Саратоннинг олдини олишда самарали сабоқлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг берган маълумотларига кўра ҳозирги кунда йилига саратон билан касалланиш дунё бўйича 10 миллион кишини ташкил қилар экан. Шундан уларнинг 70 фоизга яқини шу йилнинг ўзида даво муолажаларига қарамасдан ҳаётдан кўз юмар экан.

Бу кўрсаткич 2020 йилга келиб 2 марта, 2030 йилга келиб 3 марта ошиши кутилмокда. Ҳозирги кунда дунё бўйича энг кўп касалланиш 1-чи ўринда ўпка саратонига тўғри келади. Яъни, йилига 1,5 млн. киши, шундан шу йилнинг ўзида даволаш муолажаларига қарамасдан 1,3 миллион бемор вафот қилади. Иккинчи ўринда сут бези саратони туради, яъни йилига 1,15 миллион аёл касалланса шундан 600 минг бемор бир йил ичида вафот қилади. Учинчи ўринда бачадон бўйни ва кейинги ўринларда йўғон ичак, меъда, жигар, простата бези хавфли ўсма касалликлари туради.

Ўзбекистонда шу яқин йилларда саратон (хавфли ўсма) билан касалланиш ҳар 100000 аҳоли сонига нисбатан 66.1, Хоразм вилоятида касалланиш 62.1, ўлим кўрсатгичи 38.0 ни ташкил қилган. 2016 йил давомида вилоятимизда 1182 нафар бемор хавфли ўсма касаллиги билан бирламчи ҳисобга олиниб, ҳозирги кунда ҳаммаси бўлиб 5847 нафар бемор ҳисобда турибди. Олдинги ўринда аёллар сут бези саратони, улар 900 нафарни, бачадон бўйни саратони 671 нафарни, тухумдонлар хавфли ўсмалари 356, нафар меъда саратони 128 нафар беморни ташкил қилади. Рақамлардан кўриниб турибдики, саратон касаллиги ҳозирги кунда ҳам замонавий текшириш ва даволаш усуллари жорий қилинишига қарамасдан долзарблигича қолмокда.

Касалликни келиб чиқиш сабаблари экзоген (ташқи) омиллар яъни, кимёвий, физик, биологик ва эндоген (ички омиллар), яъни, организмда канцероген (рак келтириб чиқарувчи) моддаларнинг синтезланиши, гормонал мувозанатнинг бузилишига боғлиқ.

Олимларнинг таъкидлашича, яна бошқа омиллар ҳам борки, буларга нотўғри овқатланиш, бунинг натижасида 35 фоиз, тамаки чекиш натижасида 30 фоиз, атроф-муҳитнинг ифлосланиши 3 фоиз, вирусларнинг организмга тушишидан 10 фоиз, наслдан-наслга ўтиш борасида 5-10 фоиз, қуёшдан келадиган ультрабинафша нурларнинг салбий таъсири натижасида 5 фоиз, ионли нурланиш натижасида 3 фоиз ва алькоголли ичимликлар истеъмол қилиш натижасида 2 фоиз онкологик касалликлар келиб чиқиши исботланган.

2017–2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устивор йўналишлари бўйича “Ҳаракатлар стратегиясида” белгилаб берилганидек, Президентимизнинг 2017 йил апрель ойидаги (“Ўзбекистон Республикасида онкологик хизматни янада яхшилаш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”)ги қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруқларига биноан Республика онкология ва радиология илмий маркази – Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, вилоятлар онкология диспансерлари эса марказ филиалларига айлантирилди. Ушбу филиалларга марказнинг етакчи илмий ходимлари раҳбарлик лавозимларига тайинланди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм филиалига тиббиёт фанлари доктори, профессор Дониёр Пўлатов директор қилиб юборилди. Мана 5 ойдирки филиалимизда онкологик хасталиклар билан оғриган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тубдан ўзгарди. Хаста кишиларнинг даво муолажаларидан сўнг тузалиб кетишлари учун барча тиббиёт ходимлари янада жонбозлик билан меҳнат қилмоқдалар. Уларни тиббий текшириш ва даволаш ишлари, шифохонага ётқизиш, операция қилиш, ўз вақтида махсус даво (кимётерапия) муолажаларини олишлари, яхши шароитларда амалга оширилмокда. Ушбу марказ мутахассислари туманларга чиқиб онколог врачлар иш фаолияти билан яқиндан танишиб, уларга зарур тавсиялар беришмоқда.

Яна ўқинг:  Чанқовбосди: нимани, қанча, қандай ичган маъқул?

Онкология соҳасида долзарб муаммо – бу кенг камровли профилактик ишлар ва касалликни эрта босқичларида аниқлашдир. Бунинг учун жойларда шифокорларни онкологик ҳушёрлигини ошириш, тиббиёт ходимлари аҳоли ўртасида ўз вақтида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилиши, скрининг текширувларини барча касалликлар бўйича олиб бориш ва айниқса, фуқароларнинг тиббий маданиятини ошириши лозим. Айниқса, улар телевидениеда, матбуотда чиқишлар қилишлари зарур. Соғлом одам йилига ҳеч бўлмаганда бир марта тиббий текширувлардан ўтиши шарт. Яъни, касал бўлмасдан олдин ҳар бир инсон шифокорларга мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ. Филиалимизда сут бези саратони касаллигининг олдини олиш мақсадида аёлларга муҳим маълумотлар ва саратон касаллигининг 21 та асосий белгиси, унинг профилактикаси ҳақида эслатма варақалари чиқарилди ва шаҳар, туман тиббиёт бирлашмаларига, ҚВП ларга тарқатилди. Мутахассисларимиз саратон касаллигини текшириш, уни даволаш ва олдини олиш борасида, дори-дармонлар, янги тиббий асбоб-ускуналар тўғрисида видеороликларни фуқароларга тақдим этмоқда.

Ҳозирги кунда филиалимизда 7 та бўлим фаолият кўрсатиб, лаборатор текширувлар асосида, тиббий ускуналар (компьютер томографияси, рентген, маммография, ультратовуш текширувлари)га асосланиб беморга тўғри ташхис қўйилиб, аҳолига ихтисослаштирилган онкологик хизмат кўрсатиб келинмокда. Хасталарга замонавий даво муолажалари ўтказилмоқда.

 

Матнияз МАТНИЯЗОВ,

тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор

Хоразм вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: