Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Саодатим – юртим камоли билан

11.08.2016
42 марта ўқилди
Саодатим – юртим камоли билан

– Гулноза, сени шундай жойга олиб бораман, у ер сенга албатта, ёқади, – дея дадам мени илк бора Бухоро шаҳридаги “Нафис” гимнастика саройига етаклаб борган эдилар.

Ўша кезларда мен 5 ёшда эдим. Кенг, ёруғ бино эътиборимни ўзига тортганди. Машқ залига солинган тоза ва чиройли супа гўё чемпионлар шоҳсупасига ўхшарди. Нафис ва бежирим либослари ўзларига ярашган турли ёшдаги қизлар ажойиб спорт машқларини бажаришарди. Очиғи, қизларнинг нафис хатти-ҳаракатларидан ҳайратга тушдим, беихтиёр уларга ҳавасим келди.

Илк бор пешвоз чиқиб, “салом кичкинтой”, – дея мени илиқ табассум билан қарши олган мураббийим Римма Хохловадан бадиий гимнастика деб аталмиш мўжизавий оламнинг бор гўзаллиги, нафосати, мураккабликларини ўргандим. Бора-бора ушбу спорт тури ҳаётим мазмунига айланди. Мунтазам машғулотлар, қатъий интизом мени буткул ўзгартирди. Ўз кучимга ишона бошладим. Устозимнинг “сен уддалайсан, сенга ишонаман”, дея берган далдалари сабабли феъл-атворимда қатъият пайдо бўлди. Аста-секин спортдаги натижаларим ҳам яхшиланиб борди. Дастлаб, шунчаки жисмонан соғлом бўлишим учун бу спорт тури билан шуғулланган бўлсам, эндиликда бадиий гимнастика асосий мақсадимга айланди. Дадам ва онам, пиру бадавлат Зулайҳо бувижоним ҳар танловда қўллари дуода бўлди. “Йўлларинг ойдин. Марра сеники. Бунинг учун барча имкониятлар етарли. Эл-юрт эътиборида униб-ўсавер, қизим”, дея руҳимга куч берди. Устозимнинг талабчанлиги эса мени шахс сифатида шаклланишимга сабаб бўлди. Ватанимнинг ўз қизига кўрсатган эътибори туфайли спорт оламидаги саъй-ҳаракатларим ўз мевасини бера бошлади.

Бугунга қадар бадиий гимнастика бўйича “Баркамол авлод” спорт ўйинларида уч карра ғолибликни қўлга киритдим.

Ўзбекистон чемпионатида бир неча бор муваффақият қозондим. Шунингдек, Германия, Италия ва Франсия каби давлатларда ўтказилган йирик халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиб, яқинларимнинг ишончини оқладим. Ўша кезларда ота-онам ва устозимнинг чеҳрасида ажиб бир ҳаяжонни пайқадим. Уларнинг нигоҳлари “юртимиз байроғини баланд тут, мадҳиямиз сен туфайли жаҳон ареналарида янграсин”, деяётгандек эди, гўё.

Шунингдек, спортда эришган ютуқларим инобатга олиниб, Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлдим. Бу ҳам бўлса, мамлакатимизда ёшлар, хусусан, қизларнинг жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик намунасидир.

Юртимизда биз ёш ўғил-қизларга яратиб берилган ана шундай шароит ва имкониятлар ҳақида хориждаги тенгдошларимга сўзлаб берганимда, бу улар учун худди эртакдай туюлади. Зеро, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида болалар спорти масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмайди. Ана шундай лаҳзаларда фарзандларига илм олишида, ҳаётда ўз йўлини топишига эш бўлган жонажон юртим билан фахрланаман. Қалбан англайманки, Ватан мен учун ўз орзуларимга эришишимда йўлчи юлдуз мисоли порлайди. У менинг ва мен каби ёшларнинг онгу-шуурида, жисму жонида, қувончларимизнинг ҳар бир кулгичида жаранг сочади.

Ҳозирда ёш бўлишимга қарамай, спорт устаси унвонини қўлга киритдим. Шогидларим турли ёшдаги жажжи қизлар. Уларга устозим каби спортнинг бадиий гимнастика турининг сир-асрорларини ўргатиб келяпман. Ваъда бераманки, бу қизлар ҳам келажакда мен каби Ватанимиз байроғини юксакларга кўтаришади.

Теглар:#2016/32

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилдиСпорт

Юртимизда халқаро бадиий гимнастика турнири ўтказилди

Пойтахтимиздаги Гимнастика федерациясида бадиий гимнастика бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон гимнастика федерац

18.04.2022279
Дунё эътирофидаги бренд тиббиёт маҳсулотлари юртимизда ишлаб чиқарилмоқдаИқтисод

Дунё эътирофидаги бренд тиббиёт маҳсулотлари юртимизда ишлаб чиқарилмоқда

«CHIRANA ASIA» Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонасига бир гуруҳ ОАВ ходимлари иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар завод ишлаб чиқараётган ва миллий маҳсулот

10.08.202181
БОКС БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИСпорт

БОКС БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ

Боксчиларимиз Жаҳон чемпионатига жўнаб кетиши олдидан ўтказилган матбуот анжумани таассуротларга бой ҳолда ўтди. Маълумки, 25 октябрь – 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида

22.10.2021215
Автопойга ғолиблари аниқландиСпорт

Автопойга ғолиблари аниқланди

14-ноябр куни Тошкент вилояти Пскент туманининг “Жанубий трасса”сида автопойга бўйича Ўзбекистон чемпионати сериясининг 3-босқичи бўлиб ўтди. Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” т

16.11.2021212