
Одамзот табиати қизиқ. На совуққа, на иссиққа чидайди. Қишда ёзни, ёзда эса қишни қумсайди. Аслида, ҳар фаслнинг ўз зийнати бор. Хусусан, ёз офтобининг ҳам соғлиқ учун фойдаси кўп. Биологлар жазирамада қуёш тафтидан ҳимояланиш ниҳоятда муҳим, дея таъкидлашади.
Негаки, бу пайтда ультрабинафша нурлари таъсири кучаяди. Шуни инобатга олиб, кундуз соатларда очиқ ҳавода мавсумга мос бош кийим кийиш ёки соябон тутиш зарур. Ҳавони ўтказувчи матодан тайёрланган кийим ва қуёш нурини қайтарувчи кўзойнак ҳам айни муддао. Офтоб тиғида ишлаш зарурати туғилганда албатта ўзимиз билан сув олиб чиқишимиз лозим. Чунки иссиқ туфайли танамизнинг сувга бўлган эҳтиёжи ҳар қачонгидан ортади. Бу эҳтиёжни қондириш учун кўк чой, шарбатлар, наматак дамламаси ҳамда кунига 3-4 литр сув ичиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бодринг, помидор, тарвуз, қовун, олма, ўрик, олхўри, карам сингари мева-сабзавотлар истеъмоли билан ҳам танамизни сувсизланишдан асраш, витамин, минерал моддалар билан таъминлаш мумкин.
Бундан ташқари, мутахассислар мавсумда асал, новвот, қази, қаҳва, алкоголли ичимликлар, ёғли, шўр таомлар ва қийин ҳазм бўлувчи егуликларни имкон қадар кам истеъмол қилишни тавсия этади. Чунки бундай маҳсулотлар юракни лоҳас қилади, ортиқча терлашга сабаб бўлади. Оқибатда организмдан фойдали минерал тузлар чиқиб кетиши баъзи кўнгилсизликларни келтириб чиқаради.
Жазираманинг яна бир ноқулайлиги – ланжлик, тез чарчаш, қон-томирлар, бутун организм фаолиятида толиқишни юзага келтиради. Бунда оқшом пайти чим ёки шағал устида оёқяланг юриш керак. Чунки оёқ кафти ва товонида барча ички аъзолар фаолиятига таъсир этувчи нуқталар жойлашган. Бу нуқталар ҳаракатланса мия, юрак, буйрак, ўпка, меъда-ичак тизими, жигар, талоқ, ўтпуфак каби органлар фаолияти меъёрлашади.
Шарқираб оқаётган дарё суви ҳам салқинланишимизга ёрдам беради. Иссиқдан чарчаган одам борки, муздек сувда чўмилишга ошиқади. Мутахассислар эса иссиқ кунда совуқ сувга тушиш оқибатида қон-томирлар тортишиши, асаб-руҳий тизимда ҳам баъзи ноқулайликлар келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантиради. Шунинг учун чўмилишдан аввал салқин жойда бироз ўтириб, танани совутиш керак. Шунингдек, бундай пайтда жисмоний машқлар бажариш ман этилади. Бу ҳаракатлар юрак фаолиятининг бузилишига, офтоб уришига сабаб бўлиши мумкин. Агар танада қизариш, кўнгил айниб, қайт қилиш, қалтироқ босиш ёки ҳушдан кетиш кузатилса – бу офтоб уриши белгиси. Бундай ҳолатда жабрланган кишини зудлик билан салқин жойга ўтказиб, муздек чой ёки сув ичириш керак. Матони намлаб баданини, томоқ, бўйин ва гавда қисмларини артиш лозим.
С.АЛЛАЁРОВА
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
СаломатликЎқувчилар таомномаси қандай бўлиши лозим?
Соғлом фарзанд оила қувончи, ота-онанинг бахти, ҳаёт давомчиси ҳисобланади. Шу боис ҳар бир оилада бола парваришига, унинг соғлом таомланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўғил-қизл
СаломатликҲомиладорликда тишларни даволатиш мумкинми?
Ҳомиладорлик – аёл организмида катта ўзгаришлар юз берадиган палла. Хусусан, бу даврда тишлар ва милк билан боғлиқ айрим муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Хўш, бундай пайтда аёллар ти
СаломатликОртиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси
1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ
Эрталаб нонушта қилишга одатланинг, акс ҳолда…
Баъзилар ишга ёки ўқишга шошилиб, эрталаб тамадди қилишни унутиб қўйса, айримлар нонушта қилишни хоҳламайди. Аммо бу ҳолат мунтазам давом этса, инсон организми учун жиддий оқибатла
