Тилими тилни ёрар

Қовун она табиатнинг ажойиб неъматларидан бири. Уни табиий глюкоза ҳамда дармондорилар хазинаси деса бўлади. Мағзида 16-20 фоиз қанд, каротин, В9, С, Р витаминлари, А провитамини, кўп миқдорда фоли кислотаси, темир, пектин моддалари, турли ёғлар ва минерал тузлар мавжуд.

Қовун овқат ҳазм қилиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади. Ундаги фоли кислотаси қон ҳосил қилишда иштирок этади. Атеросклероз, камқонлик, жигар, юрак, қон-томир касалликларида уни истеъмол қилиш жуда фойдалидир. У кремнийга бой. Олимлар организмдаги физиологик жараёнлар меъёрида кечишида бевосита кремний моддасининг ўзига хос ўрни борлигини таъкидлашади. Кремний мия пўстлоғи, асаб тизими, ичак деворлари, меъда-ичак тизими ва барча ички аъзолар фаолиятини яхшилайди.

Қовунда бошқа полиз маҳсулотларидан фарқли ўлароқ С витамини кўпроқ. Ундаги бириктирувчи тўқима ичаклар микрофлорасига ижобий таъсир кўрсатиб, организмдан холестерин моддасини чиқариб юборишга сабаб бўлади.

Яна у чанқоқни босиб, асаб тизимини тинчлантиради. Оч қоринга қовун ейиш тавсия этилмайди. Уни овқат тановул қилиш орасида истеъмол қилиш яхшидир. Бундан ташқари у ажойиб гижжа ҳайдовчи воситадир. Бу албатта болалар учун фойдали.

Қуритилган қовун пўчоғи чой каби дамлаб ичилса, пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Шунингдек, у буйракларда пайдо бўлган тошларни чиқариб юборади. Қадимдан бронхит, сил, бош оғриғини даволашда ва нафас йўлларини тозалашда ундан тайёрланган дори-дармонлар кенг ишлатилган. Қовун уруғи офтоб уришидан сақлайди, сепкил ва қазғоқни йўқотади. Лекин қанд касаллиги мавжуд, шунингдек, ичбуруғ бўлган ҳамда аллергик касалликларга мойил беморлар уни эҳтиёт бўлиб истеъмол қилишлари зарур.

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,

1-республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Дудланган пишлоқли салат

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: