1,5, 48 варақли дафтар 1,7 минг сўм, рангли қаламларнинг энг арзони 10 минг сўмдан бошланишини айтишди.

Маълум бўлдики, ота-она битта фарзанди учун керакли ўқув қуролларининг ўртача нархдагисидан оладиган бўлса, тахминан 200 минг сўмдан ошади. Унга сумка ва кийим-кечакни ҳам қўшсангиз, камида 700-800 минг сўм керак бўлади.

Сотувчилар харид қилганингизда нархи арзонига учмасликни, улар сифатсиз эканини кўп такрорлайди. Шундай пайтда сотувчига қараб «раҳмат-э, виждонингиз уйғоқ экан», деб юборасиз. Аммо яроқсиз ўқув қуроллари ишлаб чиқаришга бош бўлаётган ёхуд четдан олиб келаётган тадбиркорларга нима дейсиз?! Ҳар қалай, раҳмат айтмаслигингиз аниқ.

Агар битта фарзандингиз мактабга борса хўп-хўп, улар иккита бўлса-чи ёки учта бола учун қанча харажат қилишингизни энди айтмасак ҳам биласиз.

Имконияти етган ота-она фарзанди учун қилар, аммо беш қўл баравар бўлмаганидек, бунга ҳамма юртдошимизнинг ҳам қурби етмаслиги сир эмас. Яхшироғидан олиб берай деса, чўнтак кўтармайди, сифатли нарса эса қиммат, фарзандининг кўнгли ўксиши эса яна аламли.

– Тўртта набирамга мактаб бозори қиламан, – дейди Нигора ая Бўронова. – Биттасиники енгилроқ, бу йил 1-синфга чиқаяпти. Қолганлари юқори синфларда ўқийди. Ўғил набирамга мактабдан тўқ кўк рангли нимча ва шим олишни айтишибди. Сўраб кўрсак, икки юз минг сўм, дейишаяпти. Бу қиммат-ку! Унинг кўйлаги, костюми, спорт кийими каби қўшимчалари ҳам бор. Ҳаммасини ҳисобласак қанча бўлади?! Келиним ва ўғлим икки ойдан буён мактаб бозорига, деб пул йиғади. Ўзим ҳам пенсиямдан қўшимча қилаяпман. Қимматлигини айтсангиз, сотувчилар “четдан келтирилган“, дейди. Ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар қаердан олиб келинаётган бўлса ҳам, арзонроқ ва муҳими, бир хил нарх бўлиши тарафдориман.

Яна ўқинг:  Тарихий обидаларда смарт-технологиялар жорий қилинади

 

Ўқув қуролларининг сифатига ким жавобгар?

Ҳар йили 10 августдан 10 сентябргача ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларини ҳам кутмасдан, тадбиркорлар июль ойиданоқ барча жойларда мактаб учун керак бўладиган буюмлар савдосини бошлаб юборади, савдо эса авжига чиқади. Нимаики ахтарсангиз, истаганингиздан ҳам зиёди бор. Аммо уларнинг сифати қандай?

– Ўғлимга устози айтганидек, ёзув ва математика дафтари олиб бергандим. Қоғози жуда силлиқ. Шундан сифати жуда юқори, деб билдим. Аммо фарзандим ёзишга жуда қийналди, – дейди Шоира Узоқова. – Турли хилдаги ручкалардан олиб бердим. Қизиқ, ручка ёзмайди. Бошида фақат менинг ўғлим шундай қийналяпти, деб ўйладим. Устозидан сўрасам, бошқа болаларда ҳам шундай муаммо бўлаётган экан. Сабабини била олмадим. Айб дафтардами ёки ручкада? Ёза олмагач, фарзандим ҳам тез-тез асабийлашадиган бўлди.

Мамлакатимизда тадбиркорликка кенг йўл очилиб, улар фаолияти ҳар томонлама рағбатлантирилмоқда. Аммо бу ишончни суиистеъмол қилаётганлар ҳам учраб турибди. Бугунги кунда «енгилнинг остида, оғирнинг устида юриб», кун кўрадиган “тадбиркорлар” ҳам бор. Имконият ва имтиёзлар ҳеч кимга истаганини қилиш, амалдаги қонунларни оёқости этиш ҳуқуқини бермайди. Улар ўзларининг номақбул фаолиятини тадбиркорлик, дея хаспўшлашга ҳам ҳақли эмас.

Фақат ўзини ўйлаб, ўз манфаатини халқ манфаатидан устун кўраётган айрим «устомон тадбиркорлар» ўқув қуролларини ноқонуний чоп этиб, сотувга чиқармоқда. Бу фарзандларимизнинг билим олиш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Биз сифатли деб ўйлаётган ва сотувчилар, педагоглар томонидан тавсия қилинаётган ўқув қуроллари ҳар доим ҳам сифатли бўлавермайди.

 

– Ҳозир ташкил этилаётган мактаб ярмаркаларидан олганимизнинг ўзи йил давомида етмайди, – дейди Шаҳноза Элбекова. – Ўтган йили 300 минг сўмлик ўқув қуроллари, кийим-кечак, сумка олгандик. Сотувчи менга 60 минг сўмдан сумка тавсия қилганди. “Қимматда бир гап бор”, деб 85 минг сўмлигидан олиб бердим. Иккинчи чорак якунига ҳам етмасдан чокларидан йиртилиб, узилиб кетди. Ўқув қуроллари ҳам етарли бўлмади. Йил ярмида яна камини тўлдирдик. Ўшанда сумкани ўзимизда ишлаб чиқарилганини айтишганди. Кўринишидан сифатлидек эди. Аммо…

Пойтахтимиздаги “Абу-Сахий“ савдо мажмуасига айни масалани ўрганиш учун бордик. Сотувчиларнинг айтишича, мактаб сумкалари Хитойники ва ўзимизнинг тадбиркорлар ишлаб чиқараётган сумкаларга бўлинади. Ўзимизники ҳам ёмон эмас. Шунга қараб уларнинг нархи ва сифатида ҳам фарқ бордир, деб ўйлайсиз. Аммо уларнинг нархида деярли фарқ йўқ. Харидорлар эса таклиф қилинаётган маҳсулотнинг кўплигидан унинг қай бири қаерники ёки сифатлироқ эканини ажрата олмайди ҳам. Бундан ноқонуний ишлаб чиқарувчилар унумли фойдаланмоқда.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси бўлиб ўтди

Баъзи “ишбилармон” юртдошларимиз гўё ўзини тадбиркор санаб, сифатсиз, лекин пули “отнинг калласидай” маҳсулотлар тайёрлашга киришади ёки турли айланма йўллар билан божхоначилар кўзини шамғалат қилиб, таълим стандартларига мос келмайдиган матбаа маҳсулотлари билан бозорларни тўлдиради.

Юртимизда сўнгги йилларда ишлаб чиқариш, саноатга қаратилаётган катта эътибор сабаб баъзи маҳсулотларимиз бугун хорижда ҳам харидоргирлигини таъкидлаш жоиз. Аммо ички бозорга чиқарилаётган баъзи маҳсулотлар аҳоли норозилигига сабаб бўлиб, ўзимизнинг маҳсулотларга бўлган ишончсизликни оширмоқда.

Сохта тадбиркорлар ҳалол ишлаётган, солиқ ва мажбурий тўловларни виждонан тўлаётган тадбиркорлар манфаатига зиён етказиши билан бирга, фарзандларимизнинг соғлиғига, ўз халқи, она Ватани иқтисодига ҳам зарар келтирмоқда.

Амалдаги қонун ҳужжатларига чап бераётган бу каби “тадбиркорлар“ фаолиятини тартибга солиш, уларга нисбатан кескин таъсир йўлларини қўллаш, ушбу муаммо бевосита келажагимиз эгалари тақдири, уларнинг эртанги куни билан боғлиқ экани ҳисобга олиниб чоралар кўрилаётир. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Бош прокуратура, Давлат божхона ва солиқ қўмиталари, “Ўзстандарт” агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва бошқа ташкилотлар мазкур муаммони бартараф этишда ҳамкорликда фаолият юритиши муҳимдир.

 

Ярмарка аҳоли учун қулайми?

– Ўтган йили “Чилонзор“ буюм бозорида ташкил этилган мактаб бозори ярмаркасидан фарзандим учун турли ўқув қуроллари олиш учун бордим, – дейди Моҳира Хидирова. – Сотувчиларнинг ҳар бири арзон нархларда ҳисоб-китоб қилишини айтиб, чақира бошлади. Уларда бир хил нарсанинг нархи ҳар хил. Бошида ўзим ҳам тушунмай жуда иккиландим. Ҳар бирида нархлар ҳар хил, аммо ҳисоблаганда деярли бир хил сумма келиб чиқди. Шундай экан, уларга харидорни ҳар томонга тортқилаб, чалғитишнинг нима кераги бор. Майли, бунга ҳам чидадим. Ўқув қуролларини деярли тўлиқ сотиб олдим. Аммо… Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Ширин” бозори ичида бир кичик канцелярия молларини сотадиган дўконча бор. Одатда йил давомида шу дўкондан харид қиламиз. Мактаб бозоридан сотиб олган ўқув қуролларини рўйхат қилдиму шу дўконга бордим. Ҳисоблатсам, мактаб бозоридан арзонроқ экан. Ўйлаб қолдим, мактаб ярмаркалари нима учун керак?

 

Масъул ташкилотлар маълум қилади

Халқ таълими вазирлигидан мактаб ярмаркаларида маҳсулотлар нарх-навосининг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик ва уларда тўлов терминалларининг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан доимий назорат йўлга қўйилганлиги маълум қилинмоқда.

Яна ўқинг:  Озон қатлами – она табиат соябони

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини асосий турдаги ўқув қуроллари, дарсликлар, мактаб формаси, кийим-кечак ва пойабзаллар билан таъминлаш ва ота-оналар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 10 августидан 10 сентябригача республикамизда жами 1 минг 325 та мактаб ярмаркаси фаолият юритади.

Мактаб ярмаркаларининг 931 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 293 таси бозорлар ва улар атрофларида, 528 таси йирик савдо комплекслари, дўконлар ва аҳоли гавжум жойларда ташкил қилинган.

Республикадаги барча мактаб ярмаркаларида 26 турдаги зарурий ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотуви йўлга қўйилган.

Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилган.

Жойларда ташкил этиладиган мактаб ярмаркаларига асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат” уюшмалари, “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуаси, “Шарқ” НМАК ва “Шарқ зиёкори” МЧЖ етказиб беради. Етказиб берилган маҳсулотларнинг сақланиши, уларни ёнғиндан сақлаш, санитария ҳолатини яхшилаш ва бошқа зарурий хавфсизлик чоралари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Маҳаллий ҳокимликлар, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мактаб ярмаркаларида савдоси ташкил этилаётган маҳсулотларнинг мамлакатимиздаги амалдаги стандартлар талабларига жавоб беришини ва уларнинг сифатини назорат қилади.

Барно Мелиқулова,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: