Реклама

Хотира машқи

Ёш ўтиши билан кўпчилик хотираси ёмонлашаётганидан хавотирланади. Бош мия қон томирларида тиқилмалар бўлса ёки организм хилтларга тўлса ҳам хотира пасаяди.

Ёки одам эпилепсия (тутқаноқ) билан оғриса, шунингдек, инсульт, йўл-транспорт ҳодисалари ёки бошқа сабаблар туфайли бошидан зарб еган бўлса мия чайқалиши ва қон томирлар шикастланиши сабаб бемор кўп нарсани эслай олмайди. Шунингдек, стресс (руҳий зўриқиш), депрессия (тушкунлик) ҳам бу хасталикнинг ривожланишига туртки бўлади. Энг аввало, невропатологга мурожаат этиб, унинг тавсиясига кўра тўлиқ муолажа олиш зарур. Шунингдек, ёнғоқ истеъмол қилиш хотирани мустаҳкамлайди. Яна овоз чиқариб шеър ёдлаш ёки уйдан чиқаётганда одам ўзига ўзи “Мен чироқ, газ, дазмолни ўчирдим ва эшикни қулфладим” деб айтиши ҳам фойдали машғулот ҳисобланади. Китоб ўқиш, кроссворд ечиш мия фаолиятига ижобий таъсир этади. Инсон 40-45 ёшга етгач, агар у соғлом турмуш тарзига амал қилмаса аста-секин хотираси пасайиб боради. Айниқса, нотўғри овқатланиш (кўпроқ гўштли ва ёғли таомлар истеъмол қилиш қонни қуюлтириб, ёмон холестерин сабабли қон томирларда тиқилма ҳосил бўлади), кам ҳаракат қилиш, зарарли одатлар (ичиш, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, токсикомания) туфайли одам тез қарийди. Бу эса унинг бош миясидаги қон томирларга ҳам салбий таъсир этади. Натижада инсоннинг хотираси пасаяди. Эслаб қолиш қулай бўлиши учун қуйидаги хотира машқларини бажаринг:

Тескари тартибда юздан биргача бўлган сонларни санаб чиқинг, алифбони такрорланг. Ундаги ҳар бир ҳарф учун бирорта сўз топинг. Мабодо, бирорта ҳарф ёдингиздан чиққан бўлса тўхтамасдан кейингисидан давом этиб кетинг. Тезгина йигирмата эркак исмини айтинг ва яна шунча миқдордаги хотин-қизлар исмини овоз чиқариб такрорланг. Алфавитдан ўзингизга ёққан бирорта ҳарфни танланг. Унга мос йигирмата сўз айтинг. Шунингдек, шахмат-шашка ўйнаш ҳамда баҳри байт айтишувлари ҳам хотирани мустаҳкамлайди. Чунки баҳри байтда шеър ёки ғазалнинг охирги тугаган ҳарфига мослаб рақиб томон айтишувни давом эттириши керак. Агар акси бўлса, рақиб енгилган ҳисобланади.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Яна ўқинг:  ЎЙИНЧОҚЛАР кўпайиб қолса...
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: