Сокин уйқу ҳаловати ҳомила саломатлигида муҳим омил

Уйқу ҳаётимизнинг муҳим бир қисми ҳисобланади. Айниқса, ҳомиладорлик даврида бу физиологик жараён ҳомиланинг яхши ривожланиши ҳамда бўлажак оналарнинг ўзини яхши ҳис этишида катта аҳамиятга эга. Бироқ, бу даврда аёллар ухлашга ётишда кўпгина қийинчиликларга дуч келишади. Буни барча оналар ҳомиладорлик даврида бошидан ўтказган.

Хўш, уларнинг мароқли дам олишига нималар халақит беради?

Уйқудан олдин беҳаловат бўлишга бир неча омиллар сабаб бўлиши мумкин. Маълумки, ҳомиланинг дастлабки ойларида аёлнинг кўкрак қисмида ўзгаришлар рўй бера бошлайди ва ҳомиладор аёл қорни билан ётганда кўкрагида оғриқни ҳис этади. Бироқ, кўкрагида оғриқ ҳис этмаган аёллар ҳомиланинг дастлабки ойларида қорни билан ётса бўлади. Бу вақтда ҳомила кичик бўлиб, уни тос ва қов суяклари ҳимоя қилади. Ҳар қандай зарба ва босимдан эса қовуқ муҳофаза этади.

Тепага қараб ётишни хуш кўрувчи аёллар эса ҳомиладорликда бу ҳолатдан воз кечишларига тўғри келади. Сабаби ушбу ҳолатда ухлаш ноқулай бўлиб, бу ҳомила саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Аммо бўлажак оналар ҳатто, уйқуларида ҳам узоқ муддат тепага қараб ухлай олмайди. Улар дарҳол ўзлари учун қулай бўлган ҳолатга ўнгланиб олади. Чунки нафас сиқилиши ҳамда бел оғриғи бунга йўл қўймайди.

Яна бир сабаб, бу аёлнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ бўлиб, турли хавотир, оилавий можаролар, рўзғорда кўп меҳнат қилиш туфайли ҳам ҳомиладор аёлнинг уйқуси бузилиши мумкин.

 

Ҳомиладорлик токсикози

Ҳомиладорликда аксарият аёлларни безовта ва беҳол қиладиган токсикоз салбий, аммо табиий жараён бўлиб, кўпинча бу ҳолат эрта тонгда юз беради. Қолаверса ташналик туфайли ҳам бўлажак онанинг тунда кўп бора уйғонишига тўғри келади. Токсикозга замонавий тиббиёт ҳали тўлиқ даво топгани йўқ. Мутахассисларнинг тавсиясига кўра уйқу олдидан аёл ўз ётоқхонасини кўздан кечириши лозим. Сабаби, унга кўпинча тоза ҳаво етишмайди. Хонанинг ҳавосини алмаштирганда у 23-24С ҳароратда бўлиши зарур. Шунингдек, лимон ёки асал солинган илиқ чой ичиб ётиш тавсия этилади. Зинҳор оч ухлаш мумкин эмас. Бу ташналикни баттар кучайтирар экан. Яна токсикозни енгишда тузли писталар ҳамда нордон конфет, қурт, анор, довучча, айрон, гўжа, ёғсиз қатиқ ичиш ёрдам беради.

Яна ўқинг:  Болалар ҳамшираси: у қандай бўлиши керак?

 

Томир тортишиши

Ҳомила катталашиши билан у бўлажак она вужудидан кальций моддасини сўриб олади. Организмда бу модданинг камайиши эса тунда оёқ томирларининг тортишишига ҳамда камқонликка сабаб бўлади. Бундай ҳолатда эса ҳомиладор аёлларга кальцийга бой маҳсулотлардан кўпроқ тановул қилиши тавсия этилади.

 

Физиологик сабаб

Ҳомила ўсиши жараёнида аёл ўзини оғирлашганини ҳис этади. Табиийки, бу жараён унинг ухлашига ҳам таъсир қилади. Бир ёнбошда аёл кўп вақт ухлай олмайди. Шу сабабли кечқурунлари у кўп бора гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга ағдарилишига тўғри келади. Айниқса, унинг туғруқ яқин бўлган сўнгги ойларда ағдарилиб олиши жуда қийин кечади. Оёқларида юз берадиган оғриқ ҳам ҳомиладор аёлнинг мириқиб ухлашига тўсқинлик қилади.

Бир неча салбий омиллар туфайли ҳамда ҳомила катталашгани салбий аёл уйқусида чалқанча ҳамда осмонга қараган ҳолатда ёта олмайди. Шунинг учун у ёнбош ҳолатда ётиб ухлашга кўникиши лозим бўлади. Агар ҳомиладор аёл ўнг ёнбош билан кўпроқ ётса жигарнинг қисилишига олиб келиши мумкин. Чап ёнбош билан ётиш эса онага ҳам ҳомилага ҳам жиддий таъсир кўрсатмайди.

Бундай ҳолатда аёл мароқли дам олиши учун юмшоқ ёстиқлардан фойдаланиши мумкин. Ёстиқларни бел соҳасига ва икки оёқ орасига қўйиб ухласа бўлажак она анча тинч ухлайди. Шунингдек, махсус ҳомиладор аёллар учун тайёрланган ёстиқ ҳамда матраслардан ҳам фойдаланиш зарур.

 

Тавсиялар:

Ҳомиладорликда уйқусизликни кимёвий дори-дармонлар билан даволаб бўлмайди. Чунки турли дори воситалари ҳомилага салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли бунга самарали табиий воситалар орқали ечим топиш мақсадга мувофиқдир. Уйқу олдидан шифобахш гиёҳли чойлар ичиш ҳам аёлга хотиржамлик бахш этади. Кечқурун кучли овқатлар емаган маъқул. Яхшиси қувватбахш, енгил хазм бўладиган маҳсулотларни истеъмол қилиш зарур. Яъни, балиқ, творог, оқсилга бой маҳсулотлар ҳамда сархил мевалардан кўпроқ истеъмол қилиш тунда уйқунинг сокин бўлишига замин яратади. Шунингдек, қовун ҳам ҳомиладор аёлга куч бериши билан бирга унга хотиржамлик бахш этади. Бундан ташқари ҳомиладор аёл кўнгилни хира қиладиган ҳолатлардан узоқ юргани маъқул. Уйқу олдидан аёл жисмоний ҳаракатлардан ўзини тийиши зарур. Шунингдек, кечки пайт унга таъсирчан фильм ҳамда телекўрсатувларни кўриш ҳам тавсия этилмайди. Ундан кўра кечки сайр ва уйқудан олдин асалли илиқ сут ичиш бўлажак онанинг тиниқиб ухлашига ижобий таъсир кўрсатади.

Яна ўқинг:  “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар кинофестивалида иштирок этади

Ҳомиладорлик даврида қандай ҳолат сизни безовта қилмасин, бунинг барчаси ширин дамлар эканлигини ёддан чиқарманг. Сиз аввало ўзингиз ҳамда туғилажак фарзандингиз учун жавобгар бўлган шахссиз. Шунинг учун бу борада саломатлигингизга эътибор бериш фақатгина ўзингизнинг қўлингизда.

 

Майна ҲАСАНОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: