
Ёз. Деворлари пастаккина чоркунжак ҳовли. Офтобрўяга тўшалган кигиз гилам устида қуроқ кўрпачалар. Тўкингина дастурхон. Каттагина хумчойнак шоҳпиёлаларга бир-бир эгилиб, чой сузади. “Олинг, олинг” манзиратидан сўнг тўрида ўтирган, мўжаз даврадагиларнинг ҳаммасидан ёши улуғроқ бўлган Мисрат момо аста дастурхонга қўл узатади. Робия момом бошқаларни ҳам такрор имлаб, қўлига пиёлани олади. Кейин менга – пойгак томонда тиззасига дафтар-қаламини ўнғайлаб, ёзишга шай турган талабага юзланади:
– Қани, ол, гулим! Сўраганларингни кейин манави момоларинг айтиб беради...
– Ҳай, менга қаранг, Хосият келин, ҳув ўша, кейинги бошлаган катта жойпўшингиз битгандими? Ишлатмадингиз, шекилли, – дейди момом.
– Ҳа, аллақачон битган, ўзим бир бошлаб, кўзим ўлгур ўтмади, тикмай сандиққа ташлаб қўювдим, бир очганимда, Маҳфуза кўриб қолди-да, олиб кетиб, битказди. Рауфга бераман-да энди.
– Яхши қилибди битказиб, барака топсин! Нечта ойли қилгандингиз?
– Каттагина бўлди, ўн тўрт ойли жойпўш-да, опа...
Момом менга маънодор қараб қўядилар, мен эса аллақачон дафтаримга биринчи кашта атамасини ёзиб қўйганман: ўн тўрт ойли жойпўш. Лекин маъносини унча англамайман, Мисрат момо зийраклик қилиб, хаёлимдаги саволни уққандек, изоҳ берадилар:
– Жойпўшга тўлин ойга ўхшаган думалоқ гул чизиб тикилади. Матога нечта ой сиғса, ўша рақам унинг номига қўшиб айтилади.
– Биз ойгул, ойшакл, деб тикардик, ҳамма ҳар хил айтади-да, – суҳбатга аралашади момомнинг дугонаси, ҳам қўшниси Бувиш момо.
У киши айтган ҳар икки сўзни дафтарга шоша-пиша ёзишга киришаман. Унинг сўзини Мисрат момо бўлади:
– Эскида бир одат бўлган, оналар кашта тикканда, бирор гулини атайин тикмай қолдиришган, қизим улғайиб, қўлига игна ушласа, тикади, деб. Қизлар онанинг меросига жавобгар, ўғил отанинг. Хосият келин бошлаган каштани шунинг учун келини эмас, қизи тикиб тамомлаган, тушундингми, қизим?
Бош ирғаб қўярканман, берилган топшириқни бажариш мен ўйлаганчалик мушкул эмаслигини англаб, енгил тортаман. Момоларимнинг кашта гуллари ҳақидаги гурунглари давом этаверади, дафтаримнинг варақлари янги-янги сўзлар билан тўлиб бораверади: тўлдирма, ироқи, желак, култапишак, йўрма, йўрмабигиз...
ЧИНДА ТИККАН – ЧИН ҚИЗ
Эртасига яна қишлоқ оралайман. Онамнинг чечаси Тўхташ момони уста чевар деб мақташган, бисотида каштали кўйлаклару сўзаналар кўп эмиш. Рост айтишган экан. Мақсадимни обдон сўраб билгач, момо кашталарини кўрсатади. Катта-катта сўзаналар, икки-учта желак, жойпўш-у жойнамозларни хона ўртасига ёйиб, гулларини томоша қиламан, номларини сўрайман.
– Сўзанани биз сўзани, деймиз, манави сўзанини Турсун амманг тиккан, – тушунтиради Тўхташ момо.
Сўзанага тикилган бир гул диққатимни тортади, каштанинг бу шакли худди хўроз тожига ўхшайди. Гулнинг номланишига қизиқаман.
