МАҲАЛЛАДА 5 СЕКТОР

улар Қандай вазифани бажаради?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида аҳолининг саломатлигини кўзлаб амалга оширилаётган ишлар замирида ҳам энг аввало, ёш авлоднинг соғлом муҳитда вояга етиши кўзда тутилган. Бунинг учун тизимда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда бешта сектор – “Оилага кириш сектори”, “Жиноятчилик профилактикаси сектори”, “Бандлик сектори”, “Саломатлик сектори”, “Таълим ва тарбия сектори” белгиланган режа асосида фаолият юритади. Секторларга ҳудуддаги давлат ва жамоат ташкилотлари етакчилик қиладилар ва ҳамкорликда иш олиб борадилар. Ҳар бир сектор ўз тузилишига, вазифаларига эгадир. Биргина мисол, Миробод туманидаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган “Саломатлик сектори”нинг фаолияти намунали тарзда олиб борилмоқда.

– Маҳалламизда уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Бойсариев. – Уларнинг турмуш тарзини, кундалик ҳаётини, айниқса, саломатлигини назорат қилиб бориш учун махсус секторлар ташкил этилган. Масалан, “Саломатлик сектори”нинг фаолиятига тўхталсам, сектор аъзолари соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ҳафта кунларини тақсимлаш режасини ишлаб чиқишган. Унга кўра ҳафтанинг душанбаси нуронийлар куни, дея белгиланган. Бу куни сектор аъзолари ҳудуддаги кекса ва нуронийлардан хабар олиб, касалликлар профилактикаси, дори-дармонлардан оқилона фойдаланиш ва хонадоннинг саранжом-саришта, озодалигида кексаларнинг йўл-йўриқлари хусусида суҳбатлашади. Сешанба кунида ҳудуддаги ҳомиладор аёллар билан ҳомиладорлик давридаги зарур қоидалар, бехатар оналик каби мавзуларда суҳбатлар уюштиради ва муаммолари бўлса, ҳамкорликда чоралар кўрилади.

Чоршанбада ҳудуддаги ўсмирлар билан шахсий гигиена, зарарли одатлардан сақланиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари хусусида суҳбатлар ўтказади. Пайшанба эса хонадон тутими ва экология масалаларига бағишланади. Жума хотин-қизлар билан оилада санитария ҳолатининг яхшиланишида бекаларнинг роли, қизларни мустақил ҳаётга ва оилага тайёрлаш, соғлом турмуш тарзи афзалликлари хусусида суҳбатлар ўтказиш белгиланган. Шанба куни эса маҳалладаги ўқув муассасаларига бориб, ўқувчиларда гигиеник саломатликни шакллантириш, спорт билан дўстлашишнинг фойдаси, ичиш-чекиш каби зарарли одатлардан сақланиш каби мавзуларда суҳбатлар ўтказилади.

Дарҳақиқат, “Истиқолол” маҳалласида секторларнинг фаолияти анча яхши йўлга қўйилган. Маҳалла гузарида секторлар учун махсус хона ташкил этилган. Одамлар истаган пайтда ўз муаммолари билан уларга мурожаат қилиши мумкин. Ҳудудни кўздан кечирар экансиз, атрофда анвойи гуллар, райҳон ифори таралиб туради. Теваракнинг саранжомлиги аҳолининг саришталигидан далолат беради.

Яна ўқинг:  БОЛА қувончи – ОЛАМ қувончи

– Муборак Қурбон Ҳайити арафасида катта ҳашар ўтказдик, – дея сўзини давом эттиради Бахтиёр Бойсариев. – Кексаларни йўқлаб хонадонларга бордик. Эҳтиёжманд оилаларга байрам совғалари улашилди. Хайрли ишлар давом этиб, “Саломатлик сектори” аъзолари бошчилигида ҳудуддаги болалар қиш мавсуми олди шифокор назортидан ўтишди. ЎРВИ (ўткир респиратор инфекциялар) ва грипп сезилган болалар ҳудудимиздаги поликлиникада даволанди. Аҳоли саломатлиги йўлида олиб борилаётган бу каби ишлар сектор аъзоларининг самарали меҳнат қилаётганини билдиради.

Албатта, соғлом фарзанд туғилиши, унинг тарбиясини тўғри йўлга қўйиш бир қанча омилларга боғлиқ. Ҳудудларда “Саломатлик сектори”нинг ташкил этилгани, маҳалла, оила ва поликлиникалар ҳамкорлиги ана шу тарбияни ҳар томонлама мустаҳкам бўлишини таъминлаётир. Зеро, соғлом муҳитда соғлом бола вояга етади.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: