Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Она сути ўрнини энг сифатли сунъий озуқалар ҳам босолмайди

11.10.2024
91 марта ўқилди
Она сути ўрнини энг сифатли сунъий озуқалар ҳам босолмайди

Она сути – гўдаклар учун энг мукаммал озуқа. Унинг таркибида чақалоқларни кўплаб касалликлардан ҳимоя қилувчи антитаналар мавжуд. Шу боис халқаро ҳужжатларда гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан парваришлашни муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар жамият саломатлигини сақлашдаги муҳим вазифа эканлиги белгилаб қўйилган.

Она сути – ҳаётнинг биринчи йилидаги болалар учун энг идеал озуқа. У ўзида витаминлар, гормонлар ва антителалар каби ҳаёт учун муҳим бўлган фойдали моддаларни керакли миқдорда жамлаган. Унинг ўрнини, ҳатто, энг сифатли ва қиммат сунъий озуқа маҳсулоти ҳам босолмайди.
Ажабланарлиси, она сути куннинг вақтига ва боланинг ёшига қараб ўзгариб турадиган ноёб таркибга эга. Чақалоқ туғилганда оғиз сути бўлиб, у улғайгани сайин оқсиллар, ёғлар, углеводлар, иммун компонентлар ва антигеник таркиб ўзгариб боради. Ҳатто, оғиз сутини боланинг биринчи эмлаши деб ҳам аташ мумкин. Чунки у энг кўп миқдордаги антикорларни ўз ичига олади.


Фақат она сутидагина боланинг тўлиқ ривожланиши учун зарур бўлган муҳим амино– ва ёғли кислоталар мавжуд. Бу неъмат гўдакда аллергик реакция ҳосил қилмайди. Ундаги зардоб оқсиллари эса кичкинтойнинг ҳужайраларига ўхшагани учун осонгина сўрилади ва қонга ўзгармаган ҳолда киради.

Қолаверса, бу озуқа кучли инфекцияга қарши хусусиятга эга. Айтиш лозимки, гўдак ҳаётининг биринчи йилида унинг иммунитети етук бўлмайди (у фақат 3 ёшда шакл­ланади). Шу боис, ҳар бир она эмизиш орқали ўз фарзандига керакли ҳимояни бера олади. Яъни она сути ёзда ичак инфекциялари, қишда вирусли ва бактериал касалликлардан асрайди.
Бундан ташқари, бу бебаҳо неъмат билан озиқланиб, улғайган болалар ҳар томонлама яхши ривожланади. Рахит, камқонлик касаллиги, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши каби хасталиклар деярли кузатилмайди. Зотилжам билан эса камдан кам ҳолларда оғрийдилар.


Афсуски, айрим оналар қарши кўрсатма бўлмаса-да фарзандини кўкрак сути билан эмас, балки сунъий озиқлантириш орқали катта қилишни афзал кўради. Бу билан улар гўдакни касалликларга дучор қилиш хавфини оширади. Ҳатто, айрим олимлар сунъий озиқлантиришни бола учун «метаболик стресс» деб ҳам атайди. Бундай болалар кўпинча нафас олиш ва ичак инфекцияларига мойил бўлгани учун махсус тиббий назоратда бўлиши керак. Шунингдек, эмизиш она соғлиғи учун ҳам жуда муҳим. Жумладан, эмизиш пайтида улардан ажраладиган гормонлар бачадоннинг қисқаришига ёрдам бериб, қон йўқотилишини камайтиради. Бу эса камқонлик хавфини олдини олади.

Шу билан бирга, бундай аёллар туғилгандан кейин тезроқ тикланади. Эмизикли оналар деярли ҳеч қачон туғуруқдан кейинги депрессияни бошдан кечирмайдилар. Уларда кўкрак, тухумдонлар ва бачадон саратони ривожланиш хавфи сезиларли даражада паст бўлади.

Барно ОДИЛОВА,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
бўлим бошлиғи

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Ҳомиладорликда тишларни даволатиш мумкинми?Саломатлик

Ҳомиладорликда тишларни даволатиш мумкинми?

Ҳомиладорлик – аёл организмида катта ўзгаришлар юз берадиган палла. Хусусан, бу даврда тишлар ва милк билан боғлиқ айрим муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Хўш, бундай пайтда аёллар ти

29.11.2024510
Ўқувчилар таомномаси  қандай бўлиши лозим?Саломатлик

Ўқувчилар таомномаси қандай бўлиши лозим?

Соғлом фарзанд оила қувончи, ота-онанинг бахти, ҳаёт давомчиси ҳисобланади. Шу боис ҳар бир оилада бола парваришига, унинг соғлом таомланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўғил-қизл

24.01.2025322
Ортиқча вазнли  инсонлар  учун соғлом  овқатланишнинг 5 та муҳим қоидасиСаломатлик

Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси

1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ

10.09.2024284
Эрталаб нонушта қилишга одатланинг, акс ҳолда…Саломатлик

Эрталаб нонушта қилишга одатланинг, акс ҳолда…

Баъзилар ишга ёки ўқишга шошилиб, эрталаб тамадди қилишни унутиб қўйса, айримлар нонушта қилишни хоҳламайди. Аммо бу ҳолат мунтазам давом этса, инсон организми учун жиддий оқибатла

15.11.202497