Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси

Мустақиллик йилларида мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуришга, эркин бозор муносабатларига ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни ривожлантиришга, халқ осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратишга, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашига қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Босиб ўтилган йўл ва орттирилган тажрибани холисона баҳолашдан, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни таҳлил қилишдан ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, олдимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликларини ҳамда аниқ марраларини белгилаш вазифаси турган эди.

Мазкур вазифани амалга ошириш йўлида аҳолининг кенг қатламлари, жамоатчилик ва ишбилармон доиралар вакиллари, давлат органларининг раҳбарлари ва мутахассислари билан амалий суҳбат ҳамда муҳокамалар олиб борилди, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатлари, миллий ва халқаро ташкилотларнинг ахборот-таҳлилий материаллари, маърузалари, тавсиялари ва шарҳлари ўрганилди, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди.

Келиб тушган таклифларни жамлаш, чуқур ўрганиш ҳамда умумлаштириш асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилиб, у билан:

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.

Лойиҳаларни тайёрлаш давомида аҳолининг кенг қатламлари орасида қизғин муҳокамалар олиб борилди. Лойиҳалар муҳокама учун турли ахборот майдонларига жойлаштирилди, уларнинг натижасида кўплаб таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Фуқаролар сиёсий-ҳуқуқий борада юксак фаоллик кўрсатиб, олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида қизиқиш ва дахлдорликни намоён қилдилар.

Хусусан, лойиҳаларнинг “Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” порталида йўлга қўйилган жамоатчилик муҳокамаси натижалари бўйича 1 310 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушиб, улар асосида Давлат дастурининг 41 та банди қайта кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, 2017 йил 23-27 январь кунлари Тошкент шаҳрида медиа-ҳафталик ва халқаро давра суҳбати ташкил этилиб, уларда 1 300 дан ортиқ мутахассис ва эксперт, жамоатчиликнинг, оммавий ахборот воситаларининг, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик хорижий инвесторларнинг вакиллари иштирок этишди.

Ҳаракатлар стратегиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан сайловолди жараёни, жамоатчилик, ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда давлат органлари билан учрашувлар чоғида билдирилган мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилди.

Яна ўқинг:  Аёл – бахтнинг дояси

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир.

 

Хусусан, мамлакатни ривожлантиришнинг қуйидаги 5 та устувор йўналиши белгиланган:

  1. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш;
  2. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
  3. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш;
  4. Ижтимоий соҳани ривожлантириш;
  5. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.

 

Мазкур йўналишларнинг ҳар бири мамлакатдаги ислоҳотларни ва янгиланишларни янада чуқурлаштиришга оид аниқ бўлимлардан иборат.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: