Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Обод Ватаннинг жамбилу райҳонлари

12.06.2015
37 марта ўқилди
Обод Ватаннинг жамбилу райҳонлари

– Катта ойи, ойижон! Сизга бир гап айтмоқчи эдим. Энди менинг ҳам оилам, ота-онам бор. Бунинг учун сизга катта раҳмат. Мен келгусида сизларнинг ишончингизни оқлашга, яхши одам бўлишга харакат қиламан,-дейди Ҳамида опага кўзларида севинч ёшлари билан жовдираганча 7-8 ёшлардаги болакай. Уни бағрига босар экан, Ҳамида опанинг кўзларида ҳам беихтиёр ёш қалқийди.

Ҳа, “Меҳрибонлик” уйи билан боғлиқ тақдир эгаларининг келажаги ўзгаларнинг дардига шерик бўладиган, уларнинг эртаси учун қайғурадиган инсонлар қўлида. Мазкур даргоҳда бундай воқеалар тез-тез содир бўлиб туради.

Екатерина Шамаева ҳам саккиз ёшидан бошлаб шу масканда тарбияланди, вояга етди. У ўзига ишонган, ўқишга ихлоси баланд, тиришқоқ қиз эди. Вақти келиб эзгу ниятлари ушалди. Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институтини тугатиб, ўз мутахассислиги бўйича фаолиятини бошлади. Ҳаётий қарашлари ўзига муносиб инсон билан оила қурди. Бугунги кунда у меҳрибон она, севимли турмуш ўртоғ. Ширингина қизалоғини “Сен менинг борлиғимсан!” дея эркалайди...

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги замонавий биноларнинг бирида 21-сонли “Меҳрибонлик уйи” жойлашган. Ана шундай меҳридарё 65 нафар ходим мазкур муассасада тарбияланаётган уч ёшдан ўн уч ёшгача бўлган 116 нафар болага ўз фарзандидек меҳр улашиб, таълим-тарбия бераётирлар. Уларнинг 51 нафарини қизлар ҳамда 65 нафарини ўғил болалар ташкил этади.

– Муассасамизда тарбияланаётган болалар учун ҳақиқий оилавий муҳит яратишни мақсад қилганмиз. Уларнинг билимли, жисмонан соғлом, эл-юртимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшадиган инсон бўлиб вояга етишлари йўлида зарур шарт-шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз. Дастлаб муассасамизга келган болаларнинг ижтимоий ҳолатини аниқлаймиз. Уларга давлат томонидан бериладиган турли хилдаги имтиёзлардан тўғри фойдаланишлари учун маълумотларнинг ҳаққонийлигини аниқлаш борасида кенг қамровли ишларни олиб борамиз. Мисол тариқасида айтиш мумкин, албатта, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг кўмагига суянган ҳолда 2014-йилда 20 нафар тарбияланувчининг турар-жой ва мулк ҳуқуқларини тиклашга эришдик. Шуни таъкидлаш жоизки, 2011-2014-йиллардаги 74 нафар битирувчининг 50 нафари Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан уй-жой билан таъминланди, – дейди 21-“Меҳрибонлик” уйининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳамида Аҳмеджанова.

Тарбияланувчилар 9-, 80-, умумтаълим мактабларида, 87-ёрдамчи мактабда, 101-мактаб-интернатда таълим-тарбия оладилар. Ўқувчиларнинг барча фанлардан ўзлаштиришлари қатъий назоратга олинган. Болалар таълим олаётган умумтаълим мактаблари билан доимий алоқа ўрнатилган. Ҳар ўқув йили олдидан педагог ва психологлар ҳамкорлигида болаларни мактабга тайёрлаш бўйича мониторинг ўтказилади.

Муассасада тарбияланувчиларнинг қизиқишларига қараб турли хил тўгаракларга жалб этиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган. Ўндан зиёд турли хил тўгаракларда К.Маҳкамова, Х.Нормуҳамедов, Н.Исаева, Ж.Тиллаев ҳамда тарбиячилардан М.Орифжонова, З.Ражабовалар ёшларни касб-ҳунарга ўргатиб, таълим-тарбия бермоқдалар. Болаларда меҳнатга муҳаббат уйғотиш, ҳамда келажакда касб танлашларида ушбу тўгаракларнинг ўрни муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Муассасамизда тарбияланаётган болаларга билим беришда “Сен ёлгиз эмассан” Республика болалар жамоатчилик жамғармаси ўқув марказининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Жумладан инглиз тили, математика тўгаракларида болалар катта иштиёқ билан билим олмоқдалар.

Муассасада болаларни соғлом турмуш тарзи билан ошно қилиш, уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол қилиб вояга етказиш йўлида кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда ушбу масканнинг фахри бўлган тарбияланувчилардан самбо кураши бўйича Анна Исаева бир неча карра Ўзбекистон чемпиони, Вероника Ковалцова Осиё чемпиони бўлишган. Шунингдек, В.Ковалцова 2012-йилда Болгариянинг София шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этиб бронза медалини қўлга киритган. 2014-йилда Кореянинг Сеул шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида иштирок этган Валерия Суйкова ҳам совринли ўрин соҳибаси бўлди.

Мазкур “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларининг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида тиббиёт хоналари тубдан таъмирланиб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Шифокор-педиатр Камола Сиддиқова, ҳамширалар Умида Турсунова ҳамда Зуҳра Омануллаевалар болаларнинг жисмоний ривожланишини назорат қилиш, уларга профилактик ёрдам кўрсатиш мақсадида йилига икки марта тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб турадилар. Бу борада Республика Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институтига қарашли клиника, Юнусобод туманидаги 53-сонли оилавий поликлиника, “Ўзбекистон темир йўллари” ДАТКга қарашли Болалар шифохонаси тиббиёт ходимлари яқиндан кўмак беришмоқда.

Болажонларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида оромгоҳларга йўллаш ва соғломлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётир. Тарбияланувчилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли “Меҳрибонлик”, “Миконд” заводига қарашли “Нурафшон” “Сумча”, Тошкент Трактор заводига қарашли “Белдирсой” оромгоҳларида соғломлаштирилади. Ўтган 2014-йилда 88 нафар тарбияланувчи Тошкент Трактор заводига қарашли “Белдирсой” оромгоҳида дам олиб қайтишди. Бу йилги ёзги таътил даврида болажонлар Бўстонлиқ туманидаги “Конструктор” ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги “Меҳрибонлик” оромгоҳида мазмунли ҳордиқ чиқарадилар.

Теглар:#2015/24

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.2022324
“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?Жамият

“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?

Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и

05.04.2021293
Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талабиЖамият

Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби

Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бош­лашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.

31.05.2021287
Эзгулик йўлиЖамият

Эзгулик йўли

«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол

31.05.2021280