279-мактаб нафақат Мирзо Улуғбек туманида, балки Тошкент шаҳрида ҳам ўз ўрни, нуфузига эга. Таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилаётган 1560 ўринли мазкур муассасада айни пайтда тўрт сменада “Қуёшча” номли ёзги оромгоҳ ҳам фаолият кўрсатмоқда.
– Биз маза қилиб чўмилдик. Мен чалқанча сузишни ўрганиб олдим, мен эса сузиш мусобақасида ғолиб бўлдим, – дейишди бир гуруҳ болажонлар бизнинг – Қаердан келаяпсизлар? – деган саволимизга жавобан.
– Инглиз тили тўгарагимиздаги мултимедия дарслари жуда қизиқарли. Бугун устозимиз бизга кўплаб иссиқсевар қушлар, ёввойи ҳайвонлар ҳақида гапириб берди. Уларнинг номларини инглиз тилида бемалол айта оламиз, – дейди бўйчан болакай билағонлик билан.
– Ошпаз опаларимизнинг тайёрлаган таомлари жуда ширин, ишонмасангиз, мана, ўзингиз татиб кўринг, – дея меҳмонга чорлаган Дилнозанинг бизга кўрсатган хуштакаллуфи бирам ўзига ярашганки, асти қўяверинг.
– Яшил бурчагимиздаги гулларни ҳар куни парваришлаймиз. Чунки, улар ҳам одамлар сингари меҳрни қўмсайди. Бу гулнинг номи ёронгул, бу эса кактус. Мана бу гул чиройли очилиб, узоқ вақт яшнаб туради, – дейди Беҳрузбек кўзлари чақнаб.
Таълим масканидаги қай бир ўқувчи билан суҳбатлашманг уларнинг устозлари бошчилигида кўплаб муваффақиятларни қўлга киритаётганининг гувоҳи бўласиз.
– Ҳар бир сменада 135 нафарга яқин болажон эрталаб соат 8-00 дан 17-00 гача мактаб қошидаги кундузги оромгоҳда дам олишади. Барча қулайликларга эга шинам ошхона, дам олиш, тиббиёт хонаси болажонларга хизмат кўрсатмоқда.
Оромгоҳдаги ўқувчиларни чиниқтириш мақсадида “Локомотив” спорт мажмуаси билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Мазкур мажмуадаги сув ҳавзасида болажонлар чўмилиб, чиниқишади. Бу ерда ҳар бир кун қизиқарли тарзда ташкил этилган. Кунлик машғулотлар ҳам бир-биридан тубдан фарқ қилади. Болажонларнинг соғлиғи мунтазам равишда текшириб турилади. Шунингдек, улар театр томошаларига, истироҳат боғларига, ҳайвонот боғига, турли қадамжоларга саёҳатга боришади. Айниқса, тоза ҳавода сайр этиш, жамоалар ўртасидаги беллашувлар, югуриш эстафеталари, турли томошалар, мусиқий дастурлар болаларнинг жону дили, – дейди оромгоҳ раҳбари Бузайнаб Бузрукова.
Қатор йиллардан буён таълим масканига раҳбарлик қилиб келаётган Ақида Тоҳирова бизни ўқувчилар билан гавжум тўгараклар томон етаклади. Расм тўгарагида болажонлар мўйқаламда табиат манзараларини жонлантираётган бўлса, инглиз тили тўгарагида сабоқ жараёни учун зарур кўргазмали воситалар, мултимедия дастурлари ўқувчиларда янада катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу боис ҳам ўқувчиларнинг чет тилларини ўрганишга бўлган иштиёқи баланд. Мактаб қошидаги замонавий жиҳозларга эга бўлган информатика, меҳнат, спорт тўгараклари ёшлар ихтиёрида.
– Олга Герасимова, Мавлуда Пардаева, Моҳира Умарова, Дилфуза Бердиева, Шоҳида Бўриева каби тажрибали ва малакали ўқитувчиларнинг тўгарак сабоқлари ўқувчилар билимини яна бойитаяпти, – дейди Ақида Дўсматова. – Болажонлар ўртасида ўтказилаётган “Тил ўрганиб, дунё кезамиз”, “Ким кўп китоб ўқийди?”, “Китоб бизнинг дўстимиз!” номли беллашувлар, турли-туман спорт мусобақалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилаётган байрам тадбирлари уларни ақлан ва жисмонан чиниқтириб бормоқда. Куни кеча бўлиб ўтган “Гиёҳвандлик – аср вабоси” номли тадбир ҳам ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Чунки, 8-гуруҳ аъзолари Зиёвуддин Ўткиров, Беҳруз Муҳаммадов, Ҳасан-Ҳусан Мирқодиров, Дилноза Зиёмуҳаммедова, Мирзабобур Мавлонов каби ўқувчилар ўзларининг ўткир зеҳни ва чаққонлиги боис ғолибликни эгаллаб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Айни вақтда мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари кундузги оромгоҳда дам олаётган бўлса, юқори синф ўқувчилари меҳнат амалиётини ўташмоқда. Бунда ёшларнинг касбга бўлган қизиқиши шаклланади.
Дарҳақиқат, Ақида опа айтганидек устоз деган улуғ номни оқлаш учун муносиб шогирд тайёрламоқ лозим. Таълим масканида меҳнат қилаётган ҳар бир ўқитувчи буни теран англаб шогирдининг эртасини бугунидан яратишга интилмоқда. Ёзги таътил пайти бўлса-да, мактаб қучоғидаги қайноқ ҳаётдан барча мамнун.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиКарьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
Жамият“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?
Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и
ЖамиятCалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби
Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бошлашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.
ЖамиятЭзгулик йўли
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол
