Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Оиладаги соғлом муҳит

07.08.2014
57 марта ўқилди
Оиладаги соғлом муҳит

аждодларга муносиб авлод шаклланишида бош омилдир

Жаҳон халқлари, юртимизга ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар Ўзбекистон номини эшитганда, аввало, буюк алломалар, олим-у фузалолар юрти, илм-фан ривожланган маърифат ва маданият ўчоғи, сивилизация тамаддуни бўлган мамлакатни кўз олдига келтиришини, юксак муваффақиятларимизни бот-бот эътироф этишади. Бугун ёшлар қўлга киритаётган ғалабалар ҳам ҳамдўстлик мамлакатлари томонидан катта олқиш билан қаршиланмоқда.

Яқинда Жанубий Кореянинг Теджон шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари фан мусобақасида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилиб, беллашувга чиққан 4 нафар ёшларимиз 31 давлатдан келган 600 нафарга яқин ўқувчи орасидан фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Юлдуз Неъматова ана шу кучли тўртликнинг бир вакиласи. У Китоб тумани Паландара қишлоғида яшайди. Қишлоқнинг баҳаво муҳити, одамшинаванда инсонларини таърифлашнинг ҳожати йўқ. Тонг отмасдан уйғониб рўзғор ташвишларига уннайди, яна бўш вақт топиб дўппини бошдан олиб, китоб мутолаа қилади. Ана шундай кишилардан, аниқроғи оилалардан бири – қаҳрамонимизнинг ота-онаси Қосим ака Қудратов ва Саодат Ҳимматқулова ўзи яшаётган қишлоқ мактабида математика фанидан болаларга сабоқ беради. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек Юлдуз болалигидан математиканинг сир-асрорларини ўрганишга киришган.

– Қизим иккинчи синфда ўқиётган пайтида тўртинчи синф масалаларини бемалол ишлай оларди, – дейди Қосим ака. – Уйда акаси билан дарс юзасидан бахслашарди. Унинг зеҳни ўткирлиги, фанларни яхши ўзлаштираётганидан қувондик ва бешинчи синфга ўтганида математика бўйича малакали устоз “меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Бахтиёр Абдиуев ёнига олиб бордим. Малакали ўқитувчи қизимдаги иқтидорни дарров англаб, у билан янада кўпроқ машғулотлар олиб борди. Қизимни ихтисослаштирилган мактабда ўқитаётганим учун айримлар “шарт эмасди, қиз бола бировнинг уйига кетадиган...” ва яна шунга ўхшаш гапларни айтишган. Бироқ мен бундай фикрни ёқламайман. Қизми, ўғилми ўқитиш лозим, яхши илм олиши учун шароит яратиб бериш вазифамиз. Мен ҳозир ақлли, билимдон, юртимизни шарафлаётган қизалоғим билан фахрланаман. Бир ота учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Дарҳақиқат, боланинг шахс сифатида камол топишида, кучли, иродали, мустақил фикрга эга бўлиб улғайишида атрофдагиларнинг эътибори ва ғамхўрлиги муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқитувчилар малакасини янада ошириш, ўқув масканларини замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ўн икки йиллик узвий таълим тизимининг йўлга қўйилгани таълим сифатини яхшилашга хизмат қилаётир. Китоб туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернати замон талабига жавоб берадиган қулайликларга ҳамда малакали устозларга эга. У ерда таҳсил олаётган болаларнинг билим савияси қай даража эканини биргина Юлдуз Неъматованинг қўлга киритган ютуқлари мисолида кўришимиз мумкин.

Халқаро олимпиадага тайёргарлик жараёнлари анча олдин бошланган бўлиб, дастлаб вилоят босқичларида саралаш ўтказилди. Унда фахрли биринчиликни қўлга киритган Юлдуз республикага йўл олди ва бу ерда ҳам юқори ўринларга муносиб топилди ҳамда тўрт нафар энг кучлилар сафидан ўрин олди. Бир ойдан зиёд вақт давомида иқтидор эгалари малакали ўқитувчилар назоратида бўлиб, билим савиясини янада бойитиб борди. 21-26 июль кунлари Жанубий Кореяга йўл олди. У ердаги таассуротлар ҳақида қаҳрамонимиз шундай дейди:

– Биласизми, мен қишлоқда ҳовлига сув сепишни, нон ёпишни, онамга рўзғор ишларида қарашишни яхши кўраман. Ота-онамдан юққан бўлса керак, математика фанига ўзгача қизиқишим бор. Йўлда юрганимда ҳам хаёлан бирор масаланинг ечимини қидириб юраман. Отам ва онам ўқувчиларнинг уйга вазифаларини текшираётганда уларга ёрдамлашаман. Устозим Бахтиёр Абдиев ҳам бизга илм зиёсини таратишдан чарчамайди. Айни пайтда эришган муваффақиятларимда ота-онам ва устозимнинг кўп меҳнати сингган.

Олимпиадада иштирок этарканман қалбимда қўрқув, ҳаяжон сезмадим. Турли давлатлардан келган болалар ҳам ҳудди ўзимиздек, фарқли жиҳати йўқ. Улар билан тезда дўстлашиб кетдик.

Беллашув дастлаб якка, сўнг жамоавий тартибда бўлиб ўтди. Шиддатли баҳс жараёнида фақат бир нарсани ўйлардим, юртимиздаги минглаб иқтидорли ёшлар орасидан мени танлашди. Демак, мен ўша ишончни оқлашим шарт. Беллашув ниҳоясида 600 нафарга яқин иштирокчилар орасидан фахрли иккинчи ўринни эгаллаганимизда бироз ҳаяжон бўлди, бироқ шоҳсупага чиққанимизда Ватанимиз байроғи кўз олдимда юқорилаётганида севинчдан кўз ёшларимни тўхтатолмадим, қалбимда тўфон кўтарилгандек юрагим орзиқиб кетди. Бу туйғуни сўз билан ифодалай олмайман. Уйга қайтганимда ота-онам мени бағрига босиб “Сен бизнинг фахримизсан!” дейишди. Мустақил юрт фарзанди эканимдан, етарлича билим олаётганимдан чексиз ифтихор туйдим.

Ҳа, Юлдузхон каби Ал-Хоразмий авлодлари аждодларга муносиб издош десак, хато бўлмайди. Бундайин ватанпарвар ёшлар билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Тинчликнинг мусаффо ҳавосидан баҳра олаётган авлоднинг қалби беғубор, таффакури теран, онги соғлом вояга етмоқда. Юртимиз довруғини дунёга таратаётган ёшлар бугуннинг, эртанинг давомчилари. Улар халқимиз ғурури, улар истиқлол фарзандлари.

Теглар:#2014/32

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Соғлом овқатланиш нима?Саломатлик

Соғлом овқатланиш нима?

Соғлом овқатланиш – соғлом турмуш тарзининг асосий йўналиш­ларидан бири. соғлом овқатланиш илм ва кўникмаларидан хабардор бўлиш ҳар бир инсон учун зарурдир. бу инсоннинг ўсиши, меъ

13.01.202389
Ортиқча вазнли  инсонлар  учун соғлом  овқатланишнинг 5 та муҳим қоидасиСаломатлик

Ортиқча вазнли инсонлар учун соғлом овқатланишнинг 5 та муҳим қоидаси

1-қоида. Кунда 3 маҳал асосий овқатланиш шарт: – нонушта; – тушлик; – кечки овқат. Асосий таомни имкон борича, қорин очмасдан бир вақтда истеъмол қилиш керак. Шунингдек, асосий овқ

10.09.2024312
«Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» умуммиллий ҳаракати нималарни ўз ичига олади?Саломатлик

«Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи» умуммиллий ҳаракати нималарни ўз ичига олади?

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисидаги Президент Фа

23.03.2023252
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.2022319