Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Меҳр қўрғонининг меҳрибони

14.03.2015
37 марта ўқилди
Меҳр қўрғонининг меҳрибони

Халқимизда “Қиш тоғдан, баҳор чўлдан”, деган гап бор. Аслида фасллар келинчаги инсонларнинг қалбидан бошланади. Қор-қировли кунлар чекиниб, табиат тобора кўркамлаша боргани сайин кўнглимизни илиқ кайфият эгаллайди. Мурғак набирасининг жилғалар лабидан териб келган бойчечагини омонлик-эсонлик дея юз-у кўзига сураётган нуронийларимизнинг қиёфасида худди бинафша сингари нурафшонлик акс этади. Қиши билан қорда тобланган вужудини бобо қуёшнинг тафтида илитган бодому ўриклар нафис гулларини кўз-кўз этади. Нафақат тоғу, чўллар, жонажон юртимизнинг ҳар бир гўшаси кўркам манзара касб этади.

Ҳа, баҳор илк қадамлариданоқ мўжизалар қилишга киришиб кетади. Тонгги насимларга эш қушларнинг шўх-шодон хониши жажжи болажонларнинг қийқириқларига уланади. Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 5-сонли “Меҳрибонлик” уйига ижодий сафар қиларканмиз, табиат мўжизаларини йўл-йўлакай завқ билан кузатамиз. Қалбимиздаги баҳорий кайфият муассасадаги ҳолат билан беихтиёр уйғунлашади.

Қирқ йилдирки, ушбу “Меҳрибонлик” уйида фаолият юритаётган Ҳимоят Зоҳидованинг чеҳрасидаги болаларча самимиятни кўриб инсон қалби тўрт фаслда ҳам гуллаб тургувчи боғ эканини англаймиз. Шунинг учунми, атрофида болажонларнинг ғужғон бўлиб унга талпинишлари, “онажон” дея эркаланишлари киши қалбини мунаввар этади. Ҳимоят опа муассаса қошида ташкил этилган мактабда бошланғич синф ўқитувчиси.

– Бола – илҳом ва куч манбаи. Мен ширинсўзлик ва меҳрибонлик билан уларнинг қалбига завқ бағишлагим келади, – дейди у. – Ўтган йили февраль ойида “Меҳрибонлик” уйини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Қарағай, арча сингари манзарали, ўрик, олма, беҳи, шафтоли каби турли хилдаги мевали дарахтлар кўчатларини ўтқаздик. Экилган анвойи гуллар эса ҳали замон куртак ёзиб борлиққа чирой бағишлайди.

Муассасада ҳозирги кунда 92 нафар бола тарбияланмоқда. Улар беш гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳнинг тарбиячиси болаларга бош-қош бўлади. Болалар гуруҳлардан чиқиб, саф тортиб ошхонага йўл олади. Ўғил-қизларни кузата туриб, уларнинг нигоҳларида мамнуният балқиб турганини пайқайсиз. Кўнгли хотиржам, тунда яхши ҳордиқ олгани юз-у кўзидан шундоққина сезилади. Қайсидир болакай дўсти билан бугунги режаси хусусида муҳокама қилса, яна бир неча қизларжон қиқирлаб алланималар ҳақида пичирлашарди. Гуруҳдаги баъзи кенжатойлар эса тарбиячи опасига болаларча эркалик қилар, меҳрибон опа эса болани илиқ сўзлар билан кўнглини олишга интиларди.

Муассасадаги ошхона 125 ўринга мўлжалланган бўлиб, болаларнинг овқатланиши учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ ошхонада таомнома ва овқат маҳсулотлари давлат санитария врачи томонидан қатъий назоратга олинган. Болаларнинг саломатлигини назорат қилиб бориш ва уларни турли витаминларга бой маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида ошхонада “Фитобар” ташкил этилган бўлиб, шифобахш чой, табиий шарбатлар болажонларга хуш ёқади.

Эрталабки нонуштадан сўнг болалар ўз гуруҳларига қайтиб белгиланган мактаб формасида муассасада ташкил этилган мактабга йўл олишади. Биз эса Ҳимоят опа билан муассасада таълим жараёнидаги ишлар борасида яқиндан танишиш мақсадида мактабга йўл олдик. Таълим даргоҳидаги иш суръати “Меҳрибонлик” уйидаги каби тартиб ва назоратда. Бунга муассаса раҳбари вазифасини бажарувчи Шаҳло Обидова ҳамда унинг аҳил жамоаси бирдек масъул.

– Бугуннинг боласи кечагидек фикрламайди. Дунёқараши бой, қатъиятли ва дадил, – дейди Ҳимоят опа. – Уларни кечаги гаплар билан дарсларга қизиқтира олмайсиз. Пировардида педагогларга қўйилган талаб ҳам шунга яраша. Аммо мазкур даргоҳда устозлар ҳам берилган вазифанинг масъулиятини яхши англайди. Ҳар бир дарсга янгиликлар киритиш, болаларни юз фоиз дарсга қамраб олиш борасида тинимсиз изланишади. Болаларнинг билим ва савияси йил сайин ижобий томонга ўзгариб бормоқда.

Муассасада кенг ва шинам хоналар, замонавий компютерлар ўқувичилар ихтиёрида. Ҳамма шарт-шароит муҳайё. Бу ерда тарбияланган ўғил-қизлар орасида нуфузли даргоҳларда ишлаётган, олий ўқув юртларида таҳсил олаётганлари талайгина. Бундан бир неча йиллар олдин Гулчеҳра шифокор бўлиш ниятида эди. Мана, ҳозирда у Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларидан бирида фаолият юритяпти. Расм чизиб, қатор танловларда ўзини кўрсата олган Йигитали Боқиев эса Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий дизайнер ва рассомлик институтида фаолият олиб бораяпти. Кўпайсин Бекмуродов эса Жиззах олий авиация билим юртини тамомлаб, Фарғона шаҳридаги ҳарбий авиация аеропортида борт инженери вазифасида ишлаяпти.

“Меҳрибонлик” уйида тарбияланаётган болажонларнинг тил ўргатишга бўлган иштиёқини кўриб уларнинг чинакам иқтидор эгалари эканлигига амин бўласиз.

Соат кундузги ўн бир. Болалар синфларидан чиқиб, иккинчи нонуштага йўл олишди. Сўнг дарсга қайтиб, яна тушликка тайёргарлик кўришади. Кейин эса турли тўгаракларга йўл олишади. “Меҳрибонлик” уйида таълим жараёнидан ташқари жажжи болаларни мактабга тайёрлаш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган.

Қолаверса, тикувчилик, пазандачилик тўгараклари қизларнинг севимли машғулотига айланган. Бу ерда улар турли ширинликлар, тансиқ таомларни пиширишни ўрганиш баробарида меҳмон кутиш одоби, келинлик зийнати унинг ибо, ҳаё каби нозик жиҳатларини ҳам устозларидан ўрганиб боради. Санъатга ошуфта болалар эса мусиқа тўгарагига, спортга ошно бўлганлар устози – Фарҳод Латиповдан унинг сирларини қунт билан ўрганиб келмоқда.

– Спорт йўналишида 2014-йил “Соғлом бола йили” ҳамда “14-январь-Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан меҳрибонлик уйимизда спортнинг “Комбат-айкидо” тури бўйича Қашқадарё вилоят саралаш очиқ биринчилиги ўтказилди, – дейди Ҳимоят опа Зоҳидова. – Унда Ҳусан Холиқов 1-ўринни, Умид Исмоилов 2-ўринни, Ҳусан Бобоназаров, Ўктам Қудратов эса 3-ўринни эгаллаб муассасамизнинг нуфузини оширди. Ўйлаймизки бундай гўзал ва муҳташам спорт залида ҳали кўплаб жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиқади. Бунинг учун барча шарт-шароит етарли.

Мактабда, шунингдек инглиз тили, математика, она тили ва адабиёт, тарих ва ҳуқуқ, биология, информатика каби аниқ фан тўгараклари фаолият кўрсатиб, улар бевосита ўқувиларнинг билимини оширишга кўмаклашмоқда.

– Ҳар бир ишимиз ортида болаларнинг етук инсон бўлиб камол топтириш мақсади мужассам, – дейди Шаҳло Обидова. – Бераётган билимимиз, яратилган шарт-шароитлар, улар орасида ўтказилган турли мавзудаги байрам, тадбир ва учрашувлар замирида ўғил қизларимизнинг маънавий баркамоллиги кўзда тутилган бўлса, мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасидаги болаларни моддий қўллаб-қувватлаш мавзуси ҳам четда қолган эмас. “Меҳрибонлик” уйида 1993-йил 10-ноябрьда қабул қилинган “Фуқароларининг давлат пенсияси таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 56-моддасига биноан 7 нафар чин етим болага энг кам ойлик иш хақининг 100 фоизи, ота-онасининг биридан ажралган 38 нафар болаларга эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида пенсия нафақаси Китоб туман ижтимоий таъминот бўлими томонидан жамғарма банкида боланинг номига очилган омонатга ўтказиб борилмоқда.

Шунингдек, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ва Муборакнефтгаз УШК ҳомийлигида “Биз мустақил юрт фарзандларимиз” мавзусида байрам тадбири доирасида тарбияланувчилар учун байрам дастурхони безатилиб, 91 нафар тарбияланувчининг омонат дафтарчасига 50 минг сўмдан пул маблағи қўйилди.

Ҳамсуҳбатим билан дилдан суҳбатлашиб болалар кечки овқатланишга кириб кетишганини ҳам пайқамай қолибмиз. Энди ўқувчиларни тунгги навбатчи қабул қилиб, уларнинг сокин ором олишлари учун парвона бўлади. Биз эса кун давомида 5-”Меҳрибонлик” уйидаги болаларнинг фаолиятини кузатиб бир куни нақадар сермазмун ва қизиқарли тарзда ўтишига амин бўлдик. Бунда эса Ҳимоят опа каби фидойи, болаларни жон дили билан севучи ўқитувчи ва тарбиячиларнинг ўрни бениҳоят катта.

Ҳимоят опа билан суҳбатлашиш чоғида бу аёл ҳаётдаги куч-қувватни шу гўшадан олса керак деб ўйладик. Зеро, болаларга бўлган муҳаббат бу аёлга ғайрат ва шижоат бағишлайди. Ҳимоят опанинг икки ўғил ва икки қизи бор. У 94 нафар боласидан ортиб оиласидаги саккиз нафар набираларига меҳрибон буви бўлади. Унинг сўзларини тинглай туриб, ўз тақдиридан мамнун эканлигига, яна такрор умр берилса яна шу гўшага қайтиб ишлашини айтди.

Оқшом шабадаси юзимизни силайди. Атрофдаги муаттар ҳаво ажиб сокинликка уйғунлашади. Ойнинг ёғдуси йўлимизни ёритади. Осмондаги юлдузлар гумбази кўзни қувнатади. Беихтиёр муассаса тарбияланувчиларининг орзу-ўйлари, улар учун яратилган қулай шарт-шароитларни, Ҳимоят опадек фидойи ўқитувчиларнинг таълим-тарбия бераётганини ўйлаб, бағрикенг халқлигимиздан фахрланасан, киши. Шундай озод ва обод Ватанимизнинг келажаги янада нурофшон бўлишига ишончимиз қатъийлашади.

Теглар:#2015/10

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси: «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида саломатлик акцияси бошландиСаломатлик

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси: «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида саломатлик акцияси бошланди

Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳар бир янгиланиш ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳиятига эътибор берсак, уларнинг барчаси шу муқаддас Ватанда азиз саналган инсон учун эканлиги яққо

15.02.2021110
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.2022314
“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?Жамият

“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?

Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и

05.04.2021284
Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талабиЖамият

Cалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби

Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бош­лашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.

31.05.2021277