Cпорт, нафосат ва гўзаллик байрами

Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати ва «Happy Caravan» халқаро турнири бошланди. Бадиий гимнастика бўйича олимпия захиралари республика болалар-ўсмирлар ихтисослашган спорт мактабида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати ва «Happy Caravan» халқаро турнирининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Байрамона безатилган муҳташам спорт саройи меҳмонлар, спортчилар ва мухлислар билан гавжум. Иштирокчи мамлакатларнинг давлат байроқлари ҳилпираб турибди.

Чорлов садолари остида майдонга Осиё чемпионати ва «Happy Caravan» халқаро турнири иштирокчилари – Ўзбекистон, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Сингапур, Малайзия, Таиланд, Ҳиндистон, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Исроил, Россия терма жамоалари кириб келади.

Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти, Осиё гимнастика иттифоқининг фахрий президенти Лола Каримова-Тиллаева мусобақани очиқ, деб эълон қилди.

Осиё гимнастика иттифоқи президенти Раҳмон ал-Шатрий Ўзбекистонда кўплаб соҳалар сингари спортни, жумладан, болалар ва хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Бу жараёнда спортнинг қизларга хос турлари, айниқса, бадиий гимнастикани янада оммалаштириш, малакали кадрларни тайёрлаш ва уларнинг фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бадиий гимнастика бўйича жойларда ҳудудий федерациялар ва марказларнинг ташкил этилгани туфайли спортнинг саломатлик учун ҳар томонлама фойдали бўлган ушбу нафис тури билан мунтазам шуғулланаётган қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маълумотларига кўра, бадиий гимнастика билан шуғулланувчи ўқувчилар 2003 йилда 1646 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозир 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган қизларнинг 35 минг нафардан ортиғи ушбу спорт тури бўйича маш­ғулотларга мунтазам қатнашмоқда.

Бу кўрсаткичларнинг ўсиши юртдошларимизнинг спортга, айниқса, қизлар спортига нисбатан қарашларининг тубдан ўзгаргани, соғлом турмуш тарзи мустаҳкам қарор топаётгани, ота-оналар фарзандининг спортга меҳр қўйиши қанчалик улуғ мақсадларга пойдевор бўлишини англаб етаётганидан, болалар спорти мамлакатимизда том маънода умуммиллий ҳаракатга айланганидан далолат беради.

Мамлакатимизда бадиий гимнастиканинг жадал оммалашаётгани қизларимизнинг жисмонан ва маънан соғлом вояга етишига хизмат қилиш билан бирга, улар орасидан халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яна ўқинг:  Геномни таҳрир этувчи нанокапсулалар

Ўзбекистонлик бадиий гимнастикачилар Осиё чемпионатининг илк медалини 2004 йилда қўлга киритган эди. Хитойда ўтган мусобақада ҳамюртимиз Олеся Ашаева бронза медалга сазовор бўлганди. 2009 йилги жаҳон чемпионатида Ульяна Трофимова ҳалқа ва арғамчида машқ бажаришда иккита бронза медални қўлга киритган. Гимнастикачиларимиз жамоавий баҳсларда учинчи ўринни эгаллаган.

2010 йили пойтахтимизда 14 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг мутлақ ғолибаси, деб топилган Азиза Мамажонова Сингапурда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги I Олимпия ўйинларида қитъамиз шарафини ҳимоя қилди.

2011 йилги Осиё чемпионатида медаллар сони ва салмоғи янада ошди. Ульяна Трофимова кўпкураш баҳслари ва тасмада машқ бажаришда, Жамила Раҳматова булава ўйнатишда кумуш медалга сазовор бўлди. Терма жамоамиз аъзолари жамоавий ва гуруҳ баҳсларида яна учта бронза медални қўлга киритди.

Тошкент шаҳри 2004, 2005, 2011 ва 2012 йилларда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичлари, 2010 йилда ўсмир қизлар ўртасида Осиё чемпионатига мезбонлик қилди. Осиё гимнастика иттифоқи ўзининг Бош ассамблеясини 2012 йилда пойтахтимизда ўтказгани ҳам Ўзбекистонда ушбу спорт турини ривожлантиришда эришилган салмоқли натижалар эътирофининг ёрқин тасдиғидир.

Тошкент шаҳрида бошланган Осиё чемпионатида қитъамизнинг энг кучли гимнастикачилари, «Happy Caravan» халқаро турнирида эса ўсмир қизлар яккалик ва гуруҳ баҳсларида арғамчи, ҳалқа, тўп, булава, тасмада машқ бажариш ҳамда кўпкураш бўйича ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш этади. Халқаро ҳакамлар бригадаси гимнастикачилар бажарган композицияларни уч йўналиш — ижро маҳорати, артистизм ва машқнинг мураккаблиги бўйича баҳолаб боради.

Тўрт кун давом этадиган Осиё чемпионатида Жамила Раҳматова, Майя Филиппова, Мафтуна Шамсиева, Валерия Давидова, Луиза Ғаниева, Зарина Қурбонова, ­Дарья Свечникова каби гимнастикачиларимиз мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

– Бўлажак мусобақага ҳар томонлама жиддий тайёрландик, – дейди «Умид ниҳоллари – 2012» мусобақаси ғолибаси Майя Филиппова. – Мақсадимиз мазкур Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, сов­ринли ўринларни эгаллашдир.

Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида катта концерт дастури намойиш этилди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов иштирок этди.

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: