Кичкинтойнинг севимли машғулоти. Уни орзуларидан мосуво қилманг
Улар 2-3 ёшидан бошлаб ўзи ёқтирган, жумладан, конструктор, киндер ёки ҳарбийларга хос бўлган ўйинчоқларни ўйнашни хоҳлайди. Бора-бора уларда севган машғулотига нисбатан ишқибозлик шакллана боради. Хўш, болаларда бу ҳолатни қандай пайқаш мумкин?
Болаларда турли ўйинларга қизиқишнинг белгилари:
– Ҳар доим ўзининг энг яхши кўрган қаҳрамони ҳақида гапиради, суҳбатни ўша мавзуга олиб боришга ҳаракат қилади;
– севимли қаҳрамони билан боғлиқ нарсаларни йиғади;
– ўзини севимли қаҳрамон каби тутишга интилади.
Ота-она унинг севимли мультфильмидаги қаҳрамон тасвирланган ўйинчоқ ёки Лего конструкторининг навбатдаги тўпламини олиб берганида бола хурсанд бўлади. Тўғри, кун давомида қизиққан машғулоти орқали унинг тарбиясини бошқаришда (манипуляция) ижобий натижага эришасиз. “Агар ўйинчоқларингни йиғиштириб, саранжом қилиб ўйнасанг, яна ёқтирган бошқа ўйинчоғингни олиб бераман” десангиз борми, фарзандингиз бу мукофотни олиши учун сизнинг барча топшириғингизни астойдил бажаришга ҳаракат қилади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади, сиз бу ҳолатда тўғри йўл тутаяпсизми? Балки, бунинг аксини қилган маъқулдир?!
Мутахассисларнинг фикрича, болаларда севимли ўйинчоғига боғлиқлик унинг руҳиятига салбий таъсир этмайди. Аксинча ушбу ҳолат кичкинтойлар онгини ривожланишининг меъёрий босқичи ҳисобланади. Бу пайтда боланинг қизиқишлари билан ўртоқлашиш, унга алоҳида эътибор қаратиш, севимли ўйинчоқлари билан ўйнашига шароит яратиш, кичкинтойни болаликдан ўсмирликкача бўлган даврдаги эҳтимолий инқирозлардан асраши мумкин.
Ота-оналар учун фойдали маслаҳатлар:
– бола ўзини қизиқтирган машғулот билан узоқ вақт овуниши мумкин. Буни тўғри қабул қилиш, аксинча ўзгартиришга ҳаракат қилмаслик, болани севимли машғулотидан воз кечишга мажбурламаслик зарур.
– дилбандингизни кўнглини кўтараётган машғулотнинг ижобий томонларини топишга ҳаракат қилинг.
– фарзандингизни барча орзуларини қабул қилган ҳолда бу босқични у билан бирга босиб ўтишга ўзингизда куч топинг.
– боланинг орзусидаги шахсни ҳеч қачон ҳақорат қилманг.
Бир сўз билан айтганда болани барча қизиқишлари, орзулари билан бирга қабул қилиш керак. Ана шунда у сизга ишонади.
Дилфуза АЗИМОВА