ЗУЛФИЯХОНИМ ИЗДОШЛАРИ МУШОИРАСИ
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг анжуманлар залида адабиёт йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган 46 нафар ижодкор қизлар иштирокида адабий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 2000 йилдан буён адабиёт йўналишида Зулфия номидаги мукофотга сазовор бўлган қизлар, адабий жамоатчилик – шоир ва адиблар, қатор нашриётларнинг масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда иштирок этганлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорининг эълон қилиниши замирида адабиётимиз, аждодларимиз, шунингдек, адабий жамоатчилигимизга юксак эътибор, ёш истеъдодли қизларни қўллаб-қувватлаш баробарида аёлларга бўлган чуқур эҳтиром ўз аксини топганлигини таъкидлаб ўтди.
Адабий кечада Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Зулфия ҳаёти ва ижодий фаолияти акс этган “Шарқнинг биллур овози” номли фотокўргазма ташкил этиш, веб-сайтини янада мукаммалаштириш борасида кенг сўз юритилди. Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича тузилган ташкилий қўмита мажлисининг баёнида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорларининг “Бахтим шул ўзбекнинг Зулфиясиман” номли тўпламини нашр этиш борасида ахборот берилди.
М. ТОЛИПОВА