Табиат гултожи ўзингсан, аёл!

Аёллар ижтимоий-мослашув маркази фаолиятига назар

 

Сабр, матонат ҳақида сўз кетганида даставвал инсон кўз олдига ўзининг мунис ва муштипар онаизори келади. Чиндан ҳам сингил, рафиқа, она деган буюк номга муносиб, табиат гултожи саналган – Аёл зоти ўзининг нозик елкасига ҳаётнинг бари қийинчиликларини ортади. Кимлардир ҳаёт синовларида улкан ирода, метиндек сабр билан кўзлаган бахт чўққисини забт этади, яна кимлардир эса…

Моддий етишмовчилик, ҳуқуқий билимсизлик, саломатликдаги муаммолар, оиладаги муросасизлик ва шунга ўхшаш турли турмуш синовлари олдида айримлар ўзини йўқотиб қўяди, боши берк кўчага кириб қолгандек ўзини чорасиз ҳис қилади. Аёл ҳаёти давомида доимо тиргак, суянч, маслаҳатгўй бўладиган яқинларга эҳтиёж сезади. Уларнинг мавжудлиги нозик хилқат вакилларининг ҳақиқий бахтидир. Аммо, орамизда бундай бахтдан мосуво бўлган аёллар ҳам йўқ эмас.

Республикамизда ташкил этилган Аёллар ижтимоий-мослашув марказининг ташкил этилишида ҳам ана шундай оғир ҳолатга тушиб қолган аёлларга ёрдам қўлини чўзиш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, бир сўз билан айтганда, уларга суянч бўлиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Бу каби марказлардан бири Республикамизнинг Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Исфархон маданият ва аҳоли дам олиш масканида жойлашган бўлиб, у фаолиятини илк бора тажриба сифатида бошлаган марказ саналади. Ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаган бу маскан бугунга қадар бир қанча хотин-қизларга ўзининг беминнат ёрдамини кўрсатиб келмоқда.

22 ёшни қаршилаган ёш тадбиркор Ойдинахоннинг тиним билмай изланаётгани, қилаётган меҳнатлари тумандаги аёлларни иш билан таъминлашда ўзининг самарасини бермоқда.

– Фаолиятимизни бошлаганимизга ҳали кўп бўлмади. Аммо, турли хилдаги, ранг-баранг болалар кийим-кечакларини ички бозоримиз учун тақдим этмоқдамиз, дейди – “Aydin tex”болалар кийим-кечакларини ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ойдинахон УМАРЖОНОВА. – Айни пайтда 75 нафар хотин-қизни иш билан таъмилашга муваффақ бўлдим. Улар ҳозирда тикувчи, қадоқловчи, дазмолчи вазифасида хизмат кўрсатмоқда. Яқин кунларда кредит олиб иш кўламини янада кенгайтириш ниятидаман. Бунинг натижасида ишчилар сонини 30-35 нафарга кўпайтиришни режа қилганман.

Ҳозирча бундай марказлар Наманган вилояти билан бир қаторда Хоразм, Сирдарё, Сурхондарё, Самарқанд вилоятларида ҳам хизмат кўрсатмоқда. Келгусида ажрим кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудлардан бошлаб барча вилоятларда ана шундай Аёллар ижтимоий-мослашув марказлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Яна ўқинг:  Сунъий қон яратилди

Бир сўз билан айтганда, “Аёллар ижтимоий-мослашув маркази” хотин-қизлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўз жонига қасд ва ўзгаларга суиқасд қилишнинг олдини олиш ҳамда оилавий низолар ва ажримларга барҳам бериш, оилада эр-хотин ва қайнона келин муносабатларини мустаҳкамлаш вазифасини ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу билан бир қаторда ҳар бир аёл қалбида унинг оиласи ва жамиятига керакли инсон эканлигига ишонч туйғусини уйғотиш ва мустаҳкамлаш, нозик хилқат вакилларининг оиласи бағрида тинч-тотув яшашини таъминлаш марказ олдида турган яна бир асосий вазифалардан биридир.

 

Шоҳистахон ҚАМБАРОВА,

Тўрақўрғон туман ҳокимининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича ўринбосари;

– Аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш уларнинг нафақат оилада, балки жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилнинг 5 ойи давомида туманимизда 536 нафар аёллар тегишли мутасадди ташкилотларга иш сўраб мурожаат қилган бўлиб, улардан 292 нафари иқтисодиётнинг турли тармоқларига ишга жойлаштиришга кўмаклашилди. 244 нафари ишсиз деб эътироф этилиб, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилди. Туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар бўлими, Бандликка кўмаклашиш маркази ҳамда Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда 3 маротаба “Бўш иш ўринлари ярмаркалари” ўтказилди. Ушбу ярмаркаларга 358 нафар аёл жалб қилиниб, уларнинг 197 нафарига доимий ишга жойлашиш учун йўлланмалар ва 134 нафарига меҳнат қонунчилиги бўйича тегишли маслаҳат ва тушунчалар берилди.

 

Комила РЎЗМАТОВА,

Тўрақўрғон туман, Хотин-қизлар қўмитаси қошидаги Аёллар ижтимоий-мослашув маслаҳат маркази раҳбари:

Марказнинг ўз олдига қўйган муҳим вазифаларидан бири ҳаётнинг турли сўқмоқлари олдида умидсизлиика учраб тушкунликка тушган аёлларга психолог, ҳуқуқшунос, тиббиёт ходими ва бошқа йигирмадан зиёд ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ёрдам беришдан иборатдир. Тўғри, шу пайтгача ҳам хотин-қизлар қўмиталари аёллар муаммоларига ечим топиш, уларни ижобий ҳал этишга эътибор қаратиб келган. Бироқ тушунликка тушган, муаммолар гирдобида қолган аёлларнинг ҳаммаси ҳам қўмитага мурожаат қилиб, кўнгилдаги гапни очиқ айтишга имкон топа олмайди. Имконсизлик эса кўплаб нохуш ходисаларга сабаб бўлишини бугунги даврнинг ўзи бир қанча мисоллар орқали кўрсатиб бермоқда.

Мазкур маскан кун-у тун, 24 соат давомида фаолият юритиб, оғир ижтимоий ҳолатга тушиб қолган аёлларга биринчи ёрдамни бера олади. Юксак билим ва катта ҳаётий тажрибага эга онахонлар, психолог, тиббиёт ходими, ҳуқуқшунос ва бошқа соҳа ходимларидан иборат марказ жамоаси, энг аввало, мурожаат этган аёл руҳиятига ижобий таъсир ўтказиш, уни тушкунлик ҳолатидан чиқариб, ҳаётга, муаммосигаақлан чуқур ёндашишга ҳаракат қилишади. Ўйлайманки бу ўз самарасини беради.

 

Яна ўқинг:  Фарзандингиз агар...

Насиба УМАРОВА,

Аёллар ижтимоий-мослашув маслаҳат маркази ҳуқуқшуноси:

– Марказга оилавий муаммолар борасида ҳам кўплаб оилалар мурожаат қилишади. Бундай вақтда ҳар иккала томонга ҳам ўз ҳуқуқларини тушунтириб, шу билан бир қаторда уларнинг мажбуриятлари борлигини ҳам эслатиб ўтамиз. Бу кўплаб оилалардаги турли келишмовчиликлар ва ажримларнинг олдини олишда жуда муҳим рол ўйнамоқда. Хотин-қизлар ўртасида жиноят содир этиб авф этилган, турли сабаблар билан оиласи бағрига қайтолмаётган ноқонуний равишда хорижга ишлаш учун чиқиб, сўнгра депортация қилинган аёллар ҳам бор. Уларни ўз юртида муайян иш билан таъминлаш, соғлом ҳаётга қайтариш чораларини кўриш ҳам марказнинг вазифаларидан ҳисобланади. Келгусида тумандаги 68 та маҳаллада ўз ечимини топмаган муаммолар марказда ҳал этилиш кўзда тутилган.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: