Памперснинг фойдаси каттами ёки…

Памперслар пайдо бўлиши билан ёш оналар ҳаёти анча енгиллашди десак хато қилмаймиз. Энди кунига 10 марта боланинг тагини алмаштириб, ювишнинг ҳожати қолмайди. Бундан ташқари, кечаси бола тагини хўллаб қўйса ҳам ота-онаси ва ўзининг ширин уйқусини буз­майди. Хуллас, памперснинг фойдали томонлари жуда кўп. Лекин бундай тагликлар бола соғлиғи учун хавфли, деган гап ҳам йўқ эмас.

Анъанавий тагликлар памперслардан фойдалими?

Бу нотўғри мулоҳаза. Чунки матоли таглик намликни шимиб олиш хусусиятига эга эмас. Бундай таглик боланинг терисини қуруқ сақлай олмайди, қолаверса, мато намланса, юмшоқлигини йўқотади. Натижада боланинг териси қизариб, ачишиши мумкин. Замонавий памперслар намликни ўзига тортиб олиб, боланинг терисини қуруқ сақлайди. Агар ундан тўғри фойдаланиб, ҳар 3-4 соатда алмаштирилиб турилса, бола ҳеч қандай зарар кўрмайди.

Боланинг оёғини қийшайтирадими?


Малакали мутахассисларнинг таъкидлашича, памперслар боланинг тўғри ўсишига хеч қандай зарар кўрсатмайди. Қолаверса, памперслар оёқ ва сон бўғимларига халақит қилмайди.

Тери «нафас олмайдими?»


Билсангиз, сифатли памперслар ҳаво ўтказиш хусусиятига эга. Улар бошқалардан нархи ва кўриниши билан ажралиб туради. Лекин ҳар қанча сифатли ва қиммат памперсдан фойдалансангиз ҳам, ҳар сафар уни алмаштираётганда камида ярим соат боланинг терисига дам беришга одатланинг.

Ўғил болалар учун хавфлими?


Оналар ўртасида «ўғил болага памперсни кўп кийдириш келажакда бепуштликни келтириб чиқаради» деган гап юради. Аслида-чи? Айнан шу мавзуда изланиш олиб борган олимлар аллақачон памперснинг ўғил боланинг саломатлигига ҳеч қандай зарар қилмаслигини исботлаб беришган. Агар памперс кийдириш ва гигиена қоидаларига тўғри амал қилинса, албатта.

Қизлар учун-чи?


Юқорида айтилганидек, памперслар ўғил болалар учун катта хавф келтирмайди, аммо қизларга келганда ундан эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади. Негаки, эътиборсизлик туфайли гўдакда цистит ва бошқа вирусли касалликлар пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун, мутахассислар ҳар гал қиз боланинг таглигини алмаштираётганда уни, албатта, ювинтириш кераклигини таъкидлашади. Шундай экан, нам салфеткани четга суртиб, сувни илитинг ва ширинтойингизни ювинтиришга одатланинг.

Неча ёшгача кийилади?

Маълум бўлишича, бола 12-20 ойлигидан бош­лаб тувакка ўтириш даражасига етади. Айнан мана шу пайтда у ўзининг хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик сеза бошлайди. Аммо бу бола 1 ёшидан бошлаб, памперс билан бутунлай хайрлашиши керак дегани эмас. Боланинг неча ёшигача памперс кийиши ёшига эмас, бошқа нарсага боғлиқ. Масалан, болани кундузи тувакка ўтирғизиш мумкин, лекин тунда таги ҳўл бўлиб безовталанмаслиги учун эса памперсдан фойдаланиш ўринли. Бундай ҳолатда бола қачонки эрталаб таги тўлиқ қуруқ бўлиб уйғонса, шунда памперс билан хайрлашса бўлади. Яна бир ҳолат: айрим болалар памперсда ўзини яхши ҳис этмайди ва кийганда кўп безовталанади, мана шундай вазиятларда памперсдан иложи борича эртароқ қутулиш тавсия этилади. Шунингдек, жуда фаол болаларни памперсдан эрта ажратиш мақсадга мувофиқ.

Муддатга эътибор беринг

Яна ўқинг:  Дармондорилар – фойданинг кони

Памперсдан фойдаланишнинг кундузги нормаси 2-3 соатни ташкил қилади. Бордию, бола ­­1 соатда тагини тўлдириб қўйса, унда дарҳол бош­қасига алмаштириш керак бўлади. Уйқу пайтида юқорида белгиланган муҳлатга атиги бир соат қўшиш мумкин. Мабодо, бола таги намлигини сезмай ухлашда давом етса, уни уйғотмай туриб ҳам тагини алмаштириш мумкин.

Алмаштирганда…

Болани ҳар сафар тоза ҳавога олиб чиқишдан олдин ва уйга қайтгандан сўнг, ухлашидан олдин ва кейин таглигини алмаштиришни қоидага айлантиринг. Памперсдан белгиланган вақтдан зиёд фойдаланманг. Бу тавсия кўпроқ памперсни тежаш мақсадида «тўлишини» кутадиган оналарга тегишли. Ҳозир дўконларда болалар учун махсус ишлаб чиқарилган нам салфеткалар сони ва тури жуда кўп. Эсингизда бўлсин, ҳар қандай қиммат ва ўта сифатли нам салфетка барибир тоза илиқ сув ўрнини боса олмайди. Шу сабаб бундай воситалардан иложи борича камроқ фойдаланинг. Фойдаланган тақдирда ҳам салфетканинг таркибини ўрганиб чиқишга эринманг. Болалар гигиенаси учун мўлжалланган салфетканинг таркибида креми борларидан фойдаланмаган маъқул.

«Ҳаво ванна»ларидан фойдаланинг

Ҳар гал памперсни алмаштираётганда, боланинг терисига пахта ёғи ёки оддий зайтун мойини суртинг ва 10-20 дақиқа қуёш нури тушадиган жойда олиб ўтиринг. Ана шу вақт мобайнида боланинг терисига диққат билан разм солиб, қизил доғлар ёки памперсдан қисилган излар йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Борди-ю, памперс боланинг сонларини қисаётган бўлса, уни бир ўлчам каттасига алмаштиринг.

Қачон воз кечиш керак?

– Бола тувакка ўрганган бўлиб, кундузи тўлиқ ундан фойдаланса;
– Ундан ташқари (сайр чоғида ёки меҳмонга борганда) ҳожатга чиқмоқчилигини айта олса;
– Кечаси ҳожатга бориш учун уйғонса ёки аксинча бунга ҳожат сезмаса.

Ёдда тутинг: қачонки болангиз:
– ҳали памперсга эҳтиёж сезиб, уйқудан таги ҳўл бўлиб уйғонса;
– эндигина тувакка ўрганиб, аммо баъзида унга етиб боришга улгурмай қолса;
– Уйқудан ташқари, сайрда ёки меҳмонга борганда ҳожатга чиқиши кераклигини айта олмаса памперсдан воз кечишга шошилманг…

Гулҳаё МУСТАФОЕВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: