Микрокредит аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади

Мамлакатни иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишда молиявий хизматлар ҳаракатлантирувчи кучга эга.

Молиявий хизматлар кўрсатиш, тадбиркорлик фаолиятини инвестициялаш, уй хўжалигини йўлга қўйишга иқтисодий жиҳатдан кўмаклашиш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш ва аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнесни янада ривожлантиришга эришиш мумкин. Бунда микромолиявий хизматлар ушбу соҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш воситаси ҳисобланади ва бу ўз навбатида микрокредит ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, соҳага инновацион усул ва механизмларни жорий этиш ва бунинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни талаб этади.

2018 йил 30 август куни Ўзбекистон Республикасининг “Иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорлик ривожлантирилишига қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қабул қилинган қонун иқтисодий муносабатлар ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини янада такомиллаштирди.

Жумладан, ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунига банклар томонидан микрокредит бериш нормасини мустаҳкамловчи қўшимча киритиш назарда тутилмоқда. Микроқарз банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига энг кам иш ҳақининг юз баробари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида 1 йилгача бўлган муддатга берилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, жисмоний шахсларга бериладиган ушбу микроқарз, энг аввало, халқимиз эҳтиёжларини қондириш, уларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг молиявий хизматлардан фойдаланишини таъминлаш, молиявий оммабопликни янада кенгайтириш, энг асосийси, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Микромолиялаш тўғрисида”ги ва “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлари янги норма билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, микромолиявий хизматлар кўрсатиш шартномалари бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва жарима ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш тақиқланади. Шунингдек, лицензия талаб қиладиган фаолият турлари тоифасидан айрим фаолият турларининг бир қисмини чиқариб ташлаш назарда тутилмоқда.

 

Рустам РАСУЛОВ,

Тошкент вилояти иқтисодий суди раиси

Яна ўқинг:  ОНАЛИК САОДАТИ – ОЛИЙ ШАРАФ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: