Хурсандчилик улашмаган ғалаба

2014 йили Бразилияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси курашни плей-офф босқичида давом эттирадиган бўлди.

Осиё саралаш минтақасининг тўртинчи босқичида «А» гуруҳида тўп сурган Миржалол Қосимов шогирдлари Тошкентда ўтган сўнгги турда Қатар миллий терма жамоасини 5:1 ҳисобида енгди.

Ҳамюртларимиз дастлабки дақиқадан ҳужумга зўр берган бўлса-да, биринчи бўлиб ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Футболчиларимиз иккинчи бўлимда ҳужумни янада кучайтирди. Бунинг самараси ўлароқ Баҳодир Насимов иккита, Олег Зотеев, Одил Аҳмедов ва Улуғбек Бақоев биттадан гол уриб, терма жамоамизнинг йирик ғалабасини таъминлади.

Бироқ, бу ғалаба жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олишимиз учун етарли бўлмади. Сабаби Жанубий Корея футболчилари ўз майдонида эронликларга 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди.

Шундай қилиб, Эрон миллий терма жамоаси 16 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекис­тон ва Жанубий Корея бир хил – 14 тадан очко жамғарган бўлса-да, тўплар нисбатига кўра кореяликлар иккинчи йўлланмани қўлга киритди.

– Бугун мақсадимиз ўзбек футбол мухлисларига хурсандчилик улашиш эди. Афсуски, ниятимиз амалга ошмади. Бу иш насиб қилмаган экан. Нима бўлганда ҳам ҳаёт давом этади. Бизни олдинда муҳим учрашувлар кутиб турибди. Энди бор эътиборимизни ўша баҳс­ларга қаратишга мажбурмиз, – дея ўз фикрларини билдириб ўтди учрашув ниҳоясига етгач, терма жамоамиз бош мураббийи Миржалол Қосимов.

Халқаро футбол уюшмалари федерацияси – ФИФА томонидан Осиё қитъаси учун жаҳон чемпионатига тўрт яримта йўлланма ажратилгани боис Ўзбекистон миллий терма жамоаси энди «В» гуруҳининг учинчи жамоаси билан уй-сафар тизимида иккита учрашув ўтказади. Ғолиб жамоа жаҳон чемпионатига чиқиш учун Жанубий Америка мамлакатлари саралаш мусобақасида бешинчи ўринни эгаллаган терма жамоа билан икки учрашувда майдонга тушади.

Н.НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  Экология ва саломатлик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: