Рўзадорлар учун тавсия

Мусулмон халқлари орасида рамазон ойи ўзининг фараҳбахш кунлари билан алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, саҳарлик ва ифторлик дастурхони ноз-неъматларини танлашда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар талайгина. Шу хусусда умумий амалиёт шифокори Лазизхон Тиллаевдан рўзадорлар учун бир қанча тавсиялар олдик.

– Саҳарликка енгил ҳазм бўладиган, суюқ таомларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Бундан ташқари таркибида кўп миқдорда суюқлик сақловчи мевалар истеъмол қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Егулик таркибида кўп миқдорда оқсил, углевод, глюкоза бўлиши организмдаги моддалар алмашинувига ижобий таъсир ўтказади. Бу микроэлементлар инсоннинг кун давомида ақлий ва жисмоний фаоллигини таъминлаб беради.

Ифторликда ҳам енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотларни оз-оздан истеъмол қилиш инсон организми учун фойдали саналади. Оддий суюқлик ўрнига мева шарбатлари, полиз экинларидан тайёрланган салатларни тановул қилиш айни муддао.

 Ифторлик ва саҳарликка оғир ҳазм бўлувчи, яъни ун ва ун маҳсулотларидан тайёрланган озиқ-овқатларни ейиш тавсия этилмайди. Фастфуд маҳсулотлари ҳам бундан мустасно эмас. Чунки улар рўза тутган инсонда ошқозон-ичак касалликларига замин яратиб беради.

Чанқовбосди шарбатлар ҳамда сут-қатиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш жуда фойдали. Сархил мевалардан қилинган шарбат нафақат чанқовбосди ичимлик, балки организм учун фойдали витаминларга бой суюқлик саналади. Сут-қатиқ маҳсулотлари таркибидаги кальций моддаси организмдаги суякларнинг мўртлашишининг олдини олиб, уларни мустаҳкамлайди.

Қаҳва ичишни хуш кўрувчи рўзадорларга маслаҳат: саҳарликда оғиз ёпишдан олдин озроқ қаҳва ичиш мумкин. Қон босими юқори бўлган инсонлар ўз ҳолатларидан келиб чиқиб, қаҳва истеъмол қилсалар мақсадга мувофиқ бўлади.

Саҳарлик ва ифторликдан сўнг озроқ сайр қилиш айни муддао саналади. Саҳарликдан сўнг озроқ очиқ ҳавода бўлиш ҳазм жараёнига ижобий таъсир кўрсатади. Овқатдан сўнг дарров ётиб ухлаш, ўт пуфагининг ишлаш жараёнига салбий таъсир кўрсатиб, натижаси эса ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА ёзиб олди

Яна ўқинг:  Халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг яна бир ёрқин намойиши

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: