Яқинда адабиётшунос, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаевнинг “Президентга мактуб” номли очиқ хати эълон қилинди. Мазкур мақола Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкорлари билан учрашуви таассуротларига бағишланган.
Мақолада адабиётшунос олим мамлакат раҳбари билан мулоқот пайти айтишга жазм қилган мулоҳазаларини ёзганини айтади ҳамда Ўзбекистон кирилл алифбосига қайтиши керак деган фикрни илгари суради. Ушбу фикр эса кўпчилик ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Айниқса, ушбу мавзу виртуал оламнинг кундалик баҳсларидан бирига айланди.
Кенг жамоатчилик икки гуруҳга ажралди. Уларнинг бири кирилл алифбосини маъқул деса, иккинчиси лотин ёзуви тарафдорларидир. Ижтимоий тармоқларда мазкур имлоларнинг қай бири афзаллиги борасида сўровнома ҳам ўтказилди. Унга кўра аксарият интернет фойдаланувчилари лотин ёзувини афзал билишди. Овоз йўллаганлар орасида ҳар иккала ёзув ҳам бирдай қулай эканлигини танлаганлар ҳам бор. Кирилл ёзуви тарафдорларининг аксарияти ёши улуғ ҳамда ўрта ёшлилардир. Улар айнан ушбу ёзувда савод чиқарганини, мазкур алифбода чоп этилган адабиётлар кўп эканини, шу сабаб бу ёзувдан воз кечиш бир қанча муаммоларнинг келтириб чиқаришини таъкидлашмоқда. Лотин алифбосида савод чиқарган аксарият ёшлар эса бу ёзув орқали ахборот технологиялари, тиббиёт атамалари мавжудлиги, бундан ташқари инглиз тилини ўзлаштириш ҳам қулай бўлишини, бир сўз билан айтганда, “лотин тили бизни дунё билан яқиндан боғлай олади” деб, ҳисоблашмоқда. Афғонистон, Покистон, Қирғизистон, Саудия Арабистони ва Туркияда туғилиб, вояга етган ўзбеклар лотин алифбосини дунё ўзбекларини бирлаштирган омил сифатида тилга олмоқда. Уларнинг фикрича бизнинг лотин ёзувини инкор қилишимиз улар билан бўлган ўзаро алоқанинг узилишига олиб келиши мумкин.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистонда сўнгги юз йил ичида 4 марта алифбо ўзгарди.
1917-йилда юз берган болшевиклар инқилобидан олдин Туркистонда араб имлосидан фойдаланилган. Инқилобдан сўнг, 1929-йилда Ўзбекистонда лотин алифбоси жорий этилади. 1940-йилга келиб эса лотинчадан кирилчага ўтиш сиёсати бошланади. Бу ўзбек зиёлиларининг саъй-ҳаракати билан эмас, туркий халқларни бўлиб ташлаш учун, уларга эргашиб, лотинчага ўтган Туркиядан узоқлаштириш учун советлар томонидан мажбурий амалга оширилган эди. Бир пайтлар, аниқроғи, рус подшоси даврида ягона арабча имло қўллаб келинган. Шунинг учун Самарқанд-у Тошкентдаги одам Боку ёки Қозонда чоп этилган матбуотни бемалол ўқий олган. Шуни назарда тутиб, кирилчага ўтказилаётганда, шундай худбин ва маккорона сиёсат тутилдики, ҳар бир турк халқи учун бир-биридан узоқ кирилл алифбоси яратилди. Мақсад эса “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” эди. 1989-йили Давлат тили ҳақидаги қонун ҳамда босқичма-босқич лотин алифбосига ўтиш қарори қабул қилинди. 1993-йил 2-сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Вазирлар кенгашининг шу куни қабул қилинган қарорида эса 2010-йилнинг 1-сентябридан янги алифбога тўлиқ ўтилиши белгиланган эди. Орадан олти йилдан ортиқ вақт ўца-да, қарор тўлалигича ўз тасдиғини топмади.
Лотин ва кирилл ёзувлари масаласи юқорида қайд этилганидек, кенг жамоатчилик, хусусан, журналист, ҳуқуқшунос, ёзувчи, шоир ва ҳатто, қўшни давлатлардаги ўзбек миллатига мансуб инсонлар ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Бу хусусда ижтимоий тармоқларда қолдирилган изоҳлар ҳамда айнан шу соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар фикри билан қизиқдик. Уларнинг айримлари билан таништириб ўтишни жоиз деб билдик.
Хуршид ДАВРОН,
Ўзбекистон халқ шоири:
– Чин юракдан айтаман, мен кирилча рус тилидан бир умр миннатдорман. Унинг беқиёс таъсирини асло рад этмайман. Аммо, шу билан бирга агар биз келажакни ўйласак, аросатда қолган фарзандларимизни ўйласак, лотинга ўтишимиз керак. Яна такрорлайман, умрим кирилл “сояси” остида ўтди. Шунинг учун лотинчада кўп хато қиламан. Яна кирилчага қайтиш кетаётган авлодни деб Мустақилликнинг 26 йили давомида кириб келган 17 миллиондан ортиқ ёш авлодни қурбон қилиш дегани бўлади. (Айрим қисқартирилишлар билан берилди.)
Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
адабиётшунос:
– Олдимиздаги энг асосий масала – лотин ёзувими ё кирилл ёзувими деган масала эмас. Бош масала – она тилимизни давлат тили қилиб олишдир. Тилни давлат тили деб эълон қилиш бошқа, уни рўёбга чиқариш бошқа. Қонунни қабул қилиш мумкин, лекин у ишламаса – қонунми?! Мен нимани давлат тили деб биламан? Давлат ишлари қайси тилда юритилаётган бўлса, ўша тил давлат тили бўлади.
Модомики, Ўзбекистонда давлат идоралари бир-бирига ўзбек тилида эмас, бошқа тилларда хат ёзаётган экан, ўзбек тили ҳали тузук-қуруқ давлат тили бўла олмапти, деб афсус билан эътироф этишимизга тўғри келади. Агар ўзимиз мустақил бир давлат бўлсаг-у, бошқа тилда иш юрицак, чалароқ бўлиб қолмайдими? Аввало шу масалани кўриб чиқиш керак.
Она тилимизни давлат тили қилиш – бош масала бўлиши керак. Ана ундан кейин, менга деса, миххат билан ёзилсин, оромий билан ёзилсин, араб имлоси билан ёзилсин – у иккинчи даражали масала.
Хушнудбек ХУДОЙБЭРДИЕВ,
ҳуқуқшунос:
– Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлгани каби кирилга қайтиш ҳақидаги иддаоларнинг яхши тарафи лотин ёзувига асосланган ўзбек тилининг қадрини ўзимиз ҳам анча пастда кўра бошлаганимизни кўрсатиб берди. Худдики, китоб жавонимизда ўқилмасдан чанг босиб ётган севимли китобимизни сўрашса, бергимиз келмаганидек. Лекин ўша китоб нега чанг босиб ётибди? Нега ўзимиз ўқимаяпмиз? Нега ўзимиз лотин алифбосидан кам фойдаланамиз? Масалан, нега ўзим сайтимни кирилда юритаман? Ахир дастлаб мақолаларимни фақат лотин ёзувида ёзардимку? Кирилчада ёзишимнинг бир нечта сабаблари бор, аммо улар қонунан тасдиқланган имломизда ёзмаслик учун асос бўладиган жиддий сабаблар эмас. Ҳозир лотинда қолайлик, кирилл керакмас деб даъво қилишимиз, ўзи чекадиган инсоннинг “чекманглар, тамаки хавфли” дейиши билан баробар. Агар сиз ҳақиқатдан лотин ёзуви тарафдори бўлсангиз ва тезроқ кирилдан қутилишни, аросатда юрмасликни хоҳласангиз, унда имкони борича лотин алифбосида ёзишингизни илтимос қиламан. Унутманг, лотин ёзувида ёзиш аслида амалдаги қонунларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш демак! Чунки расман биз 2010-йилдан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтганмиз. Айниқса, бу ишни зиёлиларимиз, муштарийлари кўп нашрларимиз бошлаб берса, ёмон бўлмасди!
Дилноза МИРЖАЛИЛОВА,
Токио университетининг Осиёда ахборот технологиялари ва жамиятни ўрганиш программаси докторанти:
– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда долзарб бўлиб турган муаммолардан бири алифбо ва саводхонлик масаласидир. Дунёдаги тил сиёсати ва алифбога эътиборни ўрганишим, шунингдек, давлатимиздаги кирилл ва лотин ёзувида йўл қўйилаётган хатоликларни кузатишим натижасида шуни таъкидлашим жоизки, ўзбек тилига асосланган лотин ёзувини мактабдан ўрганиб келган ёшлар кирилл ёзувида, аксинча, кирилл ёзувини ўрганган талабалар эса лотин ёзувида хатоликларга йўл қўяётгани ҳеч кимга сир эмас. Аксарият ҳолларда лотин ёзувини ўрганган ёшлар ўртасида ҳам хатоликлар етарли. Ёшлар ва ўқитувчилар ўртасида лотин графикаси бўйича олиб борган сўровномаларим натижаларига кўра, бу каби хатоликлар айнан тутуқ ва кўчиш белгилари, графемалар билан боғлиқ ҳолатларда учрамоқда.
Таъкидлаш жоиз, битта тилга иккита алифбо ишлатиладиган, яъни диграфия Ўзбекистондан бошқа давлатда йўқ. Кирилл алифбосида матннинг, яъни илмий адабиётларнинг кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Лотин графикасида эса матнлар кирилга нисбатан анча кам. Бундан ташқари ушбу алифбонинг ўзи ҳали тўлиқ мукаммалликга эга эмас. Битта товушга иккита ҳарфнинг ишлатилиши (Ц-ц, Ч-ч, Ш-ш, Е-е, Ё – йо, Ю-ю, Я-я) ҳам ушбу сабаблардан бири. Мазкур ёзув яна мукаммаллаштириладиган бўлса, янги қоидалар ишлаб чиқилса, хатоликлар яна кўпайиши мумкин. Чунки аввалги қоидалар жамиятда ўз кучини йўқотиши қийин.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
СаломатликУйқусизликка қарши қайси витамин фойда беради?
Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар уч кишидан бири вақти-вақти билан уйқусизлик муаммосидан азият чекади. Айниқса, бундан кексалар кўпроқ қийналиши маълум. Аммо сўнгги пайтларда с
Тиббий сабоқларБолалар ортопедияси: ота-оналар қайси ўринларда хатога йўл қўяди?
Ҳар қандай хасталик профилактикасида тиббий кўрик ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Жумладан, болани ўз вақтида ортопед текширувига олиб бориб туриш керак. Йўқса, туғма ёки орттирилг
СпортЧарчоқ билан кураш: қайси озиқ-овқатлар сизни тетиклантиради?
Кўплаб одамлар иш ва шахсий ҳаётдаги мажбуриятлар, етарли уйқунинг йўқлиги ва нотўғри овқатланиш туфайли чарчоқни бошдан кечиради. Бу фақат жисмоний ҳолсизлик билан чекланмайди, ба
Тиббий сабоқларСиз қайси темпераментга мансубсиз?
Темперамент одамнинг теварак-атрофдаги воқеаларга муносабати ва ҳиссиётининг айрим хусусиятларини белгилаб беради. Темперамент онг, хотира, ақл-заковат ва қобилиятни акс эттирмайди
