Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

Олимпия ва Паралимпия, Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларида юксак натижаларга эришган, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган спортчилар ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда уларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш, халқаро спорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жаҳонда Ўзбекистоннинг обрўсини янада юксалтириш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялар (уюшмалар) билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларини жисмоний тарбия ва спорт соҳасини бошқаришга фаол кўмаклашиш, жамоат ва спорт ишларига босқичма-босқич жалб этишга доир “Катта спортдан кейинги фаолият” ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
  1. 2018 йил 1 январдан бошлаб нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларига тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларига тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасининг тегишли йил учун Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан тўланишини назарда тутсин.
  1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
  1. Белгилаб қўйилсинки:

Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар учун тўланадиган умрбод ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади;

Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Миллий олимпия қўмитаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Ўзбекистон спортчиларига тўланадиган ойлик тўловлар ва уларни санаторий-соғломлаштириш муассасаларига юбориш йўлланмалари ҳамда юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаган тренерларга бир марталик пул мукофотлари беришнинг молиялаштириш манбалари ҳисобланади;

нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларига тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси (А.Н.Арипов) томонидан кўриб чиқилади ва тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан амалга оширилади.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки ой муддатда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари учун тўланадиган умрбод ойлик тўловлар ва юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаган тренерларга тўланадиган бир марталик пул мукофотларини бериш тартиби тўғрисидаги ҳамда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларининг саломатлигини санаторий-соғломлаштириш муассасаларида мустаҳкамлаш тартиби тўғрисидаги низомларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Яна ўқинг:  ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ – УЗОҚ УМР КАФОЛАТИ

икки ой муддатда Ўзбекистоннинг юқори малакали спорт мутахассислари­ни ва машҳур спортчи ватан­дош­ларимизни мамлакатимизга хориж мамлакатлардан олиб келиш, уларни жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш ишларига жалб этиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, меҳнатларини моддий рағбатлантириш чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;

уч ой муддатда Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, мамлакатимизнинг нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндор спортчилари тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида улар учун 3 ва 6 ойлик қисқа муддатли махсус ўқув курслари ташкил этсин;

уч ой муддатда Тренерлик фаолияти билан шуғулланиш юзасидан аттестациядан ўтказиш бўйича Республика комиссияси томонидан махсус ўқув курсларини битирган Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли равишда рухсат бериш тартибини жорий қилсин;

икки ой муддатда Ўзбекистоннинг номдор спортчиларини хусусий спорт муассасаларини ташкил этишга кўмаклашиш, бириктириладиган ҳомий ташкилотларнинг амалий ёрдам бериш турлари (бино ва иншоотлардан бепул фойдаланиш, маблағлар ҳамда спорт анжомлари билан таъминлаш ва ҳ.к.) бўйича таклифлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш механизмини белгиловчи тизимни яратиш бўйича чоралар кўрсин;

бир ой муддатда Республика олий спорт маҳорати мактаблари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва Республика спорт мактабларида “Спортчи” лавозимини жорий этиш, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилашни ўз ичига олган Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб сиртқи бўлимни ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
  1. Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар хусусий спорт муассасаларини ташкил этиши учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси тақдимномасига асосан:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси спорт йўналишидаги фаолиятни сақлаб қолиш шарти билан, ўрнатилган тартибда “ноль” қийматида бўш бино ва иншоотлар берилиши ҳамда аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан ер участкалари ажратилишини таъминласин;

тижорат банклари томонидан имтиёзли ва узоқ муддатли кредитлар ажратилиши тавсия этилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар) билан биргаликда бир ой муддатда Олимпия ва Паралимпия, Осиё ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорларининг бой ҳаётий тажрибаси ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш, уларни ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш жараёнларига фаол жалб этиш, халқаро спорт ташкилотлари билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жаҳонда Ўзбекистоннинг обрўсини янада юксалтиришда уларнинг ролини кучайтириш бўйича ҳамкорликдаги комплекс чора-тадбирларни тасдиқласин.
  1. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчилари иштирокидаги реклама маҳсулотларини имтиёзли жойлаштириш тартибини ишлаб чиқсин ва 2018 йил 1 январдан жорий этилишини таъминласин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистоннинг иқтидорли спортчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, етакчи хорижий спорт муассасаларида шартнома асосида малака оширишларини ташкиллаштириш, халқаро спорт алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон спорт агентлари ва селекционерлари уюшмаси”ни ташкил этиш ва унинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратишга доир барча масалаларни ҳал этилишини таъминласин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги юқори маҳоратли спортчилар ҳамда уларнинг тренерлари фаолияти ва эришган ютуқларини ёш авлодга ўрнак қилиб кўрсатиш мақсадида босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳоли орасида мунтазам ва кенг ёритилишини таъминласинлар.
  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси А.Н.Юнусходжаев зиммасига юклансин.
Яна ўқинг:  Ёш футболчиларимиз муваффақияти

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 10 август

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга

эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт

ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва

уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон миллий терма жамоалари спортчиларининг Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритишлари, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори, спорт салоҳияти ва ютуқлари тизимли равишда ошиб боришини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизда ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бораёт­ган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада спорт мусобақаларини ўзида мужассамлаган уч босқичдан иборат яхлит тизим яратилди. Мазкур тизим орқали нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчилар етишиб чиқмоқда.

Бугунги кунда юқори малакали спортчиларни тайёрлашда машаққатли меҳнат ва катта куч талаб этилишини инобатга олган ҳолда спортчиларнинг ўз маҳоратларини мунтазам ошириб боришлари, жисмонан ва маънан етуклигини таъминлаш билан бирга, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириб бориш зарур.

Мазкур соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбе­кис­тон Республикаси Президентининг “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ кенг миқёсдаги аниқ мақсадли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Жумладан, Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларини жисмоний тарбия ва спорт соҳасини бошқаришга фаол кўмаклашиш, жамоат ва спорт ишларига босқичма-босқич жалб этишга доир “Катта спортдан кейинги фаолият” ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилиши белгиланган.

Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларига тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантириш миқдорлари белгиланган. Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар учун умрбод тўланадиган ойлик тўловлар ва уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилиши назарда тутилган.

Юқори маҳоратли спортчилар узлуксиз равишда ўқув-машғулот жараёнида бўлишларини таъминлаш мақсадида, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида сиртқи бўлим очиш юзасидан аниқ таклиф киритиш белгиланди. Бу, ўз навбатида, спортчиларга машғулот ва мусобақалар билан боғлиқ фаолиятларидан ажралмаган ҳолда таълим олишларига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги билимларини оширишга ва келажакда мураббийлар сафига қўшилишларига имконият яратади.

Яна ўқинг:  Бухорода илк марта сайёҳлар учун электромобиллар хизмати йўлга қўйилди

Қарорга мувофиқ, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари, мамлакатимизнинг нуфузли спорт мусобақалари ғолиб ва совриндор спортчилари тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида 3 ва 6 ойлик қисқа муддатли махсус ўқув курслари ташкил этилиши ва Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига тренерлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли равишда рухсат бериш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг машҳур спортчиларига хусусий спорт муассасаларини барпо этиб, ўзларининг маҳорат мактаб­лари фаолиятини кенг йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида уларга “ноль” қийматида бинолар бериш, ер ҳамда банклардан кредитлар ажратиш, бошқа имтиёзлар бериш юзасидан зарур чоралар кўриш белгиланди.

Мазкур қарор Ўзбекистонда спортчи ва мураббийларни моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, дунёга машҳур спортчи­лари­мизга хусусий спорт муассасаларини очиш йўли билан нуфузли халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этадиган спортчилар захирасини тайёрлашда муносиб ҳиссаларини қўшишларига имконият яратади.

Қарор доирасида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг жамиятимиз ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчилар ва уларнинг тренерлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш, қолаверса, нуфузли халқаро майдонларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчиларимиз сафларини тобора кенгайтиришга хизмат қилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: