Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

“Наврўз садолари”нинг оҳанрабоси

11.05.2013
58 марта ўқилди
“Наврўз садолари”нинг оҳанрабоси

Улуғлардан бири айтган экан: "Ёшлик бу – орзу. Бу – ишонч. Бу – жасоратга интилиш. Бу – келажак учун тузилган улкан режалар. Бу – истиқболнинг бошланиши".

Чиндан ҳам ёшлик инсоннинг улуғ ва соф орзуларининг тимсолидир. Унинг қалбидан отилиб чиқаётган пўртанадек ирода, шиддат ва ҳаракат дунёда улуғ ва эзгу ишларнинг ибтидосидир.

Ватанимизда камол топиб келаётган истеъдодли ёшлар, боғларида унган чечаклар каби турфа ва бисёрдир. Зеро, бу юрт илм-фан соҳасига мислсиз ҳисса қўшган кўплаб улуғ алломалар етишиб чиққан ошиёндир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўз асарларида “Келажакда Ўзбекистон юксак даражада тараққий этган иқтисоди билангина эмас, балки билимдон, маънавий жиҳатдан етук фарзандлари билан ҳам жаҳонни қойил қилиши лозим“, дея таъкидлаган.

Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, уларни ҳам маънан ҳам жисмонан баркамол вояга етказиш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Таълим соҳасида олиб борилаётган кенг ислоҳотлар натижаси ўлароқ илм-фан йўналишида бўладими, спорт ёки санъат соҳасидами юртимиз ёшлари ҳар жабҳада илдам ва фаолдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июльдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида“ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Наврўз садолари” кўп овозли миллий чолғу ансамблларининг фестивали фикримизнинг ёрқин исботидир.

* * *

“Наврўз садолари” – ёшларнинг бирдамликда, аҳилликда юракдан чалган созларида Ватан мадҳининг жаранги бу!

“Наврўз садолари” – ўз иқтидори ва қобилиятини намойиш этиш фурсати бу!

6 май. Ўзбекистон Давлат Консер­ваторияси.Бино фестивал иштирокчиларидан тортиб, мусиқанинг чин ихлосмандлари, турли вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, меҳмонлар билан гавжум.

Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 54 дан ортиқ жамоалар иштирок этмоқда.

Консерватория фоесида кичик ёшдан тортиб катталаргача қўлида турли чолғу асбобларини авайлаб тутганича ўзгача ҳаяжон ва қувонч билан очилиш маросимини кутишарди. Кимдир ўзининг саҳна чиқиши олдидан тайёргарлигини устози билан муҳокама қилса, яна кимдир саҳнага чиқиш тадоригини кўриб чолғу асбобини созлашга уринарди. Атрофда эса боғча ёшидаги жажжи қизчалар “Жўжалар” рақсини қайта машқ қилишмоқда.

Санъат шодиёнаси... 1000 нафардан зиёд иштирокчилар мусиқа даргоҳининг катта залига жам бўлишган. Ҳаяжонли лаҳзалар...

Фестивални “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Бошқаруви раиси Светлана Инамова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Абдуғани Холбеков кириш сўзи билан очиб берди.

Сўзга чиққанлар фестивалда иштирок этаётган ёшларга табрик сўзларини изҳор этар экан, ташкил этилган байрамона тадбирнинг ёш ижодкорларнинг ҳаётида муҳим бир аҳамият касб этишини, фестивал йиллар давомида ўз атрофига жам қилган ёшларнинг сафи кенгаяётганлигини, шунингдек, ёш истеъдодларнинг фаолиятига бееътибор бўлмайдиган ҳомий-ташкилотларнинг сони тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бу галги фестивалнинг ўзига хослиги – “Обод турмуш йили”га ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилган 20 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, 2005 йилдан буён ўтказилиб келинаётган ушбу фестивал – болалар ва ёшларнинг мусиқий тарбиясига бағишланган Давлат дастурини бажариш, шунингдек, республикамизнинг келажакдаги маданиятининг ривожи учун миллий чолғуларимиз ижрочилигидаги етук кадрлар тайёрлашга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Фестивалда мусиқа ва санъат мактаблари, санъат лицей ва коллежлари, олий мусиқа даргоҳларидаги оркестр ва ансамбллари билан биргаликда, профессионал жамоалар ҳам ўз чиқишлари билан иштирок этишди.

Галдаги фестивалнинг яна бир ютуғи – Андижон вилояти Пахтаобод туманининг 21-сон мактабгача таълим муассасасининг болалар ансамблининг илк иштирокидир. Демакки, фестивал жажжи мусиқа ихлосмандларини ҳам ўз бағрига чорлади.

Хуллас, уч кун давом этган фестивал кўтаринки кайфиятда ўтди ва томошабинларда катта таассурот қолдирди. Ушбу тадбирдаги барча қатнашувчилар бир-биридан гўзал асарларни ижро этишиб, зални мусиқа бўстонига айлантиришди. Фестивал давомида ҳаттоки саҳнага чиқиб бўлган жамоалар ҳам кейинроқ ўриндиқлардан жой олиб бошқа жамоа чиқишларини мароқ билан томоша қилишди ва эшитишди. Бу эса ўз давомида ўзаро тажриба алмашинувига сабаб бўлди. Ҳаттоки, айрим жамоаларнинг белгиланган мусиқий асарларнинг ижроси тугашига қарамасдан томошабинлар улардан мусиқий кетма-кетлик яна давом этишини олқишлар билан сўрашарди. Шундан англаш мумкинки бундан фестивалларга ёшларнинг муносабати ижобий.

* * *

Андижон вилояти, Андижон туман, Бўтақора қишлоғи 7-махсус мактаб интернати “Шодиёна” миллий чолғулар камер оркестри раҳбари Восилжон Тўхтасинов:

– Бу йил фестивалда иккинчи бор иштирок этяпмиз. Ўтган йили рағбатлантирувчи диплом билан тақдирланган эдик. Оркестр жамоаси қишлоқ болалари бўлсада жуда иқтидорли ва улар барча шарт-шароитларга эга даргоҳда малакали ва иқтидорли устозлар қўлида таҳсил олишади. Шу боис бўлса керак, ўқувчиларимиз халқаро миқёсда ўтказиб келинаётган танловларда ҳам иштирок этиб, ғолиб бўлиб қайтишмоқда. Қолаверса, уларнинг юқори чўққиларни забт этишига мана шундай фестивалларнинг ҳам кўмаги катта бўлмоқда.

Шунингдек, суҳбатимизда Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани 366-мактабгача таълим муассасаси мудираси Ҳусния Ризаева ҳам иштирок этиб шундай дейди:

– Ҳали кичик ёшда бўлсада фарзанд­ларимизнинг бундай нуфузли фестивалларга қатнашишининг ўзи катта ютуқ. Чунки, уларнинг камол топишида ва иқтидорларини тўла намоён этишида мана шундай фестивалларнинг алоҳида ўрни бор. Болажонлар бундай фестиваллардан кўп нарса ўрганадилар ва миллий чолғу асбобларига, қолаверса, мусиқага нисбатан меҳрлари янада ортади.

Санъат ва мусиқа инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади. Ўғлим Асадбек ҳам мусиқага ошно бўлгандан бери ўқишда ҳам анча фаол. У фестивалда биринчи бор иштирок этмоқда. Ўйлайманки, бу танлов унга катта маҳорат мактаби бўлади.

* * *

Фестивалнинг учинчи куни.Ҳаяжонли дамлар. Бу гал кимнинг номи ғолиблар рўйхатидан жой олади? Яна кимларнинг йиллар давомида қилган меҳнатлари муносиб баҳоланади? Барчани шу каби саволлар қизиқтирар эди.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ансамблларининг йўналишида биринчи ўринга Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани 7-сон БМСМ ансамбли муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни Тошкент шаҳар, Сирғали тумани Б. Ино­ятов номидаги 21-сон БМСМ жамоасига топширилган бўлса, учинчи ўрин Бухоро вилояти, Когон шаҳри 2-сонли БМСМ жамоасига насиб этди.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг оркестрлари йўналишида Фарғона вилояти, Бувайда тумани 17-сон БМСМ жамоаси ғолиб бўлган бўлса, фахрли иккинчи ўрин Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар 1-сон БМСМ оркестрига, учинчи ўрин Андижон шаҳар 1-сон БМСМ оркестри жамоасига насиб этди.

Санъат лицей ва коллежлар ансамбллари йўналиши бўйича биринчи ўринга Фарғона санъат коллежи ансамбли, иккинчи ўринга Бухоро санъат коллежи ансамбли, учинчи ўринга эса Самарқанд санъат коллежи дуторчилар ансамбли сазовор бўлишди.

Санъат лицей ва коллежлар оркестрлари йўналишида эса биринчи ўрин Р. Глиер номли Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи халқ чолғулари оркестрига, иккинчи ўрин Андижон вилояти 7-махсус мусиқа мактаб интерантининг “Шодиёна” камер оркестрига ва ниҳоят учинчи ўрин Сирдарё вилояти, Гулистон санъат коллежи халқ чолғулари оркестрига насиб этди. Бундан ташқари рағбатлантирувчи йўналишлар бўйича ҳам ғолиблар эълон қилинди ва фестивал якунида улар ҳомий ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Бир йиллик меҳнат ва изланишлар муносиб тақдирлангандан сўнг фестивал якуни катта байрамона концертга уланиб кетди.

– Бу йилги фестивал ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтказилди. Вилоятимизга жамоамиз билан жуда катта таассуротлар билан қайтамиз. Бу мусиқа анжуманида ўз маҳоратимизни намойиш қилиш билан биргаликда, кўплаб дўстлар орттирдик, – дейди Андижон шаҳар 1-сон болалар мусиқа санъати мактаби ўқувчиси Мубина Абдуллаева.

Шу билан “Наврўз садолари” кўп овозли миллий чолғу ансамблларининг ВИ Республика фестивали ўз ниҳоясига етди. Ўйлаймизки, фестивал кўплаб иқтидорли болаларни мусиқа соҳасида руҳлантириб, яна янги-янги марраларга ундайди.

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИМаданият

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди

22.09.2021315
БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗМаданият

БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на

01.12.2021309
Психологик портрет деганда нимани тушунамиз?Маданият

Психологик портрет деганда нимани тушунамиз?

Ҳар бир одамнинг психологик портрети бўлади. Уни рассом эмас, балким Сизнинг ўзингиз яратасиз. Айнан мана шу психологик портрет бошқаларнинг Сизга бўлган муносабатини белгилаб бера

12.11.2021300
Ёзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...Маданият

Ёзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...

Ўлкамизга ёз кириб келиши билан мавсумнинг энг севимли маҳсулоти – тарвуз савдоси қизигандан қизийди. Сабаби жазирама кунларда тамадди учун ушбу резавордан фойдалироқ ва енгил ҳазм

28.06.2024286