Тишлар соғлом бўлиши учун амал қилиш керак бўлган 10 та қоида

Тажрибалар кўрсатишича, тиш билан боғлиқ муаммолар намоён бўлиши учун камида олти ой талаб этилади. Шу сабабли бир йилда икки марта стоматологга бориш зарур. Профилактика ва мутахассис назорати муаммоларни бошланишидаёқ даф қилишга ёрдам беради.

Тишларни мунтазам равишда ва тўғри тозаланг

Бир кунда икки марта тиш чўткаси ва пастаси билан тишларни тозалаш керак. Чўтка тишларга ўтириб қоладиган бактерия қатлами ва овқат қолдиқларини кетказади, паста эса бактерияларни ўлдириб, улар ажратадиган кислоталарнинг таъсирини кесади, ва шу орқали тиш эмалини мустаҳкамлайди. Тишларни овқатланиб бўлгандан сўнг 30 дақиқача ўтиб ювиш тавсия этилади, бу вақт кислоталар таъсири остида юмшаб қолган эмал ўз ҳолатига қайтиши учун зарур.

Тиш ювишнинг ўзига келсак, бунда тишларнинг бутун юзаси тозаланиши керак. Чўткани тишнинг асосидан бошлаб унинг кесувчи қиррасига томон ҳаракатлантириш, охирида қирранинг ўзини тозалаш керак. Тиш ювишга фаол ҳаракатланган ҳолда икки дақиқача сарфлаш маслаҳат берилади.

Чўтка ва пастани танлай билинг

Тиш чўткаси қулай даста ва тишларингизга мос қаттиқликдаги қиллардан иборат бўлиши керак. Тишларингиз ўта сезувчан бўлса ёки милкларингиз қонайдиган бўлса, юмшоқ чўтка тавсия этилади, қаттиқ чўтка эса тишлари соғлом бўлган кишиларга ҳам маслаҳат берилмайди.

Тиш пастаси ҳам тиш ва милкнинг аҳволига қараб танланади.

Бутун оғиз бўшлиғини тозаланг

Тишларга зарар етказувчи бактериялар нафақт тиш ва милкда, балки танглай, бодомсимон без, лунж ва айниқса, тилда ҳам бўлади. Уларни тозалаш учун махсус чўткалар, суюқликлар ва бошқа замонавий техникалардан фойдаланиш мумкин.

Санитария қоидаларига риоя қилинг

Касаллик қўзғатувчи бактериялардан узоқ юриш учун ҳеч қачон бировнинг тиш чўткасидан фойдаланманг, бировнинг қошиғи билан еманг, пиёласи билан сув ичманг. Бундан ташқари, оғиз бўшлиғини парвариш қилиш учун зарур бўлган барча буюмларни қуруқ ҳолда сақланг. Чўткани вақти-вақти билан дезинфексияловчи эритмага солиб қўйинг, ҳар 2—4 ойда эса янгисига алмаштиринг.

Флосс (тиш тозаловчи ип)дан фойдаланинг

Флосс тишлар оралиғидаги пайқаш қийин бўлган жойларни тозалаб, у ердан овқат қолдиқларини чиқариб ташлайди ва шу тариқа бактерияларни озуқадан маҳрум этади. Флоссни ҳар сафар овқатланиб бўлгач, чўтка билан тозалашдан аввал қўлланг.

Яна ўқинг:  Бруцеллёз қандай юқади?

Тишкавлагични эҳтиёткорлик билан қўлланг

Тишкавлагич — учли ёғоч чўпчалар тишни чайиш ёки флоссдан фойдаланиш имкони бўлмаган вақтда ёрдамга келади. Бироқ игна, скрепка каби буюмлардан фойдаланиш ярамайди, эмални тирнаб, бактерияларга тишнинг чуқурроқ қатламларига кириш учун йўл очиб беради. Парадонт — милк ва тиш пайларига зарар етказмаслик учун тишкавлагичдан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш керак.

Тишларни кислота ва қанддан сақланг

Газли ичимликлар, сўрадиган конфетлар ва ҳатто янги сиқилган шарбатлар ҳам тиш учун зарарлидир. Бундай шарбатларда эмални емирувчи мева кислотаси консентратсияланган кўринишда бўлади. Карамел, ирис ва обаки (леденетс) эса оғизда узоқ вақт турган вақтда патоген макрофлоралар кўпайиши учун қулай шароит юзага келади. Шоколаднинг эса, таркибидаги какао бактериялар кўпайишининг олдини олиши туфайли тишлар учун, хавфи камроқдир.

Тишлар учун хавфли деб ҳисобланадиган чой ва қаҳва эса аслида фойдалидир: қора чой тиш эмалини мустаҳкамласа, қовурилган донлардан тайёрланган табиий қаҳва антибаsтериал таъсирга эгадир.

Тўғри овқатланинг

Тишлар мустаҳкам бўлиши учун организмга калсий ва фтор зарур. Калсий эса Д витамини ёрдамида ўзлаштирилади. Овқатланиш ратсионингизга Д витамини манбалари — бузоқ гўшти, парранда гўшти, тухум, сарёғ, денгиз балиғи; калсий манбалари — қатиқ, пишлоқ, исмалоқ, брокколи; фтор манбалари — қора чой, қора нон, балиқни киритинг.

Тишларга тушадиган босимни камайтиринг

Тиш билан ёнғоқ чақиш, бутилка қопқоғини очиш, ип узиш кабиларни унутинг. Бундан ташқари тишларни қаттиқ сиқиш ва айниқса, ғичирлатиш одати ҳам зарарлидир. Агар уйқунгизда бундай ҳаракат қиладиган бўлсангиз, уйқудан олдин тишга кийиладиган махсус воситалардан фойдаланинг.

Манба: sof.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: