Пойтахтимиздаги хотира майдонига йўли тушмаган киши бўлмаса керак. Гўшада сайр қиларкансиз кўнгилга ажиб руҳият инади. Беихтиёр тил сукут сақлаб, нигоҳлар сўз очади. Вужудингизга озодлик, эрк ва ҳурлик насими сингиб бораётгандек бўлади.
Мотамсаро она ҳайкали қиёфасида халқимизнинг суронли ўтмиши гавдаланади. Бир сўз билан айтганда бу ерда барпо этилган бунёдкорлик ишлари замирида ўзбек халқининг олижаноб, кенг феъли, қадри баланд ва беғубор кўнгилли экани тараннум этилган.
Ана шу гўзалликнинг барпо қилинишида андижонлик Шукрулло ака Ўтагановнинг ҳам ҳиссаси бор. У ўз номини тарих саҳифаларига битиб қўйган. Пойтахтимизнинг сўлим маскани бўлмиш Мотамсаро она ҳайкали атрофида алпкелбат йигитлардек савлат тўкиб турган устунларга боқсангиз фикримизга амин бўласиз. Ҳа, ана шу гўзаллик уста Шукрулло аканинг қўлларидан яралган. Бу киши меҳнатнинг, санъатнинг, ижоднинг ҳадисини олганлардан. Ҳунарманд Ўтагановлар сулоласининг иккинчи авлоди саналади.
Оилада бу касбнинг тамал тошини қўйган, халқ амалий санъатининг таниқли устаси, Андижон ёғоч ўймакорлик мактабининг асосчиси, Ўзбекистон Республикаси Халқ устаси, ташаббус кўрик танлови совриндори Йўлбарс Ўтаганов ҳисобланади. Отахон шу ҳунар ортидан ўн икки фарзанд – олти қиз, олти ўғилни вояга етказиб, ўқитди, уйли-жойли қилди, ҳунар ўргатди.
– Киши бир ишнинг бошидан тутиб, унга астойдил меҳр берса, неча ёшни қаршилаган бўлмасин, албатта ана шу меҳнати орқали эл оғзига тушади, – дейди Шукрулло ака. – Буни мен отамнинг ҳаёти мисолида кўраман. Дадамнинг бу ҳунарни ўрганиш қизиқ кечган. Ўттиз ёшдан ошган, касби тракторчи бўлган дадам Йўлбарс Ўтаганов туманимиздаги 24-сонли умумтаълим мактаби учун эшик тайёрлаб берган. Андозаси аниқ, пишиқ-пухта ишланган эшикка безак сифатида оддий гуллар нақшини солган. Буни қарангки, у кишининг меҳнати барчага манзур бўлди. Яна қўшимча таклифлар туша бошлади. 2001-йилда Президентимиз фармони билан Ўзбекистон Республикаси Халқ устаси унвонига сазовор бўлди.
Отаси Йўлбарс Ўтагановнинг қабарган, аммо иссиқ тафтли қўлларидан тутиб олти ўғил ҳам шу касбнинг давомчиларига айланди. Шукрулло ака ўғилларнинг тўнғичи. Бу кишининг ишлаш жараёнини кузацангиз хўб қизиқ-да! Устахонага кирадию, токчага қўйилган аччиқ кўк чойни бир сипқоради-да, иш бошлайди. Устун учун мўлжалланган тўсинни олиб унга ишлов беради. Бу ерга Шукрулло аканинг укалари, шогирдлари ҳам жам бўлишган. Йўлбарс отанинг маслаҳати ва кўрсатмалари билан олти нафар ўғил ва шогирдлар янги бир ишнинг бошини тутишган. Устахонадан ускуналарнинг зарб билан урилиши овози эшитилади. Бора-бора бу овоз устахонани буткул эгаллайди...“Тиқ-тиқ-тиқ-тиқ”... Ора-орада Шукрулло аканинг шогирдларига “нақш чизиқларини аниқ олгин”, “яна бир сантиметр силжит”, “қўлингни тўғри туцанг чизиқлар яхши чиқади”, деган хитоблари янграйди.
Устахонани кузацангиз бу ер ҳақиқий ижод майдонига айланган. Не-не асрларга татигулик қўл меҳнати шу ерда яратилган.
Андижондаги шоҳ Бобурнинг рамзий қабри жойлашган айвон ҳамда Тошкентдаги Индира Ганди миллий санъат марказига ўрнатилган кириш қисмидаги нақшинкор эшиклар шу ерда тайёрланган. Афғонистондаги мавлоно Лутфийнинг қабри жойлашган бино айвони учун устун ва эшиклар ўрнатишган. Самарқанддаги Шарқ гавҳари номини олган Имом ал-Бухорий мажмуасига кираверишдаги уч томонлама эшиклар ҳам оилавий меҳнатнинг ортидан саналади. Ана шу меҳнати ортидан Шукрулло ака ҳам Ўзбекистон Республикаси Халқ устаси унвонига сазовор бўлди. – Шундай улкан мажмуанинг ўзига хос гўзал бўлишида бизнинг ҳам ҳиссамиз борлиги оиламиз учун улкан шараф, – дейди уста мамнун қиёфада. – Бевосита бу ишланмаларимизга ўзимиз ном ҳам қўйганмиз. Мажмуага чап томондан киравериш эшигини “Умид”, ўнг томондагисини эса онамизнинг исми билан “Хумор” дея атадик. Асосий кириш дарвозанинг номини “Саккиз жаннат дарвозаси” деб номлаганмиз. Дунёнинг турли чеккасидан келаётган меҳмонлар асарларимизни кўриб, кўнглидан бир илиқлик ўтибдими, демакки бизнинг бу ишларимиз, меҳнатимиз зое кетмаганидан дарак.
Шукрулло ака шу вақтга қадар 500 дан ортиқ шогирдларга ҳунар ўргатиб мустақил ҳаётга йўллаган. Ҳозирда устахонасида 10 дан ортиқ шогирдларга нақш-ўймакорлик сирларини ўргатиб келмоқда. Шунингдек, туманда Баркамол авлод марказида халқ амалий санъати йўналишида 30 дан ортиқ ўқувчига сабоқ бераётир. Ҳозир уста шогирдлари билан Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида жойлашган “Мурувват” уйи учун айвончалар қуриш билан банд. Хуллас, уста ўз умри ва ҳаётига мазмун ва барака кирита олган инсонлардан биридир. Зеро, касбининг давомчиси шогирдлар тайёрлаб, қўл меҳнати асрлар давомида сайқал топиб уста номи билан эътироф этилса, бундан ортиқ бахт, мазмунли умр борми киши учун?!
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиКарьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
Жамият“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?
Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и
ЖамиятCалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби
Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бошлашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.
ЖамиятЭзгулик йўли
«Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди аҳоли генофондини сақлаш ва яхшилаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялашда оила рол