– Ҳа, буми? Бу – чиндахиёл, деган гул! – дейди момо. – Кашталарга энг кўп тикиладиган шакл мана шу. Ёшлигимизда оталаримиз ишлатадиган бир мақол бўлгич эди: чинда тиккан – чин қиз.
– Қандай маънода ишлатилган бу мақол? – сўрайман дафтарга ёзиб оларканман.
– Бу гулни каштага чизмайдилар, таваккал тикадилар. Чиндахиёлни ўхшатиб тика олган қиз ҳақиқий каштадўз бўлган ҳисобланади. Шунинг учун чинда тиккан – чин қиз, яъни ростакамига каштачи қиз, дейишган...
Хуллас, ўша куни луғатим яна бир қанча сўзлар ва битта мен учун ноёб мақолга бойийди...
“БЭШ ЖИВИ БОРМИДИ?”
Кунларим кашта билан бошланиб, кашта билан тугайди. Ҳар куни янги маълумот, янги сўз ўрганаман. Бу орада таъна-маломатга ҳам қоламан: овсинидан кашталарни кўриб юрганимни эшитган бувим – Роҳат момом гиналайди:
– Гулгинаси, нега меникига бормайсан? Момонгниям қўли бор, уям вақтида кашта тиккан, болам!
Энди Роҳат момомнинг сандиғига “саёҳат” бошланади. Бувамнинг эски туя чакмонидан тортиб, катта момом ёпинган желаккача уй юзига ёйиб олиб, бир-бир томоша қиламиз. Момом билганларини айтиб кетаверадилар, мен шоша-пиша, худди хазинага учраган кишидай ошиқиб, ёзиб олавераман.
– Хўш, манави гул – қўшқайирмагул, қара, қўша бўлиб, икки ёнга қайрилиб турибди. Бунисини мижжа деймиз. Кашта четига тикилгани учун шундай номланади. Буниси чивинқанот, желакка, яктакка тикилади, кўраяпсанми, худди чивин қанотига ўхшайди. Чопоннинг четига тикилган манави мағиз чироз, дейилади. Чироз қўлда икки-уч хил ипни чийратиб тайёрланади, кейин кийимга тикиб чиқилади. Буниси қўшгажак, буниси харритиши...
– Харритиши нима, моможон?
– Арра тиши-да, харри – арра. Қарагин, худди арранинг қатор турган тишига ўхшамайдими?
Мен момом кўрсатган шаклга диққат билан разм солиб, ҳақиқатан ҳам арра тишига ўхшатаман. Кейин қалин қилиб йўрма чокда тикилган, ранг-баранг йўлга ўхшаш, ҳар бирининг орасига яна майда, мураккаб нақшлар туширилган шаклни кўрсатаман:
– Бу гулнинг номи нима?
– Бу – беш жип, дейилади, – тушунтиради момом. – Бешта ипли йўрма бор, буни йўрмабигизда тикиш керак, ҳаммаси баравар тикилиб борилиши шарт, бўлмаса чиройли чиқмайди.
Шу тариқа қишлоғимиздаги кайвони момоларимнинг менга қоронғу бўлган кўпгина жиҳатлари юз очди, уларнинг сандиқлари эса шунчаки бир буюм эмас, ғаройиб жавоҳиротни ўзида яширган ғордай туюлганди. Амин бўламанки, халқ бисоти бамисли хазина – ўрганганинг сари янгидан-янги сирларни кашф этаверасан. Бу сирнинг калити ёши улуғ кайвони момоларда, боболарда.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиКарьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
Ўқувчингиз «хобби»сини биласизми?
Ўқувчилар ўртасида ҳаётга енгил муносабатда бўладиган, дунёқараши тор ва юзаки фикрлайдиган ўсмирлар ҳам йўқ эмас. Аслида ҳаёт гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, уни қанчалар қизиқарли
Жамият“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?
Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и
ЖамиятCалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби
Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бошлашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.
