Шакар қонни тўхтатади
Бехосдан баъзан ўзимиз ёки яқинларимиз бирор жойимизни кесиб олсак “дори қути”даги дори – йод, бриллиант яшили (“зелёнка”), стериль бинтдан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Қон тўхтагач эса агар қўл ёки оёқ бармоқларимиздан бирортаси шикастланган бўлса унга сув тегмаслиги учун махсус стериль ва тиббий қўлқопга ўхшаш, аммо бармоқлар учун мослашган, алоҳида елим “қалпоқча” кийдириб қўямиз. Аслида шикастланган соҳани 3 фоизли водород пероксид суюқлиги билан ювиб, кейин яранинг чеккасига юқорида тилга олинган дориларни суртса бўлади. Шикастланган жойга ҳаво тегиб турса, у тез тузалади. Фақат инфекция тушишидан ва сув тегишидан уни эҳтиёт қилиш лозим.
Айрим ҳолатларда айниқса, қишлоқ жойларда баъзи кишилар кесилган жойга тупроқ ҳам сепишади. Аммо, бу зарарли муолажа қонга қоқшол (столбняк) инфекциясининг тушишига сабаб бўлади. Ундан кўра уйингизда шакар бўлса жароҳатга дарҳол сепинг. Бу ширинлик қоннинг суюқ қисмини ўзига шимиб олади ва аста-секин қон оқишини тўхтатади. Оққандни ҳам кукун ҳолида майдалаб, шакар ўрнида қўллаш мумкин.
Олимларнинг фикрига кўра узоқ вақт тўшакда ётган беморларда пайдо бўлган ётоқ яралари, оёқлардаги жароҳатлар ҳамда оёқ ва қўллардаги ампутация (кесиб ташланганлиги) сабабли ногирон бўлиб қолган хасталарнинг қонаётган яра-чақаларига ҳам шакар сепилса зарарли бактериялар секинлик билан ривожланар экан.
Шакарнинг ярадаги намликни шимиб олиши туфайли микроорганизмлар ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган суюқликдан маҳрум бўлишар экан. Аммо, қандли диабет, гемофилия (ирсий қон ивимаслиги) каби хасталикларда шакарни муолажа сифатида қўлламаган маъқул.
Чекка ҳудудларда яшаётган бўлсангиз ёки тоғу тошларга саёҳатга чиққанингизда бирор жойингизни кесиб олсангизу ёнингизда тиббий дори-дармонлар бўлмаса шакардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.