Эндопротезлаш амалиёти: реабилитация даврида нималар тақиқланади?

Юқори технологик жарроҳлик амалиётлари замонавий тиббиётнинг энг катта ютуқларидан бири. Аммо илғор усулларда бажарилган операциялар ҳам ҳали беморнинг дарддан тўлиқ халос бўлганини англатмайди. Чунки бу – муваффақиятнинг ярми холос. Қолгани муолажаларнинг ажралмас қисми бўлган тиббий реабилитациянинг қандай кечиши билан чамбарчас боғлиқ.

Сўнгги йилларда коронавируснинг оғир асорати сифатида намоён бўлаётган тизза ва чаноқ-сон бўғимлари емирилишига алоқадор хасталикларни жарроҳлик йўли билан даволаш ҳам самарали тиббий реабилитацияни талаб этади.
Ҳозир хасталикнинг сўнгги босқичларини бартараф этишда зарарланган бўғимга эндопротез ўрнатиш амалиётидан кенг фойдаланилмоқда. Бу юқори технологияли даво чораси ҳисобланиб, бемор операциядан сўнг ўртача 10 кун давомида шифохонада зарур тиббий муолажаларни олади.
Ана шу даврда реабилитациянинг илк босқичлари бошланади. Дастлаб шифокор кўрсатмаси билан операция қилинган оёқ махсус валик ёрдамида тегишли ҳолатда ушланади. Аввал беморга нафас олиш, мушак­ларни мустаҳкамловчи машқларни бажариш ўргатилади.


Бу жараёнда эндопротез ўрнатилган бўғимни зўриқтириб қўймаслик ўта муҳим. Чунки нотўғри бажарилган хатти-ҳаракатлар, яъни тиббий реабилитация қоидаларини бузиш операциядан кейин яллиғланиш ўчоқлари ривожланиши, протезнинг силжиши, сурилиши, неврит, суяк ўсиши, оқсоқлик, бел оғриғи каби турли оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.
Эндопротезлаш амалиётидан сўнг уч кун давомида бемор ётоқ режимига тўлиқ амал қилади. Бу даврда нафас олиш ва баъзи енгил машқлар билан чекланилади. 3-5-суткадан беморнинг махсус мослама ёки қўлтиқтаёқ ёрдамида қисқа масофага юришига рухсат берилади. Қолаверса, чаноқ-сон бўғими операция­сида 90 даражадан кам бўлмаган бурчак остида 20 дақиқагача ўтириш тавсия этилади.


Машқлар давомида оёқлар кесишишига йўл қўймаслик учун махсус ёстиқдан фойдаланилади. Ўз навбатида, операция қилинган оёқнинг тўғри бурчакдан кўпроқ эгилмаслигини таъминлаш шарт.
Мушакларни чиниқтирувчи машқларни кунига бир неча марта, 5-10 дақиқа давомида такрорлаш мақсадга мувофиқ.
Шифохонадан уйга жавоб берилгач, ҳаракат-таянч тизимининг тўлақонли тикланиши учун реабилитация қоидалари муҳим. Бу даврда бўғимларга тушадиган юкламалар босқичма-босқич ошириб борилади. Бунда даволовчи мутахассис тавсияларидан фойдаланилади.
Уч ойдан сўнг қўлтиқтаёқни ҳассатаёқ билан алмаштириш мумкин. У 6 ойгача ҳаракатланишга дастак бўлади. Шундан сўнг шифокор бажарилиши керак бўлган янги машқлар тўпламини таклиф қилади. Сузиш, велосипед миниш ва чанғи учиш каби машғулотлар шулар жумласидан.
Реабилитация давомийлиги беморнинг ҳолати, ёши ва саломатлик кўрсаткичларига кўра фарқланиши ҳам мумкин.
Пандемия даврида айрим беморлар белгиланган дори воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиши, айниқса, гормон препаратларини палапартиш қўллаши уларда аваскуляр остеонекроз пайдо бўлишига олиб келди.
Худди шундай омиллар асептик некрозга чалинган беморлар сони кейинги йилларда 3-4 баробар ортишига олиб келди. Таҳлилларимизга кўра, ҳозир бу ҳолат кўпроқ эркакларда кузатилмоқда.
Касалликни сўнгги босқичда самарали даволаш учун марказимизда эндопротезлаш амалиётидан кенг фойдаланиляпти. Бироқ бу ўринда операциядан сўнг реабилитация қоидаларига қатъий амал қилмаслик оғир асоратларни келтириб чиқаришини унутмаслик керак.
Хўш, чаноқ-сон бўғимига эндопротез ўрнатилган беморлар учун соғайиш ва тикланиш даврида қандай хатти-ҳаракатлар тақиқланади?

Белгиланган асосий чекловлар қуйидагилардан иборат:

– югуриш, сакраш;
– 90 даражадан кам бурчак остида олдинга эгилиш;
– кескин ҳаракатлар қилиш;
– дастлабки ҳафталарда ёнбошлаш, чалқанча ётиш;
– 2-3 сантиметрдан баланд пошнали пойаб­зал кийиш;
– оёқларни чалиштириш;
– 2-3 килограмдан оғир юк кўтариш;
– семириш ва ортиқча вазн тўплаш;
– 50 сантиметрдан паст юзада ўтириш;
– тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, газланган ичимликларни истеъмол қилиш;
– меъёридан ортиқча туз ва шакар, консерваланган ҳамда дудланган егуликлар тановул қилиш.

Шуни унутмаслик лозимки, ўтказилган жарроҳлик амалиёти таъсири ва самарадорлиги юқори бўлиши учун беморлар реабилитация қоидалари ҳамда эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишлари шарт.
Физиотерапевтик муолажалар, дори-дармонлар ва жисмоний машқлар шундагина кутилган натижани бериши, шубҳасиз.

Мурод ИРИСМЕТОВ,

Яна ўқинг:  Вегитерианлик одатга айланса...

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: