Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Шарқ гавҳарига саёҳат

28.09.2015
40 марта ўқилди
Шарқ гавҳарига саёҳат

Шарқ гавҳари, гўзал обидалар диёри, кўҳна ва навқирон шаҳар... Неча асрларки, Самарқанд ҳақида гап кетганда, унга ана шундай таъриф-у тавсифлар берилади. Зотан, бу бебаҳо замин муқаддас қадамжолари, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалари билан дунё эътиборини қозонган. Айниқса, Мустақиллик йилларида бу қадим кент жаҳоннинг энг обод ҳамда муаззам шаҳарлари қаторидан жой олди.

Яқинда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Ўзбекистон темир йўллари” аксиядорлик компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги “Меҳрибонлик” уйларининг тарбияланувчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилди.

Мамлакатимизда ҳар бир ўғил-қизга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтириш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш доимий эътиборда. Ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялаш эзгу ишларимизнинг давомидир. Болалар учун ташкил этилган мазкур саёҳат ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилади.

Саёҳатимиз шоҳ ва олим Мирзо Улуғбекнинг муҳташам ҳайкали пойидан бошланди. Унинг сиймосига қанча термулсанг, шунча ҳайратинг ва ҳурматинг ошишини болажонлар яна бир карра ҳис қилишди ва эсдалик учун суратга тушиш жараёнлари қизғин тус олди.

Кейинги манзил Гўри Амир ёдгорлиги мажмуи. Бу ерни зиёрат қилиш қалбларни нурга, эзгуликка тўлдиради.

Дарвоқе, Раҳима опа йўл давомида қадамжо, зиёратгоҳлар ва бугунги кундаги бунёдкорлик иншоотлари ҳақида маълумотлар бериб борди. Автобусимиз Самарқанднинг яна бир гўзал ва муқаддас майдони – Регистон мажмуаси томон юрди.

Болалар мажмуадаги Улуғбек, Шердор, Тиллакори масжид-мадрасаларини томоша қилар экан, бой тарихимиз, меъморчилик санъатимиз уларни ҳайратга солди. Шаҳарни томоша қилар экансиз кўзингиз қувнайди. Бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёзган. Дунёнинг етти иқлимидан келтирилган камёб гул ҳамда дарахт кўчатлари атрофга бетакрор кўриниш бағишлаган. Регистон майдони ва боғдаги турли фавворалар атрофида ўйнаётган болажонларнинг шодон кулгиси, ажиб гўзалликлардан ҳайратланиб, уни суратга муҳрлаётган хорижлик сайёҳларни кўриб, фахрланиб кетасан, киши. Қалбинг завқ-шавққа тўлади.

Бой тарихга эга бўлган бу азим шаҳар ўзининг улуғвор меъморий ёдгорликлари, мовий гумбазлари, бетакрор шарқона қиёфаси билан азалдан дунёда донг таратган. Шу боис ҳар йили бу ерга жаҳоннинг турли давлатларидан кўплаб сайёҳлар ташриф буюради. Халқаро доираларда тан олинган ва катта нуфузга эга бўлган “Хаффингтон пост” интернет нашри томонидан Самарқанд инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир маротаба бориб кўриши, албатта, зарур бўлган дунёдаги 50 та шаҳарнинг бири сифатида эътироф этилгани нафақат самарқандликлар, балки барча юртдошларимизга чексиз ғурур ҳамда ифтихор ҳиссини бағишлайди.

– Ҳар гал саёҳат сафарига хозирланарканмиз дўстларим билан Самарқандга боришни ўйлардик. Тарих ва замонавийлик ажиб тарзда уйғунлашган бу гўзал шаҳарни томоша қилиб, устозларимиз бежиз тавсия этмаганига амин бўлдим. Ушбу саёҳатдан кўплаб таассуротлар олдик, – дейди Чирчиқ шаҳридаги 14-“Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Умида Парданева. – Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг ўтмиши қанчалик шонли бўлса, кейинги йилларда бу ерда амалга оширилган ўзгаришлар унинг шуҳратини янада оширганига ишонч ҳосил қиласиз. Тарихи бой, келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг фарзанди, юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга машҳур аждодларнинг вориси эканимиздан фахрланамиз.

Самарқанд шаҳрининг тарихи ҳақида сўзловчи Афросиёб музейи бизни мозийнинг маданий ҳаётига саёҳатга чорлади. Музей экспонатлари тўғрисидаги видеолавҳа, қадимий Афросиёб шаҳрининг археологик ёдгорликлари аждодларимизнинг маданияти нақадар юқори бўлганидан далолат бериб турибди.

Сафаримиз давомида болалар Самарқанднинг ноёб меъморий обидалари ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан истиқлол йилларида шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва боғларни томоша қилди.

Саёҳатимизга бошчилик қилаётган Раҳима опанинг Тошкентга қайтиш лозимлигини айцаларда, болалар бунга парво қилмасдан ўзини қизиқтирган саволларга жавоб ахтарарди. Истар-истамас тўпланишиб, автобусдаги ўринларимизни эгалладик. Зиёратдан кайфиятимиз кўтарилиб, эсдалик учун совғалар харид қилдик. Бу унутилмас дақиқалар суратларга муҳрланди.

Аслида, Самарқанддек улуғ ва азим шаҳар ҳақидаги фикрларни, бу ердаги бугунги бунёдкорлик жараёни, тараққиёт суръатларини бир мақолага жамлашнинг имкони йўқ. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу дилбар шаҳар ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этади. Уни бир бор кўрган одам ҳеч қачон эсидан чиқармайди.

Теглар:#2015/38

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.2022324
Ўқувчингиз «хобби»сини биласизми?Жамият

Ўқувчингиз «хобби»сини биласизми?

Ўқувчилар ўртасида ҳаётга енгил муносабатда бўладиган, дунёқараши тор ва юзаки фикрлайдиган ўсмирлар ҳам йўқ эмас. Аслида ҳаёт гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, уни қанчалар қизиқарли

27.10.2020314
“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?Жамият

“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?

Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и

05.04.2021293
Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талабиЖамият

Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби

Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бош­лашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.

31.05.2021287