Теримизга эътиборлимизми?

Турли фаслларда юз берадиган об-ҳаво, олайлик, иссиқ, шабада, шамол ва ёмғирлар терига, албатта, ўз таъсирини кўрсатади. Шу боис барча фаслларда юз терисидан тортиб, сочлар ва қўллар алоҳида парваришни талаб этади.

Нималарга эътибор қаратилади?


Тери организмнинг ҳимоясини таъминловчи асосий органлардан бири. Тери ҳимоя механизмининг тўлиқ фаолияти бактериал қатлам фаолияти ўртасидаги тўсиқ вазифасини ўтовчи безларнинг тўғри ишлашига боғлиқ. Организм ҳимоячиси вазифасини теридаги рамзий патоген ва фойдали бактериялар бажаришини кўпчилик билмаслиги мумкин. Уларнинг тўғри баланси ва ўзаро муносабати терининг куз-қиш мавсумидаги ҳимоя самарадорлигини таъминлайди. Шу сабаб инсон ушбу мавсумда ўз саломатлигига бошқа фаслларга қараганда янада жиддий эътибор қаратиши лозим.

Бунинг учун аввало, соғлом турмуш тарзига риоя этиши ва тўғри овқатланиш (таомномага витамин ва минералларга бой маҳсулотлар киритилиш керак) таомилига амал қилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, зарарли одатлардан воз кечиш, яъни чекиш, алкогол маҳсулотлари истеъмолини камайтириш даркор. Боиси ёмон одатлар натижасида тери ҳолати ўз табиийлигини йўқотади ва организмнинг эрта қаришига олиб келади.

Қандай парваришлаш лозим?


Бундан ташқари, терини ҳимоялашда қуёшдан сақланиш энг биринчи даво чораларидан бири ҳисоб­ланади. Пигментли доғлардан азият чекадиган аёлларга қуёшда иложи борича камроқ юриш ва таркибида SPF кўрсаткичи 15 дан паст бўлмаган кремлардан фойдаланиши тавсия этилади. Бу кремлар юз терисини янги доғлар тушишидан ҳимоялайди. Қолаверса, юзларимиз учун махсус ниқоблардан фойдаланиш ҳам тери саломатлигини муҳофазалашда яхши натижа беради. Хусусан, ёз мавсуми бўлганлиги учун ҳам бу фаслда ниқоб тайёрлашда турли хил мева-сабзавотлардан фойдаланинг. Бодринг, узум ва резавор мевалардан тайёрланган ниқоблар таркибидаги витаминлар терига ижобий таъсир кўрсатиб, уни намлантиради.

Ички организмни тозалаймиз…


Тери чиройли бўлиши учун организмни ичкаридан соғломлаштириш керак. Йил давомида кунига икки литрдан зиёд сув ичинг. Чунки сув тезлик билан ошқозонга ва ичакларга тушади, заҳарли моддаларнинг чиқарилишига ёрдам беради. Ичакларни тозалаб, овқатдан келадиган фойдали моддаларнинг яхши ўзлаштирилишига ҳисса қўшади. Гап шундаки, сув терини намлантиради ва организмдан ортиқча токсинларни ҳайдайди. Бу эса тери таранглашишига, ҳуснбузар ва доғлар каби муаммоларнинг ҳал бўлишига ёрдам беради. Кундалик таомномага А, С, Е витаминларига бой маҳсулотларни киритинг. Булар сабзи, помидор, тухум, жигар, ёнғоқ, балиқ ҳамда турли ҳўл мевалар бўлиши мумкин. Ушбу маҳсулотлар терининг эластиклигини сақлаб қолиб, иммунитетни мустаҳкамлайди.

Яна ўқинг:  Қовоқларингиз учаяптими?

Кундалик пардоз ҳам фойда беради


Косметологларнинг таъкидлашича, пардозни яратишда чегара бўлмаслиги керак. Сабаби, айнан пардоз юз терисини турли фаслларга хос об-ҳаво ўзгариши, яъни шамол, ёмғир, қуёш ва шунга ўхшаш табиат ҳодисаларидан асрайди. Шунингдек, қуруқ об-ҳаво шароитида қўл парваришига кўпроқ эътибор қаратинг. Совундан кўп фойдаланманг ва ҳар гал қўлингизни ювиб бўлгач, улар учун мўлжалланган крем суртишга одатланинг ва тез-тез уқалаш машқини бажариб туринг.

Билсангиз, лаблар ҳам алоҳида парваришга муҳтож бўлади. Лабларингиз ёрилмаслиги ёхуд қуриб қолмаслиги учун лаб бўёғи суртишдан олдин махсус малҳамдан фойдаланинг. Лаблар учун мўлжалланган махсус малҳамни косметика дўконлари билан биргаликда барча дорихоналардан ҳам топиш мумкин.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сочлар ҳақида ҳам алоҳида қайғуриш фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки бугунги кунда кўпчиликда соч тўкилиши ва гуллаши каби муаммолар кўпаяди. Бунинг олдини олиш учун ҳафтада бир маротаба бошингизга махсус тайёрланган турли ниқоблардан фойдаланишингиз мумкин.

Наргиза ИКРОМОВА,

шифокор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: