Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганида ҳаракат қилиш бўйича яхлит давлат тизими ва унинг мувофиқлаштирувчи органи Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилди, соҳанинг зарур меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларнинг фавқулодда вазиятлар профилактикаси, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича имкониятларини мустаҳкамлаш борасида кўлами ва мазмунига кўра салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тизими фаолияти самарадорлигининг таҳлили шуни кўрсатадики, республика аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш соҳасида бир қатор муаммоли масалалар мавжуд:

биринчидан – табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашни прогнозлаш, хавфни баҳолаш, кузатиш ва назоратини амалга ошириш масалалари билан шуғулланувчи бир қатор ихтисослаштирилган муассасалар фаолият юритаётган бўлишига қарамасдан, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлашнинг таъсирчан тизими яратилмаган, бунинг оқибатида зилзилалар, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар, экзоген геологик жараёнлар, техноген хусусиятли авария ва ҳалокатларнинг таҳдидини ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юз бериш хавфини аниқлаш тўлиқ амалга оширилмаяпти;

иккинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг амалдаги ташкилий-штат бирлиги ва шахсий таркибининг камлиги фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларни кенг кўламли ва самарали амалга оширишни таъминламаяпти;

учинчидан – айрим шаҳар ва туманларда қуйи бўғин мавжуд эмаслиги ва ривожланмагани фавқулодда вазиятлар бўлимлари томонидан профилактик чора-тадбирларни мамлакатимизда тизимли равишда амалга оширишга имкон бермаяпти, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш борасида аҳоли билан кенг қамровли мулоқот олиб бориш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан самарали ҳамкорлик қилишни таъминламаяпти;

тўртинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг профессионал қутқарув отрядлари маъмурий марказларда жойлашгани олис туманларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар содир бўлганда қутқарув отрядларининг жалб этилишида муайян қийинчиликлар туғдириб, уларни фақат фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларигагина жалб этиш билан чекланилади;

бешинчидан – ҳудудларда фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш, прогнозлаш, олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалаларига жалб этилиши лозим бўлган бошқарув органлари, куч ва воситаларни мувофиқлаштирувчи таъсирчан механизмлар мавжуд эмас;

олтинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмаларини замонавий авария-қутқарув техникалари, асбоб-ускуналари, анжомлари ва алоқа воситалари билан таъминлаш даражаси қониқарсизлигича қолмоқда;

еттинчидан – аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар ва техноген авариялар хавфидан муҳофаза қилиш бўйича муаммоларни ҳал қилишда республиканинг илмий-тадқиқот салоҳиятидан амалда тўлиқ фойдаланилмаяпти;

саккизинчидан – фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш, уларнинг хавфи тўғрисида аҳолини хабардор қилиш ва огоҳлантириш, шунингдек, қутқарув ишларини олиб боришга жалб этилиши лозим бўлган куч ва воситаларни мувофиқлаштириш ва бошқариш ишларига замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этиш ишлари суст олиб борилмоқда;

тўққизинчидан – аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, келгусида ушбу соҳада ишловчи профессионал кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими мавжуд эмас.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларига мувофиқ, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

  1. Қуйидагилар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигини фавқулодда вазиятлар таҳдиди ва хавфини олдиндан бартараф этадиган, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва комплекс ёрдам кўрсатишга қаратилган фаолият олиб борадиган, унинг ҳар бир ходими “Ўз вақтида огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш” шиори остида хизмат қиладиган мобиль, замонавий профессионал хизматга айлантириш;

аҳоли, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва ёшлар билан мулоқотларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш, аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигига таҳдидлар, табиий ва техноген хусусиятли хавфлар манбалари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, туман ва шаҳарлардаги куч ва воситаларни самарали тақсимлаш, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатувчи турли хизматларнинг тезкор ҳаракатини мувофиқлаштирувчи механизмларни яратиш;

фавқулодда вазиятлар содир бўлиши хавфининг чуқур таҳлилини ва аниқлашни назарда тутувчи фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш тизимини такомиллаштириш, республика ҳудудларини сейсмик хавфлар, техноген авария ва ҳалокатлар манбалари бўйича районлаштириш;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиги, мол-мулкига хавфларни барвақт профилактика қилиш ва уларнинг олдини олиш, ҳаётий фаолиятни таъминловчи объектлар ва тизимларнинг барқарор ишлашини, таҳдидлар ва уларнинг келиб чиқиш омилларини олдиндан аниқлаш, бартараф этиш борасида аниқ чоралар кўриш, аҳолининг ушбу соҳада маълумотларга эга бўлиш даражасини оширишни таъминлаш;

Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, шунингдек, кичик ҳажмли кемаларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш ва сув ҳавзаларида одамлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат назорати ва кузатувини кучайтириш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ваколатига эга раҳбарлар ва мансабдор шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фуқароларни фавқулодда вазиятлар содир бўлганда ҳаракат қилишга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш, шунингдек, вазирлик учун кадрларни шакллантириш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш;

Яна ўқинг:  ДИЛКАШ ЛАҲЗАЛАР

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, гидрометеорологик ва сейсмологик хизматларнинг моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, ўқув ва илмий-техник базасини модернизация қилиш, илмий ходимлар, мутахассислар ва қутқарувчиларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитлар яратиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ташкил қилиш ва амалга оширишнинг барча босқичларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган мақсадли ва илмий-тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, улар юз берганда иқтисодиёт объектлари фаолияти барқарорлигини ошириш.

  1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига белгиланган тартибда берилсин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорологик хизмат маркази таркибий тузилмалари билан биргаликда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.А.Мавлонов номидаги Сейсмология институтининг тезкор хабарлар хизмати ва сейсмик хавфнинг сейсмологик мониторинги ва прогностик мониторинг республика тармоғи.

Белгилансинки, Гидрометеорологик хизмат маркази ва унинг таркибий тузилмалари, Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, Сейсмология институтининг тезкор хабарлар хизмати ва сейсмик хавфнинг сейсмологик мониторинги ва прогностик мониторинг республика тармоғи мавжуд штат бирлиги ва моддий-техник базаси билан тўлиқ, амалдаги молиялаштириш тартиби, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби билан ўтказилади.

  1. Берилаётган Сейсмология институтининг тезкор хабарлар хизмати ва сейсмик хавфнинг сейсмологик мониторинги ва прогностик мониторинг республика тармоғи базасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази ташкил этилсин.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ғ.А.Мавлонов номидаги Сейсмология институти Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази фаолиятини илмий-методик жиҳатдан таъминлайди.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2915-қарори билан Ўзбекистон Республикаси Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасарруфига топширилгани маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси негизида Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий аппарати таркибида Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси ташкил этилсин.

  1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тинчлик ва ҳарбий даврда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, гидротехника иншоотларининг барқарор ишлаши, гидрометеорологик ва сейсмологик кузатувлар, кичик ҳажмдаги кемалардан бехатар фойдаланиш, сув иншоотларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш;

аҳолига фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги ёки мулкига хавф-хатар туғилганда комплекс ёрдам кўрсатиш, халқ билан мулоқотни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бу борада ўзаро яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, мавжуд хавф-хатарлар тўғрисида аҳолини ўз вақтида огоҳлантириш ва хабардор қилиш;

фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасини ривожлантириш ва бошқарувини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши ва ривожланиши хавфини комплекс мониторинг ва прогноз қилишни таъминлаш, мазкур соҳада гидрометеорологик ва сейсмик кузатувлар олиб бориш;

аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий хокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини, ушбу мақсадлар учун молиявий, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техник ресурсларнинг давлат захира фондларини ташкил этишга доир ишларини мувофиқлаштириш ва уларнинг самарали ҳамкорлигини ташкил этиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, мамлакат аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш, гидротехник иншоотлар, кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш хавфсизлигини самарали назорат қилиш, сув ҳавзаларида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда иқтисодиёт объектлари фаолиятининг барқарорлигини оширишга қаратилган тадбирларни тайёрлаш, ўтказиш ва мувофиқлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ҳамда мақсадли илмий-техник дастурлар ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолини, мансабдор шахсларни ҳамда Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими тузилмаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тизимли тайёрлаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;

юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, гидрометеорологик ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш.

  1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат ва ҳудудий комиссияларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи 1-3 иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

Қуйидагилар Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишга қаратилган энг муҳим масалаларни кўриб чиқиш, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг вазифаларини белгилаш ва қарор қабул қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ҳар йили фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган фуқаро муҳофазаси (баҳор мавсумида) ҳамда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш (куз мавсумида) ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш;

Яна ўқинг:  Қашқадарёда кўришгунча хайр, “Баркамол авлод”!

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг авария, ҳалокат, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқаролар, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тиббий реабилитация қилиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

молиявий ва моддий ресурслар давлат захираларини ташкил этишни таъминлаш, шунингдек, улардан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш борасида халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаш.

Қуйидагилар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш комиссияларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, хавфи юқори бўлган объектларнинг мустаҳкамлигини ошириш, фавқулодда вазиятларда иқтисодиёт тармоқлари фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш бўйича ташкилий ва муҳандислик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга идоравий бошқарув органлари, куч ва воситалар шайлигини таъминлашда иштирок этиш, объектларда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, жумладан, объект ходимларини эвакуация қилиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун идоравий молиявий ва моддий ресурслар захирасини ташкил этиш ва улардан фойдаланишга раҳбарлик қилиш;

фавқулодда вазиятларда жабрланган аҳолини, жумладан, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда бевосита иштирок этган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича жойларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини назорат қилиш ва текшириш.

Қуйидагилар шаҳар ва туманлар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш комиссияларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, авария, ҳалокат, табиий офатлар зарари ва оқибатларини камайтириш тадбирларини амалга ошириш;

бошқарув органлари куч ва воситаларининг фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга шайлигини таъминлашда иштирок этиш;

авария-қутқарув тузилмаларини, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш тадбирларини таъминлаш харажатларини қоплашда ишлатиладиган молиявий ва моддий-техник ресурслар захира жамғармаларини ташкил этиш.

  1. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин, унда қуйидаги устувор йўналишлар назарда тутилсин:

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ташкилий-штатлар тузилмасини такомиллаштириш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимларни тайёрлаш, танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш механизмларини такомиллаштириш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда фан ва техника ютуқларини татбиқ этиш;

қутқарув тузилмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини такомиллаштириш.

Белгилансинки, вазирлик ва идоралар раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар.

  1. Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси (А.Ж.Раматов):

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари вазирлик ва идоралар билан бирга Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг тўлақонли ва белгиланган муддатларда бажарилишини таъминласин;

вазирлик ва идоралар мутахассислари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларининг етакчи олимлари, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этган ҳолда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича эксперт гуруҳи тузсин, уларнинг самарали ишлашини ташкил этсин;

қонун ҳужжатларининг чуқур танқидий таҳлилини, амалиётда қўллашни ва илғор хориж тажрибасини ўрганиш, шу асосда Дастурда назарда тутилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни таъминласин;

меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мунтазам ва сифатли тайёрлаш, ўз вақтида кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда киритиш юзасидан доимий назоратни амалга оширсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов):

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини, шунингдек, фуқаро муҳофазаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари лойиҳаларини бир ҳафта муддатда киритсин;

бир ой муддатда “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссиялар тўғрисида”ги Низомни тасдиқласин;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига Фармондан келиб чиқадиган қўшимча ва ўзгартиришлар тўғрисида таклифлар киритсин;

уч ой муддатда вазирлик бўлинма ва муассасаларининг ўзига хос хусусияти ва мақсадларини ҳисобга олган ҳолда тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш учун уларни жойлаштириш, жиҳозлаш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш тадбирлари тўғрисидаги дастурни тасдиқласин.

  1. Мазкур Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Маҳмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2017 йил 1 июнь

* * *

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ «ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ТИЗИМИ САМАРАДОРЛИГИНИ ТУБДАН ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ГИ

ФАРМОНИГА

Ш А Р Ҳ

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ва самарали бартараф этиш аҳолининг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларига эришишда муҳим аҳамиятга эга.

Иқтисодиёт тармоқлари жадал ривожланаётгани, ишлаб чиқариш технологияларининг мураккаблашиб бораётгани, ишлаб чиқариш объектларининг аҳоли пунктларига яқин жойлаштирилаётгани, аҳоли сони кўпайиб, урбанизация жараёни тезлашаётгани, хавфли табиий жараёнларнинг тез-тез содир бўлаётгани ва кўлами кенгайиб бораётгани, шунингдек, трансчегаравий хавфларнинг мавжудлиги табиий ҳамда техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиш хавфини янада оширмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар, техноген авария ва фалокатлардан ҳимоя қилиш бўйича яхлит давлат тизими, зарур меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, аҳолини фалокатлар пайтида ҳаракат қилишга тайёрлаш борасида кўлами ва мазмуни жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилди.

Яна ўқинг:  Андижон шаҳрида бўғма касаллигига гумон қилинган ташхис тасдиқланмади

Шу билан бирга, амалдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизими фаолиятининг таҳлили мамлакат аҳолиси ва ҳудудларини табиий офатлар, техноген авария ва ҳалокатлардан муҳофаза қилишга салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор муаммоли масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш тизимини янада модернизация қилиш талаб этилади. Ушбу тизим бугунги кунда хавфли гидрометеорологик ҳолатларнинг мавжуд хавф-хатарларини ҳамда улар юз берганда ҳаракат қилиш механизмларини манзилли аниқлаш имконини бермайди.

Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш учун мамлакатимизнинг мавжуд илмий салоҳиятидан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан етарли даражада фойдаланилмаяпти. Қутқарув тузилмаларининг моддий-техник таъминоти, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, фуқароларни бундай вазиятлар рўй берганда тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, хавфли табиий жараёнлар кучайиши билан боғлиқ мавжуд хатарлар, шунингдек, техноген авария ва ҳалокатлар хавфи тўғрисида ўз вақтида ва аниқ хабардор қилиш тизими бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга оширишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизими фаолиятини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вазифалари белгиланди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази, Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, Кичик ҳажмли кемалар давлат инспекцияси, шунингдек, Фанлар академияси Сейсмология институтининг Тезкор хабарлар хизмати Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди.

Юқорида қайд этилган ташкилотларнинг вазирлик тизимига ўтказилиши муносабати билан тинчлик ва ҳарбий даврда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш, гидротехник иншоотларнинг барқарор ишлаши, гидрометеорологик ва сейсмологик кузатувлар, кичик ҳажмдаги кемалардан бехатар фойдаланиш, сув ҳавзаларида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, фавқулодда вазиятлар юзага келиш хавфи ва омилларини олдиндан аниқлаш, улар вужудга келишини барвақт профилактика қилиш ва олдини олишни таъминлаш ҳамда бошқа вазифалар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг янги асосий вазифалари этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фармони фавқулодда вазиятлар ривожланиш хавфи юқори бўлган туманларда (шаҳарларда) фавқулодда вазиятлар бўйича қўшимча бўлимлар ва қутқарув отрядлари ташкил этиш орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимининг салоҳиятини мустаҳкамлаш ва қуйи бўғинларини кенгайтиришга қаратилган.

Мазкур фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ҳам шундай ҳудудий комиссиялар ташкил этилганини таъкидлаш зарур. Уларнинг таркибига аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишни таъминлашда иштирок этадиган барча даражадаги мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари киритилди.

Қуйидагилар Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар шаҳарлар ҳокимликларининг вазифаларини белгилаш ва қарор қабул қилиши бўйича таклифлар тайёрлаш;

ҳар йили фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган фуқаро муҳофазаси (баҳор мавсумида), аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш (куз мавсумида) ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг авария, ҳалокат, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқаролар, шунингдек, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тиббий реабилитация қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш.

Ҳужжатда аҳоли билан мулоқотни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, “Ўз вақтида огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш” шиори остида аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш вазифаларини бажаришни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур фармонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш тизими самарадорлигини ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, илм-фан ва техника ютуқларини жорий этиш, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Фармонни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари имзоланди.

Мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши амалдаги Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини тубдан ошириш, шунингдек:

биринчидан – халқ билан мулоқотни мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлик орқали фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чора-тадбирларни ўз вақтида тизимли асосда қабул қилиш;

иккинчидан – фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш борасидаги ишларни сезиларли даражада яхшилаш ва сифатини ошириш, гидрометеорологик ва сейсмик кузатувлар бўйича ишларни тизимлаштириш, йирик гидротехник иншоотлар ва сув объектларида фавқулодда вазиятлар пайдо бўлиш хавф-хатарларини барвақт аниқлаш;

учинчидан – фавқулодда вазиятларда комплекс ҳаракат қилиш тезкорлигини ошириш ва уларнинг зарарини камайтириш;

тўртинчидан – маҳаллий корхоналар негизида асосий турдаги авария-қутқарув техникаси, мулк ва ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ишларини ташкил қилиш имконини беради.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: