
– Ким кучли? Нимага тирсагингни кўтарасан? Бу ўйин қоидасига тўғри келмайди.
– Бўпти, бўпти. Қўлим кўтарилиб кетди-да, ўртоқ. Кел, бошидан бошлаймиз, – дея баҳслашади армрестлинг бўйича куч синашаётган болалар. Улар Сергели туманидаги 300-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган “Камалак” болалар ёзги оромгоҳи дам олувчилари.
Дарахтлари кўкка бўй чўзган соя-салқин мактаб ҳовлисига кириб борар экансиз, ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандек тасаввур қиласиз. Оддий елим идишлардан ясалган бобо Қуёш гўё тоғлар, дов-дарахтлар ортидан нур таратаётгандек. Ранг-баранг гуллар орасида эса жирафалар қувлашмачоқ ўйнаб, атрофга олазарак боқишади. Ўзбегимнинг атласидан ясалган товус хуш келибсиз, деяётгандек бизни қарши олади.
Оромгоҳда “Шодлик”, “Омад”, “Дўстлик” каби гуруҳлардан ташқари русийзабон болажонлардан ташкил топган “Улыбка”, “Солнышка”, “Радуга” гуруҳлари ҳам мавжуд бўлиб, болажонлар ўзлари учун ажратилган стол атрофида йиғилишган. Бирлари инглиз тили сабоқларини олишаётган бўлса, бошқа гуруҳ аъзолари бўлган қизалоқлар стол атрофида каштачилик сирларини устозидан ўрганмоқда. Уларнинг ёнгинасида миллий бурчак – ўзбекона супа устига кўрпачалар дид билан солиб қўйилган. Супа устида қизиқарли ўйинлар ўйнаб ўтирган болажонлар бизни кўриб ўринларидан туриб салом беришди.
– Мактабимиз қошида ташкил этилган оромгоҳ бағрида иккинчи мавсумда 125 нафар ўғил-қиз мароқли ҳордиқ чиқармоқда. Барча қулайликларга эга бўлган мазкур дам олиш масканидаги болажонларнинг кўпчилигини мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлиги доирасида кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ташкил этади, – дейди биз билан суҳбатда мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, оромгоҳ раҳбари Мунира Юсупова. – Дам олиш истагида бўлган ўқувчиларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Болажонлар бир кунда уч мартадан мазали ва сифатли таомлар билан сийланадилар. Тиббиёт хонасида барча керакли дори-дармонлар тахт қилиб қўйилган. У ерда малакали шифокор ва ҳамшира болажонларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун фаолият кўрсатмоқда. Дам олиш, гигиеник хоналар болажонлар хизматида. Қувонарлиси, болалар ўртасида ўтказилаётган турли спорт мусобақалари, кўрик-танловлар, беллашувлар орқали янги иқтидор эгаларини кашф этмоқдамиз.
Техник йўналишдаги мазкур оромгоҳга Сергели туманидаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказидан тўгарак раҳбарлари бириктирилгани айни муддао бўлган. Улар автомодел, ёш техник, расм, теннис, шахмат, шашка, мусиқа, инглиз тили, сузиш йўналишлари бўйича сабоқ бермоқда.
– Оромгоҳимиздаги болажонлар 17-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг сузиш ҳавзасига борадилар. Мактабимиз ўтган йили ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари ўртасида ўтказилган “Энг яхши оромгоҳ” танлови ғолиби бўлган, – дейди оромгоҳнинг бош тарбиячиси Нателла Кази. – Олдин масканимизда спорт анжомлари етишмасди. Кейинчалик болалар спортини ривожлантириш жамғармаси туман бўлими томонидан оромгоҳимизга турли спорт анжомлари тақдим этилди. Бундан ташқари Туман ахборот ресурс марказининг мактабимизда жойлашгани ҳам бизга қўл келди. Чунки бир-биридан қизиқарли янги адабиётлар, эртак китобларини болалар қизиқиш билан ўқишмоқда. Шунингдек, компютер тўгараги фаолияти ҳам шу ерда олиб борилади.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз: бу йилги ёзги таътил даврида республикамизнинг 532 та умумтаълим мактабида кундузги оромгоҳлар ташкил этилган. Пойтахтимиздаги мактабларнинг 36 тасида кундузги, учта ихтисослаштирилган, битта экология, 2 та техник ҳамда 3 та бадиий меҳнатга йўналтирилган оромгоҳларнинг фаолияти йўлга қўйилган. Биз фаолияти билан танишаётган 300-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган оромгоҳ ҳам шулар жумласидандир.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиКарьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
Ўқувчингиз «хобби»сини биласизми?
Ўқувчилар ўртасида ҳаётга енгил муносабатда бўладиган, дунёқараши тор ва юзаки фикрлайдиган ўсмирлар ҳам йўқ эмас. Аслида ҳаёт гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, уни қанчалар қизиқарли
Жамият“ИФТИХОР”ЛИКЛАР ИШЛИ БЎЛМОҚДАМИ?
Чирчиқ шаҳар “Ифтихор” маҳалласидаги 7-мактабда ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Маҳалладаги 278 нафар ишсиз фуқаронинг и
ЖамиятCалоҳиятли кадрлар тайёрлаш – давр талаби
Таълим масканига кирарканман бир гуруҳ оқ халатли ўқувчи қизлар салом беришиб, раҳбарият биноси томонга бошлашди: – Юринг, сизга йўлни кўрсатиб юборамиз. Биз ҳам дарсга киряпмиз.
