Реклама

Тўғри овқатланиш мактаб ёшидаги болалар учун жуда муҳим

Барча ота-оналар фарзандларининг соғлом бўлишини истайди. Аммо ўсаётган организмга биринчи навбатда нима кераклигини ҳамма оила катталари ҳам билавермайди?

Мутахассисларнинг фикрича бола ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғайиши учун биринчи галда унинг тўғри овқатланиши муҳим аҳамиятга эга. Хўш, мактаб ёшидаги болалар учун соғлом овқатланиш тарзи нималарни ўз ичига олади? Бунда қандай қоидаларга амал қилиш зарур?

Энг аввало, мактаб ёшидаги бола организми учун сабзавотлар таркибидаги клетчатка, мевалар таркибида мавжуд витаминлар ва макроэлементлар, гўшт маҳсулотларидаги оқсил, балиқда жуда мўл бўлган фосфор, сут маҳсулотларида мавжуд кальций жуда зарур ҳисобланади. Ўқувчининг рациони бир меъёрга келтирилган ва зарур миқдордаги оқсил, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва аминокислоталарни ўз ичига олиши зарур.

Нонуштага иссиқ таомлардан бўтқалар тавсия этилади. Шунингдек, сабзавотли ва мевали салатлар, сариёғ ва пишлоқли нонлар, иссиқ чой, какао ва шарбатлар, наъматак, компот ва кисель бўлиши лозим.

Тушликда биринчи таомга ҳаёт учун зарур ҳисобланган суюқ шўрвалар (товуқ ва турли бошқа хил гўштли) тавсия қилинади. Иккинчи овқатга эса иссиқ қуюқ овқатлар (гуручли, гречихали, мошли, нўхат, ловияли ва сабзавотли овқатларга гўштли ва қиймалар қўшиб) тавсия этилади. Таомномага қўшимча равишда мевалар қўшилади.

Иккинчи тушлик нон ва сут маҳсулотларидан ташкил топган бўлиши керак. Қолаверса, ўқувчилар учун олма ва творог ейиш ҳам фойдалидир.

Кечки овқатга асосан енгил таомлар тавсия этилади. Улар меъдага ортиқча юклама бўлмаслиги керак.

Ёш болаларнинг овқат ҳазм қилиш тизими ўзига хос бўлганлиги учун улар ёғли, қовурилган, аччиқ ва нордон овқатларни ейишдан чекланишлари керак. Мактаб ўқувчилари таомномасинининг асосини табиий маҳсулотлар (сабзавотлар, мева ва кўкатлар) ҳамда қайнатилган ва димланган таомлар ташкил этиши лозим. Ширин ичимликлар, пишириқлар, ун маҳсулотлари, шоколад каби егуликлар минимал миқдорда истеъмол қилиниши зарур.

Агар фарзандларимиз соғлиғини асрашни истасак, уларни тез тайёр бўладиган егуликлар – гамбургер, хот-дог, шунингдек, турли хил рангли ва газланган ширин сувлар, қотирилган нон ва чипс, таркибида кимёвий ва ранг берувчи қўшимчалар мавжуд маҳсулотларни тановул қилишига рухсат бермаслик даркор.

 

Боланинг соғлом овқатланиш тарзини қандай ташкил қилиш лозим?

Яна ўқинг:  Қуёшда сочга зарар етмаслиги учун нималарга эътибор бериш лозим?

Таомномадаги озиқ-овқат маҳсулотларининг турли-туман бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Аниқ ўйлаб чиқилган, турли зарур маҳсулотларни ўз ичига олувчи меъёрий овқатланиш тарзи ҳар томонлама фойдали ҳисобланади.

Тартиб ва даврийлик.

Кунига 4 мартадан кам бўлмаган ва ҳар куни белгиланган бир вақтда овқатланиш даркор. Улар орасидаги танаффус 3,5 соатдан ошмаслиги лозим.

 

Ҳар куни янги узилган мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш зарур.

Мева ва сабзавотлар салатларда, қирғичдан чиқарилган ҳолда, шарбат кўринишида ва албатта бутунлигича истеъмол қилиниши мумкин.

 

Туз ва шакар, газли ичимликларни минимум даражагача чеклаш шарт.

Ушбу маҳсулотлар организмдаги сув ва туз меъёрининг бузилиши, овқат ҳазм қилиш ҳамда иммун тизимини ишдан чиқиши, шунингдек, семириб кетиш каби салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Таомларни тайёрлаш усули – буғда тайёрлаш, димлаб ва қайнатиб пишириш.

Шунингдек, болаларнинг рационига қуруқ меваларни ҳам киритиш айни муддао ҳисобланади.

 

Овқатланиш тартибига кўра овқат қувватининг тақсимланиши

Овқатланиш вақти

Овқатнинг умумий қувватига нисбатан % ҳисобида

Кунда тўрт марта овқатланишда

Кунда уч марта овқатланишда

Нонушта

25-30

30

Тушлик

40-45

45-50

Толмачой

10-15

Кечки овқат

15-20

25-30

 

Сайёра МУЛЛАЕВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: