Тиббиёт ва тараққиёт: кўргазма соҳа ривожига хизмат қилади

ПОЙТАХТИМИЗДАГИ “ЎЗЭКСПОМАРКАЗ” КЎРГАЗМАЛАР ЗАЛИДА “СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ – TIHE 2017” КЎРГАЗМАСИ БОШЛАНДИ. ТАДБИР ЎЗБЕКИСТОН СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ, ТАШҚИ САВДО ВАЗИРЛИКЛАРИ, САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИ, “ЎЗФАРМСАНОАТ” АКЦИЯДОРЛИК КОНЦЕРНИ, “ЎЗТИБТЕХНИКА” МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТИ, СТОМАТОЛОГЛАР УЮШМАСИ ВА “ITE UZBEKISTAN” ХАЛҚАРО КЎРГАЗМА КОМПАНИЯСИ ҲАМКОРЛИКДА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида бу йўналишда кенг қамровли вазифалар белгиланган.

Ушбу чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қатор дастур ва лойиҳалар қабул қилинди. Хусусан, шошилинч тиббий ёрдам ва бирламчи тиббий-профилактика тизимини такомиллаштириш, онкология хизмати ва хусусий тиббиёт муассасалари фаолиятини кенгайтириш, фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашга оид ишлар амалга оширилмоқда. Илм-фан эришаётган ютуқларни амалиётга татбиқ этиш, тиббиётнинг турли йўналишларида янги-янги, самарадор технологияларни яратиш, улардан диагностика ва даволаш жараёнида оқилона фойдаланишга йўналтирилган ишлар янада кенгаймоқда.

Мазкур кўргазмада Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Голландия, Бирлашган Араб Амирликлари, Покистон, Польша, Россия, АҚШ, Туркия, Украина, Чехия, Швейцария, Эстония, Жанубий Корея ва Япония каби дунёнинг 18 мамлакатидан 200 дан ортиқ компания иштирок этаётгани тадбир нуфузидан далолат беради.

Германиянинг “Heinemann” компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан тақдим этилаётган гинекологияда қўлланиладиган замонавий кольпоскоп, оториноларингология соҳасида ишлатиладиган лор-комбайн, шошилинч тиббиёт тизимида реанимация ёрдамини ташкил этишда, жарроҳлик соҳасида қўлланиладиган замонавий тиббий асбоб-ускуналар мутахассисларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

– Кўргазма юқори савияда ташкил этилган, – дейди “Perlong medikal” компанияси менежери Хингхинг Зҳанг. – Тадбирда дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ўзларининг энг сўнгги технологиялари билан иштирок этаётгани Ўзбекистон тиббиётининг ўзига хос салоҳиятидан далолат беради. Ушбу кўргазмага жаҳон илм-фанининг энг янги ишланмалари билан келдик. Бир неча турдаги замонавий рақамли рентген технологиялари, маммограф, стоматология ва наркоз аппаратларимиз диагностика ва даволаш ишларида юқори самарадорликка эга. Ушбу тиббий воситаларимиздан Ўзбекистондаги қатор шифо муассасаларида кенг фойдаланилмоқда. Ушбу тадбир янги ҳамкорлар излаб топиш, тажриба алмашишда катта имконият яратади.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимига жаҳон илм-фани ютуқларини кенг татбиқ этиш баробарида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, илм-фан ютуқларини такомиллаштириш ва улардан амалиётда фойдаланиш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида маҳаллий фармацевтика саноати ривожланмоқда.

Яна ўқинг:  Фолий кислотаси организм учун қандай аҳамиятга эга?

“Замона Раъно” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган гиёҳчойлар ҳам саломатликни асрашда муҳим шифо воситаси сифатида тилга олинади. Менежер Гулнора Одилхонованинг айтишича, корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти йилдан-йилга кенгаймоқда. Бугунги кунда юздан зиёд маҳсулотни ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилган. Экспорт ҳажми ва жўғрофияси тобора ошиб бораётир. Айниқса, АҚШ, Россия, Украина каби давлатларда корхона маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани, мамлакатимиз тиббиёт илм-фани ва фармацевтика саноатининг ўзига хос салоҳиятини намоён этади.

“FOM GROUP” масъулияти чекланган жамияти ахборот-технологиялари ва фармацевтика соҳасида 2007 йилдан бошлаб фаолият юритиб келаётган истиқболли маҳаллий компаниялардан биридир. Улар томонидан тақдим этилаётган бизнес жараёнларини оптималлаштириш учун самарали воситаларни ишлаб чиқарувчи ҳамда халқимизга фармацевтика маҳсулотлари ҳақида тезкор ва аниқ маълумот билан таъминлашга кўмак берувчи дастурлаш лойиҳалари мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Компаниямиз томонидан тақдим этилаётган N-APTEKA дастурли комплекси дорихона ва дорихона тармоқларини автоматлаштириш учун ишлаб чиқарилган бўлиб, у товарларни аниқ рўйхатга олиш, дори воситаларининг сақлаш маълумотини назорат қилиш, чегирмалар тизимини шакллантириш, ишчилар назорати каби бир неча вазифаларни ўзида жамлаган. Бундан ташқари 120 дан ортиқ улгуржи корхоналарнинг жамланма прайси бўлиб, товарларни энг арзон нархларда харид қилиш, арзон нархларда буюртмаларни расмийлаштириш, товарларни интернет орқали брон қилиш каби дастурлар ҳам тақдим этилмоқда, – дейди компания менежери Наргиз Қосимова.

Тиббиёт техникаси ва ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари, хомашё ва технологиялар, стоматология ускуналари ҳамда эстетик тиббиётга оид стендларни қамраб олган кўргазмада касалликларга аниқ ва чуқур ташхис қўйиш, жарроҳлик муолажаларини замонавий усулларда бажаришга ихтисослашган юқори технологиялардан тортиб лаборатория-таҳлил соҳасида яратилган янги ишланмалар, неонатология, скрининг хизмати, педиатрияга оид ихтиролар, фармсаноат ютуқлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Кўргазма доирасида намойиш этилаётган тиббий ускуналар нафақат мамлакатингиз аҳолиси, балки биз ҳиндистонликлар учун ҳам жуда қизиқарли дейди, – “Parle Elizabeth” компанияси бош менежери Гириш Кулками. – Бизнинг тиббий дори воситаларини прессловчи ускунамиз кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Кўргазма иштирокчилари учун яратиб берилган кенг имкониятлар бизни янада қувонтирмоқда.

Кўргазма доирасида лаборатория ва диагностика соҳасида қўлланилаётган янги технологиялардан фойдаланишнинг самарали усулларига оид илмий-амалий семинарлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Яна ўқинг:  Гимнастикачиларимиз шоҳсупада

 

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: