Халқаро кўргазма очилди
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Таълим ва мавқега эришиш” мавзуидаги саккизинчи халқаро кўргазма иш бошлади.
Тадбир “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Савдо-саноат палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, Ёшларни иш билан таъминлашга кўмаклашувчи марказ ва “SSP-Expocontact” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилди.
Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган ягона давлат сиёсати амалга оширилмоқда.
Кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад унга ташриф буюрувчиларни Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардаги замонавий ўқитиш услублари билан таништириш, бу борада тажриба алмашиш, шунингдек, ёшлар ҳамда аҳолининг кенг қатламларига ўзларини қизиқтирган мутахассисликлар бўйича ўқув юртини танлашга кўмаклашишдан иборат.
“Таълим ва мавқега эришиш” халқаро кўргазмаси таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ёшларни мамлакатимиз ва хорижда ўқиш йўналишлари ҳамда шакллари хилма-хиллиги ҳақида хабардор қилишга ёрдам беради. Кўргазмага ташриф буюрувчилар асосан 14 дан 25 ёшгача бўлган йигит-қизлардир.
Тадбирда мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртлари, шунингдек, бир қатор хорижий олий ўқув юртлари қатнашаётир.
– Мазкур кўргазма нафақат бу ерда тақдим этилган ўқув юртлари, балки бу ерга келадиган ҳар бир одам учун катта имкониятлар очиб беради, – дейди Тошкент давлат шарқшунослик институтининг Маркетинг бўлими бошлиғи А.Юсупов. – Кўргазмада Ўзбекистоннинг энг яхши ўқув юртлари, қатор хорижий ўқув муассасалари, мамлакатимиздаги консалтинг, тренинг ва рекрутинг компаниялари, кўплаб йирик фирма ҳамда корхоналар, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг иш билан таъминлаш марказлари иштирок этмоқда. Шунингдек, улар бўш иш ўринлари ҳақида ахборот тақдим қилиб, иш ўринларини таклиф этишмоқда.
Кўргазмага мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳам таклиф қилинган.
– Бу йил банк иши йўналиши бўйича касб-ҳунар коллежини тамомлайман ва олий ўқув юртида мутахассислигим бўйича ўқишни давом эттирмоқчиман,– дейди Тошкент банк коллежининг учинчи босқич ўқувчиси И.Нишоналиев. – Ушбу кўргазмада мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари қатнашмоқда. Мен бугун улардан бирини танлаш учун келдим.
Мамлакатимиз ва хорижнинг қатор ўқув юртлари бу ерда ноёб ўқув дастурларини тақдим этади, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар билан таништиради. Обрўли ва талаб юқори бўлган касбларни эгаллаш учун кенг турдаги таълим хизматларини кўрсатадиган “Мавқега эришиш”, “Иффатли келин” “Mashriq mash”ali” ўқув марказлари “Қўшимча таълим” бўлимида ўз имкониятларини намойиш этмоқда.
“Таълим ва мавқега эришиш” халқаро кўргазмаси доирасида Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртлари тақдимотлари ҳам бўлиб ўтади.
Роман БОНДАРЧУК,
ЎзА мухбири