Президентга “қорхат”

0
48
марта кўрилган.

Ассалому алайкум, муҳтарам Юртбошим!

Бу йил Сизнинг ташаббусингиз билан жорий этилган “Конституциянинг 25 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирландим. Миннатдорман. Юрагим ҳаяжонга тўла. Зиммамда катта масъулият. Конституциямизнинг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантаналарда йил сарҳисоби, ютуқ ва камчиликлар, келажакдаги режаларни кўриб, эшитиб нафақат мен, бутун халқимизнинг келажакка бўлган ишончи яна бир карра мустаҳкамланди.

Айниқса, Сиз томонингиздан қабул қилинаётган юзлаб қарор ва фармонлар, эртани ўйлаб, келажакни кўзлаб, аниқ мақсадлар асосида амалга оширилаётганлиги, айниқса, ёшларга бўлган эътиборингиз, ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, масъулиятли вазифаларга қўйиш, давлат, халқ ва миллат келажагини ишониб топшираётганингиз ғоят қувонарли ва ўз ўрнида, уларга ҳам катта масъулият билдирилаётганидан далолат беради.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сизга ёниқ эҳтирос билан яна бир карра ўзим ва ижодкор ёшлар номидан миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Сизнинг жорий йилдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги, “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги фармойиш ва қарорларингиз шак-шубҳасиз, бизни тўлқинлантириб юборди.

Биз биламизки, китоб тарғиботи, мутолаа маданияти халқнинг, миллатнинг соғлом турмуш тарзини белгилаб берувчи энг катта кучдир. Соғлом турмуш тарзи эса мустақил фикр ва фаолият гарови эканлигини ҳар биримиз ич-ичимиздан яхши англаймиз. Тинчлик, осойишталик, барқарорлик, обод турмуш ва буюк келажакка ўзингиз таъкидлаганингиздек, фақат Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари устиворлиги орқали эришамиз. Бунда, аввало, фан-таълим, китоб ва мутолаа маданиятини тўғри шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Китобхонлик маданияти эса миллий тил билан узвий боғлиқдир. Шу туфайли, маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари ҳамиша ёдимизда ва қалбимиздадир.

Муҳтарам Юртбошим!

Кириб келаётган 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб ном бердингиз. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни ривожлантириш юртимизни жаҳон афкор оммаси ва дунё майдонидаги ўрнини қатъий мустаҳкамлайди. Жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари сафида олди қаторда бўлишни таъминлайди. Зеро, биз жаҳон билан бўйлашишга қодир миллатмиз, халқмиз.

Шунингдек, Парламент ва Олий Мажлисга мурожаатномангизни ойнаи жаҳон орқали катта ҳаяжон билан кузатдик. Ушбу йиғилишдаги маърузангиз Ўзбекистонимиз тарихида, айниқса, сўнгги 25 йил мобайнидаги энг катта тарихий ҳодиса, чин маънода инқилоб бўлди, десак адашмаган бўламиз. Тўрт соатдан ортиқ вақт мобайнида тақдим этилган мурожаатнома, унда кўтарилган масалалар, илгари сурилган таклифлар, кескин танқид остига олинган жараёнлар, аниқ фактлар асосида кўрсатилган иш-фаолияти кишидан чексиз куч талаб этади. Катта руҳий қувват билан, чин юракдан, куйиб-ёниб, одамлар кўнглининг туб-тубидаги орзу-ниятларни била-била гапирганингиз ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. “Шу эл нима бўлса мен ҳам шу, бу қутлуғ юрт шарафини кўкларга кўтараман” деганингизда кўзларим ёшланди. Сиз такрор-такрор “Ким бизга баҳо беради? Халқимиз, мана шу халқ” дедингиз. Ҳар бир гапингизда, ҳаракатингизда юрт равнақи, халқ фаровонлиги, инсон манфаатлари устивор вазифа бўлиб турганлигини биз ҳам қайта-қайта ҳис этдик. Сизнинг воқеликка, айни жараёндаги ҳолатга очиқ кўз билан қараганингиз, ҳақиқат ва яна ҳақиқатни маёқ қилиб кўтарганингиз она халқимизни кўнглини тўлқинлантириб юборди.

Қадрли Юртбошим!

Қувончдан, меҳрдан туғилган мулоҳазаларимни мухтасар қилиб, Сизни кириб келаётган Янги 2018 йил билан чин дилдан табриклайман. Халқимиз, юртдошларимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг. Биз ёшлар Сиз истагандек садоқатли, масъулиятли фарзанд бўламиз. Доимо Она Ватан – Ўзбекистонимизнинг хизматидамиз.

Юксак ҳурмат билан фарзандингиз!

Шавкат ОДИЛЖОН,

ёш ижодкор

Яна ўқинг:  Занжабил Альцгеймер ва саратон хасталигига қарши

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.