Уй ҳайвонлари фарзандингизнинг жисмоний ва ақлий ривожланишига қандай таъсир этади?

Уй ҳайвонлари инсонларнинг энг меҳрибон дўстлари саналади. Улар сизни борича қабул қилади, чин дилдан ардоқлайди. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, ҳайвонлар болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожланишида ўзига хос ўринга эга экан. Улар билан ўзаро муомалада бўлган бола бағрикенг, жавобгарликни ҳис қиладиган, яқинларига ғамхўр, эътиборли бўлишни ўрганади.
Фарзандингиз ҳайвондан инсонга ўхшайдиган жиҳатларни излайди. Унга худди дўсти сингари сирлари, қўрқуви ва хавотирларини айтади. Қолаверса, жонзотлар оилавий муносабатдаги етишмовчиликларни бартараф этишга кўмаклашади. Масалан, болага ота-она томонидан кам эътибор қаратилса, у бу бўшлиқни севимли ҳайвони билан “тўлдириш”га уринади. Шунингдек, уй ҳайвонлари билан ишлаш жараёнида фарзандингизнинг ақлий ва ижодий қобилияти ўсади. У ўзининг суюкли жониворининг суратларини чизади, у ҳақида ҳикоя ўйлаб топади. Натижада эса болакайнинг табиат, ҳайвонот дунёси ҳақидаги билимлари бойиб боради.
Олимларнинг қайд этишича, уй ҳайвонлари кичкинтойларни даволаш хусусиятларига эга экан. У руҳий зўриқиш ва яна бир қанча касалликларга қарши самарали восита саналади. Масалан, балиқнинг сузишини кузатиш, асабни тинчлантириш билан бирга, А (сариқ касали) гепатит билан оғриган болажонларга яхши фойда беради. Ҳозирда ҳатто Европа мамлакатларида шифокорлар ҳайвонлар ёрдамида инсонларни даволашмоқда. Буюк Британия дорихоналарида эса оқ рангли “даволовчи” мушуклар мавжуд. Аммо “танганинг икки томони бўлганидек”, аллергияга мойиллиги бор болажонларга мушук боқиш тавсия этилмайди.
Қайд қилинишича, уй ҳайвонлари бор хонадонларда фарзандлар ўртасида юзага келадиган зиддиятли вазиятлар кам кузатилади. Улар иммунитетни кўтариш хусусиятига эга. Уйда ит ёки мушук боққан боланинг инфекцияларга курашувчанлик даражаси юқори бўлади. Қолаверса, ити бор болаларнинг атрофида дўстлари кўп бўлади, одамлар билан тез муносабатга киришиб кета олишади.
Мушуклар билан одатда 3 ёшгача бўлган болаларнинг ўйнаши тавсия этилмайди. Чунки, у аллергик реакцияларга сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Тўти ва бошқа турдаги қушлар нутқида нуқсони бор болалар учун айни муддао. Бола қушга гапиришни ўргатиш баҳонасида ўзи тўғри сўзлашни ўрганиб олади. 3-4 ёшгача бўлган болаларни қушларга жуда яқин боришдан эҳтиётлаган маъқул. Сабаби қуш кутилмаганда фарзандингизни чўқиб, унга жароҳат етказиши мумкин. Сайроқи қушлар бола кайфиятига ижобий таъсир этади. Орнитологларнинг таъкидлашича, уларнинг сайраши инсоннинг касаллик билан курашишига самарали таъсир кўрсатар экан.
Балиқ фаол, эмоционал, касалликка тез чалинувчи болалар учун айни муддао саналади. Аквариумдаги балиқларнинг сузишини кузатиш асаб фаолиятини тинчлантиради, кўриш қобилиятининг ўткирлашишига самарали таъсир этади. Шунингдек, балиқлар аллергик реакцияларни чақирмайди, паразитларнинг тарқалишига сабабчи бўлмайди.
Қайси ёшда қандай уй ҳайвонларини боқиш мумкин?
Уй ҳайвони танлашда боланинг ёшини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга. 2 ёшгача бўлган болалар жонзотларга ғамхўрлик қилолмайди. Ундан катта болаларга эса уй ҳайвонларини бемалол сотиб олиб бериш мумкин. 3-5 ёш фарзандингиз жониворларга бемалол қарай олмайди, унга сизнинг кўмагингиз зарур. Бу ёшдаги болаларга балиқ ҳамда қуш боқиш тавсия этилади.
Кичкиналарга бу ёшда ҳайвонлар ва уларнинг феъл-атвори ҳақида ҳикоя қилиб бериш зарур. Шунда бола аквариумга ҳамма нарсани ташлаш мумкин эмаслиги, мушукнинг думидан тортса, унинг жони озор чекишини тушунади.
5-9 ёшга келиб болага жонзотларни ишониб топширса бўлади. Лекин ота-оналар фарзандининг ҳайвонларни парваришлаш, овқатлантириш ва чўмилтириш пайтидаги камчиликларини тўлдириб боришлари лозим. 9 ёшга келиб, бола жониворларни ўйинчоқ эмаслиги, уларга меҳрибон муносабатда бўлиш лозимлигини тушунади.
Бола феъл-атвори (темпераменти)га қараб ҳайвон танлаймиз
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларКунига бир километр пиёда юриш саломатликка қандай таъсир кўрсатади?
Пиёда юриш – жисмоний машқлар орасидаги энг осон ва қулай тури. Юриш саломатлик учун фойдали бўлибгина қолмай, инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир этади. Хўш, пиёда юришнинг
Тиббий сабоқларКомпьютер ва телефон саломатликка қандай таъсир этади?
Бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларига инсон тафаккурининг маҳсули бўлган замонавий технологияларнинг шиддат билан кириб келиши, янгидан-янги имконият ва қулайликларни яратмоқда, жам
Тиббий сабоқларАнтибиотиклар вирусли касалликларда акс таъсир кўрсатади(ми?)
Инсон дардга чалинганида, хасталикдан тезроқ соғайиб, оёққа туришни, оғриқлардан зудлик билан халос бўлишни истайди. Шундай вазиятда аксарият ўзбошимчалик билан антибиотикларни қўл
Тиббий сабоқларXXI асрнинг янги эпидемияси: телефонга қарамлик болаларнинг саломатлигига қандай таъсир кўрсатади?
Бугун гаджетлар ҳаётимизнинг ажралмас қисми, турли вазиятларда «ёрдамчи»мизга айланган. Керакли маҳсулотни харид қилиш, бирон инсон билан тез боғланиш, зарур маълумот олиш ёки юбор
