Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Муқаддас ришта: уни асрашга барчамиз масъулмиз

21.05.2018
29 марта ўқилди
Муқаддас ришта: уни асрашга барчамиз масъулмиз

Бир йигит ёш қизга уйланибди. Эртасига бозордан қўй гўшти олиб келиб, келинчакнинг қўлига тутқазибди. Келин ундан шўрва қилмоқчи эканини айтса, йигит қозон кабоб пиширишни тайинлабди. Келин эса бу таомни тайёрлашни билмаскан. Бундан йигитнинг жаҳли чиқиб, аёлини отасининг уйига олиб бориб қўйибди. “Мана қизингиз. Қачон гўштни тобида қовуришни ўрганса, олиб кетаман”.

Орадан икки ой вақт ўтгач, йигит келинчакни олиб кетгани келибди. Қараса, супадаги хонтахта турли хил таомларга тўла экан. Шунда келин буларнинг барини ўзи пиширганини айтибди. Йигит мамнун бўлиб, ортга қайтишга ҳозирланибди. Шу пайт қайнотаси бир қўйни етаклаб келиб: “Қани куёв, мана бу қўйни сўйиб беринг, қизим қовурдоқ пишириб беради. Мазза қилиб еймиз, қудамларга ҳам олиб кетасиз” дебди. Йигит бир зум каловланиб қолибди ва: “Мен қўй сўйишни билмайман”, дея айбини тан олибди...

Воқеани шу жойда тўхтатаман. Қолгани сизга ҳам маълум. Аслида эр ва хотин бир-бирининг камчиликларини тўлдириб, бир бутун ҳаёт кечириши лозим. Оила аталмиш муқаддас қўрғон ана шу бутунликдан бунёд бўлади. Араванинг боши икки томонга тортилса, унинг девори нураши тайин.

Оила мавзусига бежиз тўхталмадик. Бу борада кўп ва хўп гапирилган бўлса-да замон ўзгариши билан янгича қарашлар пайдо бўлади. Онгу шууримизга сингган оила тушунчаси эса баъзи сабабларга кўра ўзгариб бормоқда?

Музаямхон ФАРМОНОВА,

Республика “Оила” илмий-амалий маркази катта илмий ходими:

– Яқинда бир тадбирда қайнона келини билан бўлган воқеани сўзлаб берди. Олий маълумотли келинчак таътил олиб, тўйдан кейинги кунларда қайнона-қайнотасининг хизматини қилади. Таътили тугагач, ишга қайтмоқчи эканини айтади. Қайнона: “Еганингиз олдингизда, емаганингиз ортингизда, мен сизни ишлатмайман”, дея қаршилик қилади. Келин дардини ташқарига чиқармай, жим қолади. Бироздан сўнг қайнона: “Ҳа, келинпошша, индамайсиз, сизни ишлатмай бошимга ёстиқ қиламанми, албатта, ишлайсиз-да”, дейди. Бу вазиятда сукут сақлагани келиннинг ютуғи эди. Агар шартакилик қилганида борми, қайнонаси билан ўртада келишмовчилик бошланарди. Шунинг учун муомалада мулоҳазали бўлиш, ҳар бир гапни айтишдан аввал ўйлаш, катталар гапирганда охиригача тинглаш жуда муҳимдир.

“Оилавий ажримларда йигитларнинг ҳам айби бор”, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун марказимиз мутахассислари фақат қизларни эмас, балки йигитларни ҳам оилага тайёрлашга ҳаракат қилаяпти.

Р. МАМАТҚУЛОВ,

Бахмал тумани бош имом-хатиби:

– Мўътабар манбалардан ҳисобланган “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ фасли” бўлимида шундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва иймондан бошқа ҳатто, жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошининг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”. Мана шу аҳдлашувга биноан, маънавий жиҳатдан баркамол бўлган эр ва хотин бир-бирларини қаттиқ ҳурмат қилиши, ҳар бири ўз вазифасини мукаммал адо этиши ҳамда оила деган қўрғонни ташқи кучлардан ҳимоя қилишда баравар ҳаракат қилишлари лозим бўлади.

Дарҳақиқат, ваъда вафоси билан гўзал. Оилада ҳар ким ўз ўрнига мос равишда иш тутса, ўртада ортиқча муаммолар юзага келмайди. Баъзан “қиз тараф куёвни кийинтиришга бозорга олиб кетибди” деган гапларни эшитиб қоламиз. Ўзингиз ўйланг, бундан кейин оилада эркакнинг мавқеи, ўрни қандай бўлади? Афсуски, ушбу нозик масалага ҳамма йигитлар ҳам бирдек эътибор бермайди. Қолаверса, бугун асосий тўй харажатлари қиз томонга юкланаётганлиги турли нохушликларни юзага келишига замин яратмоқда. Оила деган қўрғон қурилмасданоқ, унинг пойдевори дарз кетмоқда.

Оилаларнинг мустаҳкамлигини сақлаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тўйларни ихчамлаштириш бўйича чиқарилган фармон бу борада айни муддао бўлди. Эндиликда сарф-харажатларни эмас, муносабатларни ҳам мустаҳкамлашга эътибор қаратилса, хонадонларимиздан тотувлик ва аҳиллик аримайди.

Теглар:#2018/20

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Иммунитетни қандай кўтарамиз?Саломатлик

Иммунитетни қандай кўтарамиз?

Иммунитет тизими заифлашганда унинг олдини олиш учун қандай маҳсулотлар истеъмол қилиш лозим? Аввало, шўр, аччиқ ва ёғли таомлардан тийилиш зарур. Таркибида шакар ва кофеин бўлган

05.04.2024234
“Қувноқлар ва зукколар”: ким ғолиб?Иқтисод

“Қувноқлар ва зукколар”: ким ғолиб?

Сингапурнинг Тошкентдаги Технология-менежмент ва коммуникациялар (ТМС) институтида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг факультетлараро босқичи бўлиб ўтди. Унда “Иқтисод” ва “

16.11.2023289
ОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимларИқтисод

ОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимлар

Бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқис

29.11.2024274
Кунига бир километр пиёда юриш саломатликка қандай таъсир кўрсатади?Тиббий сабоқлар

Кунига бир километр пиёда юриш саломатликка қандай таъсир кўрсатади?

Пиёда юриш – жисмоний машқлар орасидаги энг осон ва қулай тури. Юриш саломатлик учун фойдали бўлибгина қолмай, инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир этади. Хўш, пиёда юришнинг

15.08.2024305