Реклама

Стресс ҳолатига тушмаслик учун нима қилиш керак?

Ҳаёт ҳар доим бир текисда давом этавермайди. Кун яхши ўтишига  кайфиятимизнинг кўтаринки бўлиши албатта ёрдам беради. Аксинча, кайфият ёмонлашса, дунё кўзга тордай кўринади, инсон ўзи билмаган ҳолда ғазабини бошқаларга сочади, бировларнинг дилини оғритади.

Албатта, барчаси одамнинг ўз қўлида, бироқ танида жони бор одам у ёки бу даражадаги стресс ҳолатига тушади. Бунинг соғлиққа таъсири шундай бўладики, одам руҳий зўриқишга учраганида ошқозон-ичак касалликлари: ич ўтиши ёки қотиши, кўнгил айниши, кекириш, иштаҳа бузилиши каби ҳолатлар учрайди. Руҳий зўриқиш юрак уришини тезлаштиради. Уйқунинг бузилиши –  дастлабки руҳий зўриқиш белгиси. Бунда одам тун ярмида уйғониб, қайта ухлолмайди. Эрталаб уйқуси қонмай, чарчаб туради, нонуштада иштаҳаси бўлмайди. Стресснинг салбий томонларидан яна бири мияни тормозлаб, маъносиз фикрлайдиган даражага тушириб қўйиши мумкин. Агар одам тез-тез тушкунликни бошидан кечирса, атрофдагилар билан гаплаша олмайдиган ҳолатга тушади. Стресс натижасида инсон ўзига паст баҳо бера бошлайди. Оқибатда ўзини ёлғиздек, яқинларига кераксиздек ҳис қилади.

Стрессга дучор бўлмаслик учун сабр-қаноатли бўлиш, меҳнатни дам олиш билан уйғун олиб бориш, тинчланиш керак. Ҳар доим кўтаринки кайфиятда бўлишга ҳаракат қилинг. Кўтаринки кайфият касалликларни йўлатмайди. Одам ўзида борига рози бўлса, бирор ютуққа эришганига, ҳечқурса тирик юрганига шукур қилса, ҳаммаси кўнгилдагидай бўлади.

Кўнгилсизликларни юрагингизда асраманг. Руҳий зўриқишдан қутулишнинг ўзингизга маъқул йўлини топиб, ўзлаштириб олинг. Қийинчиликка учраган пайтда сабрли бўлинг. Кутишни ўрганинг. Руҳий-асабий тарангликнинг энг яхши давоси ташвишларни унутишдир. Муаммоларга қўл силтаб, уларни эсдан чиқариб, кўнгилга хуш ёқадиган бирор ишга интилиш – умидбахш ва шифобахш усул. Ички ҳиссиётларни юзага чиқаринг, ғам-аламларингизни тўкиб солинг. Бундай пайтда йиғи-сиғи ҳам фойдали бўлиб, тананинг тозаланишига, кўнгилдаги чигилларнинг ёзилишига ёрдам беради. Айни шу пайтда ичингиздаги салбий ҳиссиёт, ачиниш ҳислари кўз ёшлари билан чиқиб кетади.

Сизга умуман боғлиқ бўлмаган нарсалардан сиқилманг. Фақат яхши хотираларни ёдга олинг. Феъл-атворнинг ҳам  соғлиққа таъсири бор. Юраги тозалардан касал қочади. Яхши мусиқа бемор руҳига энг зарур озуқа, яхши малҳам бўла олади. Шўх-шодон, кўнгилга яқин тароналарни тинглаганингиз маъқул.

Ўзингизни шоширманг. Сизга ўзи нима кераклигини  англаб, шунга яраша хотиржам саъй-ҳаракат қилсангиз улгурасиз, уддалайсиз. Жисмоний машқлар асабийлик ҳолатини тартибга келтиради. Қийинчилик содир бўлганида унинг сабабини аниқланг, шунга қараб, режа тузинг. Руҳий зўриқиш ҳолати пайтида сайр қилиш, танишлар билан суҳбатлашиб, фикрни бошқа томонга буриш ҳам фойдали.

Яна ўқинг:  Мустаҳкам оила қандай бунёд бўлади?

Инсон туғилганидан то ўлгунига қадар хоҳлайдими-йўқми стресс қучоғида яшайди. Сизни буюк кашфиётларга йўналтирадиган ҳам, тўшакка михлаб ташлайдиган омил ҳам стрессдир. Демак, барча нохушликларни унутиб, фақат яхши нарсалар тўғрисида ўйлаш даркор.

Аббос ҲУСАНОВ,

Қарши давлат университети психологи

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: