Ҳар бир маҳаллада “Саломатлик мактаби” ташкил этилади
Ўзбекистондаги барча маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи “Саломатлик мактаблари” ташкил этилмоқда.
Ушбу мактабларнинг асосий вазифаси тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, касалликларнинг олдини олиш ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилишга қаратилган бирламчи профилактика ишларини кенг жамоатчилик орасида олиб боришдир.
Ушбу мактабларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бунда ҳисобот ва маълумот ёзиш каби қоғозбозлик ўрнига асосий эътибор аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини таъсирчан ва самарали усуллар орқали тарғиб қилишга қаратилади. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Саломатлик мактаблари” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилади. Шунингдек, бу йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган тарғибот тадбирлар дастури тайёрланади.
“Саломатлик мактаблари” ҳар бир маҳаллада жамоатчилик асосида фаолият юритади. ҚВПлар, қишлоқ ва шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт врачлари, патронаж ҳамширалар, маҳалла фаоллари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича масъул ходимлари, жисмоний тарбия ўқитувчилари, таълим муассасалари шифокорлари ҳамкорликда мазкур жамоат тузилмасига бирлашиб, оилаларда, аҳоли орасида, таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади.
Мадина ЎРИНБОЕВА,
ўқитувчи