Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Билим бекати: кутубхона

07.04.2014
45 марта ўқилди
Билим бекати: кутубхона

Қайси бир юрт, қай бир элат тарихига назар ташламанг, унинг тараққиёти давомида кўплаб моддий ва маданий ёдгорликлар яратилганининг гувоҳи бўласиз. Ана шундай ёдгорликлардан бири бўлмиш китобни аждодларимиз асраб-авайлаб, ниҳоятда қадрлаган. Фақат кутубхоналар туфайлигина қадимги қўлёзмалар, босма китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги манбаалар бизгача етиб келган. Кутубхона форсча “китоблар уйи”, “китоблар сақланадиган жой” деган маънони билдиради. Бу мўжаз кошона бағридаги бебаҳо асарлар асрлар оша ўз қадр-қийматини асло йўқотмай, янада сайқалланиб бораверади.

Халқаро болалар китоби куни муносабати билан пойтахтимиз мактабларининг барча Ахборот ресурс марказларида ўтказилган “Фарзандимга китоб совға қиламан” аксияси ҳамда Республика болалар кутубхонасида ташкил этилган “Болалар китоби – соғлом бола маънавиятининг асоси” мавзуидаги конфренсияда ҳам китоб энг яқин дўст, ноёб дурдона эканлиги ҳақида сўз борди.

Ана шундай нодир китоблар сақланадиган Тошкент шаҳридаги Республика болалар кутубхонаси 1965 йил январь ойида Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонасининг “Ўсмирларга хизмат кўрсатиш бўлими фонди”нинг негизида ташкил этилган бўлиб, ушбу зиё маскани вилоят болалар кутубхоналари фаолиятини бошқариб, илмий-услубий ва амалий ёрдам кўрсатиб келган.

Айни вақтда 13 мингдан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатаётган кутубхона ҳар жиҳатдан қулай ва шинам. Кичкинтойлардан тортиб, катталарнинг ҳам қизиқишига жавоб берадиган китоб заҳирасига эга мазкур кутубхонанинг асосий вазифаси китобни тарғибот қилишдан иборат.

Бу ерда 219 мингдан зиёд адабиётлар ва 100 дан ортиқ даврий нашрлар мавжуд. Жумладан фаннинг барча соҳалари бўйича болалар ёшини ҳисобга олувчи бадиий адабиётлар, илмий-оммабоп нашрлар, ижтимоий-сиёсий китоблар, журналлар, энсиклопедия-луғатлар, видео-аудио тасмалар болаларни билим-кўникмаларини бойитишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шунингдек, болалар таълим масканлари раҳбарлари учун илмий-услубий ва библиографик нашрлар ҳам ўз ўрнини топган.

Мазкур муассасада мактаб ёшигача ва 1-4 синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлими, 5-9 синф ўқувчиларига таълим ресурслари бўйича ахборот хизмат кўрсатиш, Маълумот-бибилиография ва ўлкашунослик ахборот бўлими, жаҳон ахборот ресурлари ва янги технология бўлими. Интернет синф каби 8 та бўлимдан иборат фаолият турларидан китобхонлар баҳраманд бўлишмоқда.

– Биргина мактаб ёшигача ва 1-4 синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлимининг китоб фонди 8 минг 503 нусхани ташкил этади. Болажонларнинг китобга бўлган меҳрини уйғотиш ушбу бўлимдан бошланади. Бу ерда ёш китобхонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун видеоаппаратура орқали тури хил мултфилмлар намойиши ва ўйинлари машғулотлар ўтилади. Адабиётлардан тўлиқ фойдаланиш учун алфавитли ва системали каталоглардан фойдаланилади. Шеърлар картотекаси болалар қизиқишларини ҳисобга олиб мунтазам тўлдирилиб борилади. Бўлим ходимлари Тошкент шаҳридаги Мактабгача таълим муассасалари ҳамда мактаблар, Успенский номидаги Республика ихтисослашган мусиқа академик лицейи ўқувчиларига хизмат кўрсатиб келмоқда. Айниқса таълим масканлари билан ҳамкорликда мунтазам равишда “Алифбо” байрамлари, учрашувлар, суҳбатлар уюштириб борилмоқда, – дейди Республика болалар кутубхонаси маъданият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Умида Раимбекова.

2001-йилдан бошлаб 5-9-синф ўқувчиларига таълим ресурслари бўйича ахборот хизмат кўрсатиш бўлими қошида оилавий ўқиш шўбаси ташкил этилган бўлиб, мазкур шўба болалар ўқишига раҳбарлик қилувчилар, педагоглар, тарбиячилар ва ота-оналарнинг кутубхонадан фойдаланишлари учун мўлжалланган. Ушбу хизмат туридан “Оқибат”, “Ёшлик”, “Мустақиллик” каби маҳаллаларда истиқомат қилувчи уй бекалари, нафақахўрлар фойдаланиб келмоқда.

Зиё масканининг адабиётларни сақлаш ва ретрокаталог яратиш бўлимида иш қизғин. Бўлим ходимлари кутубхонанинг хизмат кўрсатиш бўлимларидаги китобларни мунтазам янгилаб, тўлдириб борадилар. Бўлимларнинг китоб заҳираларини қандай сақлаётганлигини назорат қилиш билан бирга талаб қилинган нашрларни кутубхонанинг китоб сақлаш бўлимидан етказиб беради.

Зиё маскани фондидаги барча китоблар китобхонларнинг ёшларини ҳисобга олган ҳолда, кутубхона библиографик классификация жадвали асосида жойлаштирилган. Бундан ташқари болалар ўқишига раҳбарлик қилувчилар учун ҳам алоҳида китоб фонди жамланган. Барча китоблар фонди учун топографик каталог тузилган.

Илмий услубиёт ва мактаб ахборот ресурс марказлари мутахассилари малакасини ошириш бўлими китобхонларга хизмат кўрсатишда янги шакл ва усулларни қўлланишни йўлга қўйиш, кутубхона хизматини янги технологиялар асосида олиб бориш бўйича услубий ёрдам кўрсатади. Болаларнинг ўқишига раҳбарлик қилувчилар, ўқитувчи педагоглар, мактаб кутубхоначилари ва Ахборот ресурс маркази мутахассислари учун долзарб мавзулар, унутилмас саналар, турли услубий қўлланмалар тайёрлайди ва вилоят АРМларига юборади. Малака ошириш институтлари, маданият институти ва маданият коллежи талабалари учун илмий-услубий маслаҳатлар берилади ва амалий машғулотлар ўтказишни ташкил қилади.

2007-йилда Япония ҳукуматининг гранти асосида кутубхонага аудиовизуал жиҳозлар ажратилган бўлиб, бу ускуналардан кўзи ожиз ва имконияти чекланган болалар ҳамда ўсмирлар фойдаланишмоқда. Мавжуд лингафон хонаси, электрон кутубхона, интернет тармоғига уланган компютер хонаси китобхонлар учун кўплаб ахборотларни олиш имконини бермоқда. Кутубхонада болалар компютердан фойдаланиш қоидаларини ҳам ўрганишмоқда. Ташкил этилган “Компютер кутубхонаси” турли фан соҳалари бўйича рефератлар ва тематик уй вазифаларини бажаришга ёрдам беради. Яратилган бундай имкониятлар китобсевар болажонларнинг билимини янада бойитишга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда Республика Болалар кутубхонаси жамоасининг илм зиёсини тарқатиш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Зиё масканидаги китоб мутолаасига киришган илмсевар болажонларнинг чароғон эртасини бугунидан равшан кўраётганига чинданда ҳавас қилсанг арзийди.

Теглар:#2014/14

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Маънавият – билимлар асосиМаданият

Маънавият – билимлар асоси

Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б

15.11.2024273
Комилликка 7 йўлМаданият

Комилликка 7 йўл

Дунёқарашни кенгайтиради. Китоб – турли-туман билимлар конидир. У орқали биз дунё, одамлар ҳамда воқеликни яхшироқ тушуна бошлаймиз. Тарих ва фантастика, дедиктив ҳамда юмористик ҳ

20.11.202013
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИМаданият

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди

22.09.2021311
БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗМаданият

БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на

01.12.2021304