Ўзбекистонда илк бор одам жигар бўлаги кўчириб ўтказилди

Ўтган йилдан бошлаб академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия марказида яқин қариндошлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинмоқда.

Куни кеча марказда мамлакат тиббиёти тарихида биринчи марта беморга тирик донор қариндошдан жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилди. Операция академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров ва Россиянинг академик В. И. Шумаков номли Трансплантология ва сунъий аъзолар Миллий тиббий тадқиқот маркази директори, академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтди. Бугун шифокорларимиз ўз маҳорати, билим ва амалий тажрибаси билан бир инсон ҳаётини сақлаб қолди ва келгусида шундай беморларга тиббий ёрдам бериш тажрибасини йўлга қўйди.

– Трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг истиқболли йўналишларидан бири. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу соҳа ривожига давлат даражасида эътибор қаратиб келаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди, – дейди академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия маркази директори, академик Феруз Назиров. – Жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли – трансплантация амалиётини ўтказиш ҳисобланади. Марказимизда ўзбек ва рус жарроҳлари ҳамкорлигидаги гуруҳ билан илк бор жигар циррози билан оғриган 26 ёшли беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлигида жигар бўлаги трансплантацияси бажарилди. Жараёнда 21 нафар шифокор, 10 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иштирок этишди. Айтиб ўтиш лозим, амалиётга катта тайёргарлик кўрилган бўлиб, марказнинг техник имкониятлари яхшиланиб, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда айни шу соҳа бўйича малака ошириб қайтишди. Аввало донор ва реципиент (бемор) ушбу амалиётга 3 ой давомида тайёрланди. Трансплантацияга кўрсатма ва қарши кўрсатмалар тўлиқ ўрганилди ва амалиётни ўтказиш бўйича якуний қарор қабул қилинди. Операция жараёни қарийб 15 соат давом этди. Ҳозиргача олинган барча таҳлиллар бемор ва донорнинг умумий саломатлиги яхши эканини кўрсатмоқда. Шу маънода айта оламизки, биринчи марта ўтказилган ушбу мураккаб операция муваффақиятли бажарилди.

Белгиланган тартибга кўра, трансплантациядан кейин донор ва реципиент камида уч йил давомида профилактик диспансер кўриги билан таъминланади. Ҳудуддаги оилавий поликлиникада ҳам уларга алоҳида кўриклар ташкил этилиб, доимий патронаж назоратига олинади. Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда улар тегишли дори воситалари билан ҳам таъминланади.

Яна ўқинг:  Каратэчиларимиз Дубайдаги мусобақада иштирок этади

Маълумот учун, жигарнинг терминал босқичдаги сурункали диффуз касалликлари, ўткир жигар етишмовчилиги, резекция қилинмайдиган манбали жигар касалликлари каби ҳолатларда фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз ушбу мамлакатлар қаторидан жой олди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: