Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

“Тарбиячи” болакай

20.02.2014
29 марта ўқилди
“Тарбиячи” болакай

Ҳовли дарвозаси очилиб, ичкарига беш яшар Асомиддин жажжи машинасини судраганича кириб келди. Ортида турган дўсти Ҳожиакбарга қарата – Юр, ўртоқ, уйда “танк, танк” ўйнаймиз, – дея уни ичкарига имлади. Кун совуқ бўлишига қарамай болакайга эргашиб юпун кийинган, бўйи бироз Асомиддиндан бўйчанроқ Ҳожиакбар ҳадик билан ичкарига мўралади-да, ҳовлида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб аста остона ҳатлади. Бу икки болакай иноқ дўст.

Маҳаллада Асомиддиннинг тенгқурлари кўп бўлса-да, уларнинг ўйинига кўп ҳам бош қўшмасди. Болакай вақт топди дегунча Ҳожиакбарнинг уйига ошиқар, у билан мароқ билан ўйнар, қош қорайганини ҳам сезмай қоларди. Одатда болалар кўп вақт давомида биргалашиб ўйнашса, баъзан улар орасида тортишув бошланади. Аммо бу дўстларнинг иноқлиги бўлакча, дўстлиги бир олам. Асомиддиннинг ойиси Нигора опа “ҳа” деганда ўғлини ўртоғининг уйидан топарди.

Ҳовли саҳнига кирган болалар аста пешайвонга кўтарила бошлади. Шу пайт ошхонадан мўралаган Нигора опа болаларга баланд овозда “Йўл бўлсин! Тепада нима бор? Яна ҳамма ерни тўзитмоқчимисанлар! Асом! Сенга неча марта айтганман, “думингни” етаклаб келмагин деб. Ҳожиакбар сени -ойинг қидириб қолади, бор уйинга чиқиб ўйнагин” дея ўшқирди. Болакай жазаваси тутган онасига юзланиб “Ойижон, ўртоғимку!” деганча бироз хархаша қилди. Онасининг раъйига қарши боролмаслигини билган Асомиддин аста дўстининг қулоғига шивирлади: “Хафа бўлма Ҳожи, бошқа сафар ўйнаймиз”.

Иссиққина уйда севимли ўйинларини ўйнолмаслигини билган болакайлар ҳафсаласи пир бўлиб, аста кўчага чиқишди. Дарвоза ёнида Ҳожиакбарнинг бувиси Хадича буви қўлида сочиққа ўралган коса кўтариб турарди. У эндигина қўшни уйига яқинлашиб, дарвозани очмоққа чоғланган эди. Бехосдан бувисини кўрган Ҳожиакбар “Бувижон, мени қидирдингизми? Мен Асомларникида “танк-танк” ўйнамоқчи эдим, дея гўё дўстининг ойиси эшик очиб яна койиб берадигандек болаларча ҳадик билан секин овозда гапирди. Бехосдан қўшнисининг болаларга қилган қўпол муомаласини эшитиб қолган буви болаларга юзланиб, вазиятни ўнглаш мақсадида “Қамар отанинг бироз тоблари йўқ, шунинг учун шовқин солманглар демаганмидим. Юринглар бизникида ўйнайсизлар. Қодир аканг ҳам мактабдан келди, ўйнатади” деди. Бу сўзни эшитган болалар суюниб уй томон чопиб кетишди. Хадича буви Нигоранинг бўлган воқеадан бироз хижолат чекиб, ўзини оқлашга уринишига эътибор қилмай, қўлидаги косани тутқазди-да, ҳол-аҳвол сўраб, “Асомиддиндан хавотир олманг, бола бизларникида ўйнаяпти. Кечга томон Қодир ташлаб кетади”, дея ортига қайтди.

Хадича буви айтганидек, кечга томон Асомиддинни уйга қўшни бола Қодиржон элтиб қўйди.

Икки қўлига турли ширинликларни олган Асомиддиннинг кайфияти чоғ эди. Болакай дўстининг уйида маза қилиб ўйнаганини, Қодир акаси уни турли ширинликлар билан меҳмон қилганини тўлиб-тошиб онасига гапириб берди.

Нигора ўғлини ёнига ўтказиб қаймоқ солинган чучварани аста унинг олдига қўйди. Қўшниникидан овқатланиб чиққан болакай чучварани жуда яхши кўрсада, негадир бу сафар унга қайрилиб ҳам қарамади. “Ойижон Ҳожининг ойиси мени уйга киргазди. Росаям ширин мошхўрда беришди. Ҳожи билан маза қилиб едик. Улар болаларни уйга киргазишаркан” дея болакай ойисига беғуборгина мақтаниб қўйди.

Теглар:#2014/6

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Фарзандингиз мактаб ёшига етдими?Жамият

Фарзандингиз мактаб ёшига етдими?

Энди ота-оналик масъулияти янада ортади. Болакай атроф-муҳитга синчковлик билан қараб, кўрганларини ўзича муҳокама қилади ва уларни ўзлаштиради, айрим нарсаларни такрорлашга уринад

21.05.2021201
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.2022324
Ўқувчингиз «хобби»сини биласизми?Жамият

Ўқувчингиз «хобби»сини биласизми?

Ўқувчилар ўртасида ҳаётга енгил муносабатда бўладиган, дунёқараши тор ва юзаки фикрлайдиган ўсмирлар ҳам йўқ эмас. Аслида ҳаёт гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, уни қанчалар қизиқарли

27.10.2020314
“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?Жамият

“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?

Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и

05.04.2021293