Реклама

Тарвуз танлашда адашманг!

Ёзнинг жазирама кунларида ширин ва мазали тарвуз истеъмол қилиш кишига хушкайфият, организмга эса тетиклик бахш этади. Айниқса, уни фарзандларимиз севиб тановул қилишади. Аммо сифати бузилган, кимёвий ўғит меъёридан ортиқ қўшилган эртапишар тарвуз киши организми учун хавфли ҳисобланади.

 

Ёз фаслида эртапишар полиз экинлари, димлаб пиширилган меваларни истеъмол қилишдан эҳтиёт бўлган маъқул, – дейди Қашқадарё вилояти Чироқчи туман ДСЭНМ Кўкдала бўлими бош шифокори Маҳмадўст Қудратов. – Чунки бундай маҳсулотлар меъда-ичак тизимини заҳарлайди. Натижада беморнинг кўнгли айниб, ич кетиши каби салбий ҳолатлар кузатилади. Бу эса эндигина бўйи чўзилиб, жисмоний кучга кириб бораётган болаларнинг ўсишига, организмига салбий таъсир кўрсатади.

 

Маълумки, полиз маҳсулотлари бозорлардаги махсус лабораторияларда текширувдан ўтказилади ва шундан сўнг сотишга рухсат берилади. Бироқ, шаҳар атрофи ёки кўп қаватли уйлар ёнида сотилаётган полиз маҳсулотларининг барчасини ҳам ушбу текширувдан ўтган дея олмаймиз. Бу каби жойларда сотилаётган полиз экинлари бозорга нисбатан арзон, қолаверса, аҳоли яшаш манзилига ёки йўл-йўлакай харид қилишга қулай бўлгани учун харидорбоп бўлади.

 

Бозорга келган барча турдаги полиз маҳсулотлари махсус лаборатория текширувидан ўтказилади. Сўнгра ДСЭНМ хулосасига кўра сотишга рухсат берилади ёки аксинча бозор ҳудудига киритилмайди, – дейди пойтахтимиздаги “Қўйлиқ” деҳқон бозори директори ўринбосари Дилмурод Исломов. – Шунингдек, муддати ўтган маҳсулотлар ҳам сотишга рухсат этилмайди.

 

Тарвуз харид қилишда биринчи галда маҳсулотнинг лаборатория текширувидан ўтган ёки ўтмаганлигини суриштириш, қолаверса, унинг кўриниши, ички ҳолатига эътибор қаратиш лозим. Яъни мутахассислар меъёрида етилиб пишган, қирмизи тарвузларни харид қилишни тавсия этишади. Яна бир гап: агар маҳсулотнинг мағиз қисмида оқ томирга ўхшаш чизиққа кўзингиз тушса, билингки, унга кўп миқдорда селитра қўшилган бўлади. Қолаверса, кимёвий ўғитга тўйинган тарвузларнинг мазаси нордон бўлади. Ўйлаймизки, ушбу маслаҳатларимиз тарвуз танлашда албатта сизга асқотади.

 

Майна ҲАСАНОВА

Яна ўқинг:  Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: